МУКОФОТДАН ЎТ ЧИҚДИ

Муаллиф ҳақида:
Мунаввар Пардаев — 1951 йили Сирдарё туманида туғилган. Сирдарё давлат педагогика институти (ҳозирги ГДУ)ни тугатган. “Янги ҳаёт”, “Сирдарё ҳақиқати”, “Ўзбекистон овози” газеталарида ишлаган. Олтита публицистик ва “Тоза баҳор” шеърий тўпламлари муаллифи. Ҳозирги пайтда Гулистон давлат университетининг “Университет овози” газетаси бош муҳаррири.

Руслар “ўз кўйлагинг баданингга яқин” деб, бежиз айтишмаган-да ўзи. Биз, журналистлар учун матбуот куни ҳам энг яхши байрамлардан бири ҳисобланади. Чунки ҳар йили 27 июнда шефимиз чиройли дастурхон ёзиб, деярли ҳаммамизга арзирли мукофотлар тарқатади. Бултур кўпчилик ходимлар янги чиққан замонавий планшетлар билан тақдирланган эди. “Барака топинг, байрам совғаси касб-коримизга жуда асқатадиган бўлди” деб, бош муҳарриримизга ҳамду санолар айтдик.
Тантана якунлангач, анъана бўйича “бир пиёла чойга” кетар эканмиз, Дока хола (унинг асл исми Савригул, кўп вақтдан бери мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаётгани, газетадан хато ўтказмаслиги учун ҳамма ходимлар, ҳатто шеф ҳам уни “Дока хола” дерди) аста шипшиди:
— Менга мукофот тегмаганига хафа эмасман, ўзим бор-йўғи бир ҳарф тузатувчи бўлсам. Лекин газетамизнинг биринчи кунидан бери қалам тебратиб келаётган Чўбир Самановга ҳеч нарса тегмагани ёмон бўлди-да…
— Дамини осин! — деб унинг гапини бўлди таҳририят котибаси, “бошлиқлар келади-кетади, менинг ўрним мустаҳкам” деб фахрланиб юрадиган, керак вақтда бош муҳаррир учун ҳам бош қотирувчи Мас­тонахон. — Саманов ўн йилдан бери отти калласидай пенсия олади, ойлиги, гонарари етти пуштига йиғса, етадиган. Мукофотти бошига урадими?
Мастонахон айтдими, бошлиқ айтди деб ҳисоб­лайверинг. Шунинг учун байрамдан қуппа-қуруқ кетаётган, мукофот машмашасини бошлай-бошлай деб навбатда турганларнинг дами ичига тушиб кетди. Аммо шефнинг “бир пиёла чой”ига қойил қолмаслик мумкин эмасди. Дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Вилоятнинг энг хушовоз хонандалари шўх, “дода” қўшиқлар билан даврани роса қизитди. Мукофот олганлар, айниқса, Мастонахон ўртадан чиқмай гоҳ чирпирак бўлиб, гоҳ товусдай хиром этиб, ўз номига яраша мастона хиром этди.
Энди бу йил байрам қандай ўтаркан, билмадик. Шефни нафақага кузатдик, янги бош муҳаррир Тулкун Игамович анча ёш, жамоа билан чиқиша олармикан? Аслида у Тўлқин Эгамович бўлиши керак, лекин паспортим шундай, мени Тулкун Игамович деб чақиринглар деб, ўзи шарт қўйган. Мастонахон унга расман “Тулкун Игамович” деб мурожаат қилса ҳам ортидан “Тулкунчик” дейди. Бир куни у навбатдаги “летучка” (ҳафталик ижодий фаолият муҳокамаси)дан сўнг деди:
—Касб байрамимиз яқинлашяпти. Уни муносиб нишонлаш учун мен бош, касаба уюшмаси раиси ёнбош битта комиссия тузсак. Бу йил обуна яхши бўлган, пулимиз кўп. Майдалашиб ўтирмай фаол ходимларга биттадан энг янги чиққан телевизор берсак, нима дейсиз?
“Э, бу бошлиқ эътибор масаласида улоқни олиб кетадиганга ўхшайди-ку!” — деган гап ўтди хаёлимиздан. Бундай эътибордан таъсирланган жамоа бараварига қарсак чалиб юборди.
— Раҳмат сизга, Тулкун Игамович.
— Барака топинг, шеф.
Залдан ташланган бу луқмаларда самимият ҳам, хушомад оҳанглари ҳам йўқ эмасди.
