SMSдан дўст топиш мумкинми?

Кундалик турмушимизда телефоннинг ҳам ўрни тобора кучаймоқда. Айниқса, аёллар ва болалар учун мўлжалланган дастурлар тобора оммалашмоқда. Бу дастурлар ўғил-қизларга яхшигина ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. Сабаби, билимга чанқоқ, ёшлар керакли адабиётларни интернетдан юклаб бемалол ўқимоқдалар. Бу қулай албатта. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор.

 

Ундаги баъзи бир дастурлар, ўйинлар ёшларга психологик таъсир ўтказиб уларни одамови, баджаҳл қилиб қўймоқда. Бундан ташқари, айни пайтда телефонларга келаётган “5252га SMS юборинг ва дўстлар орттиринг”, “Ўз жуфтингизни қидиряпсизми? …га қўнғироқ қилинг” мазмундаги SMSлар ҳам ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Сабаби, бир хабар бошқа хабар суҳбатга уланиб кетиши мумкин.

Бир тасаввур қилиб кўринг. Кўрмаган, билмаган инсонга қандай қилиб кўнгил қўйиш, дўст тутиниш мумкин? Ахир, чатдан топилган “дўстлар”нинг аксарияти сохта ва қалбаки-ку! Чин дўст оғир кунда ҳам, яхши кунда ҳам ёнингда туриши лозим.

Аянчлиси, чатларда ёшни ҳам ўзгартириб қўйса бўлади. Айрим катта инсонлар ёшини ўзгартириб, масалан, 40 ёш бўлса 30 ёш, 25 ёш бўлса 50 ёш қилиб кўрсатади. Шу тахлитда ойлаб, йиллаб гаплашиб юришади. Суҳбатдошини алдайди. Қоп-қоп ваъдалар бериб, учрашамиз, деган-да, алоқани узиб қўяди. Ана энди ўзингиз айтинг, бундан кимга нима фойда? Бундан ташқари, инсон учун берилган энг бебаҳо неъмат ўз вақтларини беҳудага сарфлаган бўладилар.

Юқоридаги каби ҳолатлар, айниқса, вояга етмаганлар, психологик мукаммал шаклланмаган ёшлар орасида кенг учрамоқда. Шулардан келиб чиқиб, телефон компанияларига бир таклиф : улар “Танишув чатларига обуна бўлинг” деган SMSларни ёшларга, айниқса, мактаб ўқувчиларига юборишмасин.

Яна бир ҳолат, фарзандларининг келжагини ўйлаган   ота-оналар болаларига кўпроқ турли хил бадиий ва эртак китоблар олиб берсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ўсмирларни спорт мажмуаларидаги тўгаракларга олиб боришсин. Шунда юртимиз ёшлари ҳам маънан, ҳам жисмонан бақувват бўлиб ўсади.

Энг асосий масалалардан бири, оилада тўғри маънавий муҳит шаклланган бўлиши керак. Ҳар куни ота-­оналар фарзандларини “эркин назорат” қилишлари лозим. Яъни, уни қилма, буни қилма деб қатъий тергаб эмас, балки “Буни қилсанг ёмон бўлади” деб мисоллар билан тушунтиришлари зарур. Шунда ёшларга ҳар қандай ёвуз кучлар, “Танишайлик” қабилидаги SMSлар салбий таъсир кўрсатмайди. Зеро, юртимиз келажаги ёшлар қўлида. Шундай экан, уларни асраб, барча имкониятлар эшигини кенг очиб беришимиз керак.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − ten =