Нажот йўли

ёхуд “Хайр мактаб”, “Хайр китоб” дегани эмас!

Эсингизда бор, жорий йилнинг 19 январь куни Президентимиз раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари борасидаги видеоселектор йиғилишида ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этаётганлиги, жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қў­йилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаётгани жиддий таҳлил қилиниб, бир қанча жавобини кутаётган долзарб масалалар кун тартибига қўйилган, хусусан, маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

Бу шуни кўрсатдики, маънавият-маърифат борасида қилиниши керак бўлган ишлар талайгина.

Фарзандларимиз ёзги таътилга чиқишни — ўқиш, илм ўрганишни тўхтатиб туриш деб тушунишади. Тўғри, ёзги таътил дам олиш, ҳордиқ чиқариш учун. Аммо бунда фақатгина вақтичоғлик билан машғул бўлмасдан, ақлу шуурни янада тўйинтириш, эзгу ғоя ва ҳур фикрларга тўлдириш учун ҳам жуда қулай пайт.

Фараз қилинг, ҳазрат Навоий, Бобур ёки бошқа мумтоз сўз соҳиби ҳозир ҳаёт бўлганида, унинг ҳузурига бориб, маънавий сабоқ олмоқчи бўлсангиз, йиллар давомида ҳам уларнинг бутун билимларидан баҳраманд бўлолмаган бўлардингиз. Аммо ҳозир бу илмлар уларнинг китобларида тахт турибди-ку. Бир неча соат уларнинг ҳузурларида бўлиб, бутун вужудингиз қулоққа айланиб, оғизларидан чиққан ҳар қайси сўзни қалбингизга жо айлаб олишга муваффақ бўлган тақдирингизда ҳам, уларнинг барча билимидан баҳраманд бўлолмайсиз. Шунинг учун ҳам, китоб — билим йўлидаги энг яхши восита.

Юқорида зикр этилган видеоселектор йиғилишида китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз: “Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир”, — дея урғу берди. Нега бу масала давлат миқёсида гапириляпти? Нега буни шахсан давлат раҳбари гапиряпти? Чунки бу масала шу қадар муҳим!

Шу ўринда, бир ҳаётий мисол келтирсак: сабза урган мўйлаби ўзига ярашиб турган йигитча мактаб остонасида турган масъулларга шундай хабар етказди: “Фалон синфдагилар орасида вирус чиқибди. Шунинг учун бугунги дарс  қолдирилибди”. Қисқа ва аниқ хабар. Хайриятки, бу совуқ хабар ўз тасдиғини топмади. Йигитча эса орамизда — шу жамият вакили.

Унинг ўрнида кўп китоб ўқиган, демакки, бадиий асарлар қаҳрамонлари ҳаётида кечган мардлик-мунофиқлик, ботирлик-қўрқоқлик, ҳалимлик-сурбетлик сингари хом сут эмган одам боласига хос аксар ижобий-салбий хислатлардан етарлича бохабар бўлган илми толиб бўлса, бу вазиятда ўзини қандай идора қиларди? Айб қилиб қўйганда ҳам “Узр, хато қилдим!” — деган бўларди. Таассуфки, йўқ жойдан муаммо пайдо қилиб, бир гуруҳ зиёлиларни саросимага солиб қўйган олифта бундай қилмади: “Йўқ, мен ундай демадим!” — деб туриб олди. Ўзи бўйнигача тушган сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Камина бунга ўша йигитчанинг китоб ўқимагани сабаб, деб ўйлайман.

Болаларнинг ўз бадиий қаҳрамони бўлиши керак. Шахсий ҳаётимдан мисол келтирсам. Камина Деҳқонобод туманидаги мактаблардан бирида таҳсил олганман. Мактабимиз кутубхонасида бадиий асарлар — турли мавзу ва жанр­лардаги китоблар кўп эди. Уларни аввалига саралаб, кейинроқ ўқимаганларимни ҳам бир сира мутолаа қилиб чиққанимда ҳам китоблар камлик қилаверган. Бахтимга ўша пайтларда  хўжалик марказида ҳам жуда катта кутубхона бўларди. Ёз бўйи велосипедимнинг юкхонасини тўлдириб китоб олиб кетиб, ҳафта-ўн кунда уларни қайтариб олиб келиб топшириб, яна ўша ҳажмда бошқа китобларни олиб, уйга равона бўлардим. Айниқса, Э.Хемингуэй — энг яқин ҳамроҳимга айланган эди, лекин адабий қаҳрамоним Шерлок Холмс эди. У ҳақдаги китобни қайта-қайта ўқирдим. Унинг топқирлиги, уддабуронлиги, ҳақиқатпарварлиги мен ҳаётда излаган ва ибрат олса арзийдиган воқеликлар сифатида ҳар гал ҳаяжонга соларди. Йиллар ўтиб, улғайдим — касб танлашга келганда: ҳақиқатчи бўламан, деб журналистика факультети эшигини топиб бордим, ўқидим. Ва радиода ишлай бошладим: “Очиқчасига гаплашайлик!” номли танқидий-таҳлилий эшиттириш тайёрлар эдим. Ҳафтасига икки марта эфирда янграган бу дилхоҳ суҳбатлар тилга тушди, эътироф этилди. Бу ютуқларнинг барида Шерлок Холмснинг ҳиссаси катта!

Қиссадан ҳисса шуки, ўз адабий қаҳрамони бўлган бола чигал муносабатларга тўла ҳаёт ўрмонида кутилмаган ҳолатларда панд еб қолмайди, жилла қурса, китоб ўқимаган тенгдошларига қараганда жуда кам талафот кўриши мумкин. Мана, адабий қаҳрамон бизга нима учун керак!

Бугун китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириш ҳақида турли давраларда, адабий-маърифий йиғинларда бот-бот айтилаяпти. Келинг, китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириш борасида ўз ибратомуз шахсий ҳаёти, ўлмас асарлари орқали дунёга машҳур бўлган жаҳон адибларининг сўзларига қулоқ тутайлик:

Француз сиёсий арбоби Эдуард Рене: “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади”, деган экан.

“Барча яхши китобларнинг, айниқса, битта ўхшашлиги борки, улар, шубҳасиз, китобхонларда кишилар учун нима адолатли, гўзал ва фойдали экани ҳақида бош қотириш истагини уйғотади”, дея таъкидлаган рус адабий танқидчиси Н.Чернишевский.

Мухтасар қилиб айтганда, нажот йўли китоблар орқали ўтади. “Хайр, мактаб”, “Хайр, китоб”, дегани эмас. Чунки китоб билан ҳеч қачон хайрлашиб бўлмайди. Улар доимий ҳамроҳимиз бўлсин! Чунки ҳеч қачон хиёнат қилмайдиган содиқ дўст бу — китоб!

Сафар ОЛЛОЁР,

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 6 =