“Неки истарcен, ўзингдан истагил”
Италия нашри ШОМУРОДОВни “ЎЗБЕК МЕССИСИ” деб ёзди
Футболга унчалик ҳам қизиқмайдиганлар учун эслатма: ҳамюртимиз Элдор Шомуродов айни даврда “Беназир” лақабли Жозе Моуриньо қўл остида “Рома” клубида тўп тепмоқда. Осиё қитъасидан шу кунга қадар Европа топ клубларида япониялик, кореялик футбол юлдузлари довруқ таратган эдилар. Энди эса Ўзбекистон вакилининг даври келди. Худо хоҳласа, у жаҳонни забт айлаган биринчи осиёлик футболчи бўлади. “Олтин тўп”га эга чиқиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Далил шуки, унча-мунчани тан олмайдиган италиялик журналистлар Элдорни ҳозирданоқ Месси издоши ўрнида кўрмоқдалар.
Гапнинг очиғини айтсам, ҳамюртимиз — Сурхон йигити Элдор Шомуродов “Женоа” клубида ўз фаолиятини бошламасдан аввал камина Италия “А” серияси турнирига умуман қизиқмасдим. Кўҳна қитъанинг учта фаворити “Манчестр Юнайтед”, “Реал” ва “Барселона” клублари ўйинларини кузатиб борардим, холос.
Элдор Италияда тўп суришга киришганидан сўнг “Женоа”нинг ҳар битта ўйинини телевидение орқали кузатадиган, мабодо телевидениемиз намойиш қилмай қўйса, интернет сари юзланадиган бўлдим. Шу баробарида футбол газетаси муштарийсига ҳам айландим.
Пандемия туфайли томошабин киритилмаган стадионлар оша “Элдор, Элдор!” деган овозлар жарангларди. Италиялик мураббийлар ўзбек йигити исмини ҳеч бузмасдан талаффуз қилардилар. Ёдимда, бир ўйиндан сўнг ҳамюртимиз итальян журналисти илтимосига биноан ўзбек тилида гапирди. Камтарона алпозда, кулимсираб сўйлади. Эндиликда у итальян тилида ҳам интервью бермоқда.
Кўпчиликка маълумки, Роберто Манчини етакчилигидаги Италия терма жамоаси яқиндагина Европа чемпиони бўлди. Гап бунда эмас.
Гап шундаки, италияликлар чемпионатда тартибли ва иродали ўйин кўрсатиб, ишқибозларни қойил қолдирдилар.
Бинобарин, Италия чемпионати жаҳон миқёсидаги энг кучли чемпионат эканлиги юзлаб мутахассислар томонидан тан олинди. Қувонарли жиҳат шундаки, Европа мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Италия спорти мутахассислари ўзбекистонлик футболчилар билан самимий муносабатда бўлмоқдалар. Хусусан, 2000-йиллар ўрталарида тошкентлик Илёс Зейтуллаев итальянларнинг “Верона”, “Женоа” каби клубларида ўйнаган эди. Ҳозир Илёс Италияда истиқомат қилмоқда.
Элдор Шомуродов “Женоа” клуби сафида муваффақиятларга эриша бошлаганидан сўнг собиқ иттифоқ ҳудудида яшаётган кўплаб ишқибозлар Ўзбекистонда Жарқўрғон деган туман борлигини билдилар. Россиялик блогер, YouTube тармоғидаги “КраСава” канали бошловчиси Евгений Савин юртимиз, аниқроғи, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида бўлиб, Ўзбекистон миллий жамоаси ва “Женоа” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаб қайтганди. У яқинда етакчи футболчимиз фаолиятини қамраб олган видеомулоқотни эфирга қўйди. Элдор кўрсатув давомида муаллифнинг қизиқарли саволларига жавоб берган. Мавзулар турли-туман: Жозе Моуриньо ва “Тоттенхэм”нинг эътиборига тушгани, “Ювентус” томонидан бўлаётган қизиқиш, “Штутгарт” таклифи, вақтида бозорда ҳам ишлагани ва албатта, Ўзбекистон миллий жамоасининг қачон мундиалга чиқиши…” деб ёзади “Interfutbol” (2021 йил, 13 июль, 55-сон).