— Лекин битта шарти билан, — деб давом этди бош муҳаррир. — Мукофот ҳақиқий жонкуяр, ижодкор ҳамкасбларимизга тегиши керак. Бунинг учун байрамни ўтказиш комиссияси ҳар бир ходимнинг самарадорлик рейтингини ишлаб чиқиб, юз баллик тизим асосида баҳолайди. Шу асосда энг муносиб­лар тақдирланади. Менимча, шундай қилсак, адолатдан бўлади, тўғрими?
Бу таклифга биров тушуниб, биров тушунмаган бўлса ҳам ҳамма бош қимирлатиб маъқуллади.
Орзиқиб кутилган байрам шанба — дам олиш кунига тўғри келса ҳам, жамоа тугал, ўзгача, кўтаринки кайфият билан ишга келди. Ҳатто тепакал Чўбир Саманов ҳам кал бошининг ўнг тарафида қўйқиб турадиган сичқоннинг думидай сочини чап тарафга силлиқ тараб, оқ кўйлагига ярашиқли кўм-кўк галстук тақиб олган.
Тулкун Игамович сўзамолгина йигит экан, оммавий ахборот воситалари халқнинг дилидаги гап­ларни топиб ёритиши, энди “урра-урра”лар вақти ўтгани, камчилик кушандаси, янгилик жарчиси бўлишимиз лозимлиги ҳақида бир соатча куйиб-пишиб гапирди. Табрик тугаши билан мукофот кутганлар “хайрият!” деб енгил тин олди ва бор кучини қарсакка берди. Мукофотга берилган телевизорлар ҳақиқатан ҳам жуда катта, кенг экранли экан. Ҳамманинг ҳаваси келди.
— Энди ҳеч ким кетмасин, ҳар йилгидай бир пиёла чойимиз бор, — деди касаба уюшмаси раиси мажлис сўнгида томоғини маънодор қириб. Раиснинг бу томоқ қиришида “бир пиёла чой”нинг луғавий маъноси мужассам эканлигини ҳамма тушунди.
— Чойингизни ўзингиз ичинг!
Ҳамма “дувв” этиб, овоз чиққан тарафга ўгирилди. Бу кескин овознинг эгаси Мастонахон эди. У бош муҳаррир гапираётганда дераза ёнида қўл қовуштириб тавозе билан ўтирган эди. Охирги ходим қарсаклар остида мукофотни олиши билан ғазабдан ранги оқариб, лаблари гезариб, дир-дир титрай бош­лади. — Ўн беш йил шу даргоҳнинг қора меҳнатини бажариб юрсаг-у мукофотга келганда пуф-сассиққа айландикми, а?
Мастонахон бутун қаҳр-ғазабини профком раи­сига қараб сочар, аслида заҳарли ниш шефга қаратилганлигини ҳамма, ҳатто муҳаррирнинг ўзи ҳам сезиб турарди.
— Мен шахсан рози эмасман, билиб қўйинг, рози эмасман! Менинг меҳнатимни ерга урадиган бундай байрам йўқ энди мен учун!!
— Опа, бекорга биздан хафа бўлаяпсиз. Мукофотлар худди келишганимиздек, энг муносиб ходимларга, ҳақиқий жон койитиб ишлаганларга, олган балларига қараб, адолатли тақсимланди. Хоҳласангиз комиссия хулосаси билан танишишингиз мумкин.
— Адолатли?! Чўбир Самановга мукофот нимага керак? Бир оёғи тўрда, бир оёғи… пенсияда бўлса. Ҳаммаси таниш-билишчилик бўлган. Мана кўрасиз, энди мен борадиган жойимга бориб, айтадиган гапимни айтаман.
Мастонахон кутилмаганда ўкириб йиғлаганча мажлисни тарк этди. Унинг ортидан қабулхона эшигининг қарсиллаб ёпилгани эшитилди. Кутилмаганда содир бўлган бу воқеадан ҳамма, ҳатто Тулкун Игамович ҳам бир неча сония карахт ҳолатида қолишди. Бош муҳаррир ўрнидан туриб, ихтиёрсиз равишда бармоқлари билан столни доира қилиб черта бошлади, кейин ўзи билан ўзи гаплашаётгандай тўнғиллади:
— Мукофотдан ўт чиқди…
— Бир нарса дедингизми, шеф? — сўради ёнида ўтирган профком раиси.
— Ҳа-а… Йўқ. Бугунги тадбир ҳақидаги мақоланинг сарлавҳасини ўйлаб турувдим, ўзи кеп қолди.

Мунаввар ПАРДАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − nine =