Тўғри, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалга чиқиш имконияти тезда якун топгани миллионлаб мухлислар ҳафсаласини пир қилди, аммо Элдорнинг жаҳон миқёсида танилаётгани ўксик кўнгилларга тасалли бахш айлади.
Россиялик блогернинг “Қизиқ, Элдор Шомуродов таътилни нега Дубай ёки шунга ўхшаш шаҳарда эмас, айнан Жарқўрғонда ўтказмоқда?” деган саволига Элдор қуйидагича жавоб берибди: “Ҳамиша хориждаман, ота-онамни кам кўраман. Шунинг учун бу сафар уйга келдим. Қолаверса, шу баҳона ўғлим туғилгани шарафига ош бердик. Бизда шундай одат бор”. Блогер: “ Машъал” ўз майдонида “Бунёдкор” билан ўйнаганида, Ривалдо билан қўл ушлашиб майдонга тушган экансан…” деб эслатганида футболчимиз: “Аслида ҳар доим майдонга амаким билан (Элдорнинг амакиси “Машъал” клуби ўйинчиси бўлган. Б.Р.) тушардим. Ўшанда ҳаммаси ўз-ўзидан рўй берди — жамоамиз бошқа тарафга ўтди, кейин Ривалдо айнан мен турган жойга келиб қолди” дейди.
Ҳар қандай тасодиф замирида қандайдир қонуният яширин. Эҳтимол, Рональдо, Девид Бекхем, Зайниддин Зиданлар билан бир даврда копток тепиб, жаҳон футболи юлдузи мақомига эришган Ривалдонинг Қашқадарёда ёш футболчи Элдор Шомуродов билан қўл ушлашгани шунчаки тасодиф эмасдир? Лекин Ривалдо қўлидан ким ушлаганини билганмикан?
Блогернинг: “Элдор талқинидаги “А” сериянинг 3 нафар футболчиси кимлар?” деган саволига ҳамюртимиз жавобан дейдики: “Фақат ҳужумчиларни танлайман: Криштиану Роналду, Ромелу Лукаку ва Златан Ибрагимович”. Биз ҳам Элдорнинг танловига қўшиламиз. Мисол учун Криштиану Роналду ҳозирги давр жаҳон футболининг афсонаси. У билан фақат Лионел Мессини таққосласа бўлади. Яшил майдонда Элдор Роналду оёқлари орасидан коптокни олиб қўйганида телешарҳловчимиз қанчалик ҳайқирганини эслайлик!
Қандай ажойиб-а, қандай ажойиб! Биз Криштиану Роналду, Златан Ибрагимович, Лукакулар билан бир қаторда Элдор Шомуродовнинг ҳам ўйинларига баҳо бермоқдамиз. Бу эса ўз навбатида 109 йиллик йўлни босиб ўтган ўзбек футболи йилномасида янги зарварақ очилганини далиллайди.
Ушбу мақолани ёза бошлаганимда таҳририятга спорт журналистларидан бири Муҳаммаджон Аҳмедов келиб қолди. Биз у билан бирга “Женоа” клуби ўйинларини муҳокама қилардик. Ҳаттоки, клуб бош мураббийси Давиде Баллардинига, Элдорга кўпроқ имконият яратиб беринг, уни ўйин бошиданоқ туширинг, деган мазмунда илтимоснома ҳам ёзмоқчи бўлганмиз. Гапнинг индаллосини айтганда, Баллардини клубни қабул қилиб олган вақтларида осиёлик ҳужумчига унчалик эътибор қаратмай, уни захирада қолдирар эди. Шу боис унга кўпгина эътирозлар билдирилган. Кейинчалик эса Баллардини Элдорга порлаш имкониятини яратиб берди. У чунонам порладики! “Балли, Элдор!” “Женоа” Италия “А” серияси 36-турида “Болоня” меҳмони бўлиб, ортга 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Элдор Шомуродов бу учрашувда “Генуя” жамоаси вакиллари орасида энг юқори баллга муносиб кўрилди, гарчи гол урмаган бўлса-да. Муҳими, у тўлиқ вақт ҳаракатланиб, тиним билмаслиги билан яққол ажралиб турди”. “Ҳамюртимиз кейинги тур ўйинида “Аталанта” дарвозасини 2 марта нишонга олди, ваҳоланки, у майдонга иккинчи бўлимда тушди. Айтиш ўринли, Шомуродов Италияда илк марта “дубль”га эришди” деб ёзди газета (“Interfutbol”. 2021 йил, 18 май, 39-сон).
Эътибор қилинг: “Аталанта” жорий мавсумда Италия чемпионати “А” сериясида учинчи ўринни эгаллаган жамоа. Шундай фаворит жамоа дарвозасига иккита гол уриш ҳазилакам натижа эмас-да! Хулоса сифатида айтганда, Элдор Шомуродов ўз клубида Запакоста, Пандев, Бадель, Зайц каби чарм тўп усталаридан ҳам яхшироқ ўйнади. Скамаккага тенглашиб, клубнинг иккинчи тўпурари бўлди. Бинобарин, ҳақли равишда “Рома” клуби мутахассислари назарига тушди. Айтиш жоизки, у ҳамиша соф тарзда, ўзи меҳнат қилиб гол урди. Жарима майдонларидан эмас.
Мазкур нашр ёзади: “… Футбол тараққиёти ҳам айрим истеъдодли шахсларнинг порлашлари билан чамбарчас боғлиқ. ХХ асрнинг 60-йиллари ўзбек футболини Биродар Абдураимовсиз тасаввур қилиш қийин. Халқимиз шоир ва санъаткорларни қанча улуғлаган бўлса, Биродар Абдураимовга ҳам шу қадар меҳр қўйган. Кейинчалик Миржалол Қосимов ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлиб, катта шов-шув кўтарди. Равшан Эрматовнинг ҳакамлик фаолияти ҳам футболимизнинг алоҳида солномасидир. Назаримизда, ўзбек футболи яна бир янги тарих арафасида турибди. Бизнингча, Элдор Шомуродовнинг “Рома” сафига қўшилиши шундай баҳога арзигулик воқеа ҳисобланади. Бу футболимиздаги чинакам тарихий воқеа. Илёс Зейтуллаевнинг бир муддат “Ювентус”да ўйнагани, Элдорнинг “Ростов”дан “Женоа”га кўчиб ўтгани ўз йўлига. Бундай воқеалар футбол ҳаётида тез-тез учраб туради. Лекин “Рома”да, яна Жозе Моуриньо қўл остида ўйнаш — бутунлай бошқа масала” (Муҳаммад Вали. “Рома”, Шома ва суперлиганома”. 2021 йил, 3 август).
Алалхусус, “Женоа” Элдорни “Ростов” клубидан 7,5 миллион еврога харид қилган. “Рома” Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчисини 17 миллион еврога сотиб олди. Ҳамюртимиз 2026 йилнинг 30 июнигача “Рома” сафида тўп тепади. Дарвоқе, унинг йиллик маоши икки миллион евро қилиб белгиланган. “Женоа” клубида Элдор йилига бир миллион уч юз минг евро олар эди.
Бундан буёғи жуда ҳам қизиқ. Чунки, таъкидлаганимиздек, “Женоа” ўртамиёна клуб эди. Моу (бош мураббийни шундай атамоқдалар) етакчилигидаги “Рома” эса янги мавсумда чемпионликни кўзлаётган бўлса ажабмас. Боиси, бундан ўн бир йил муқаддам Моу “Интер”ни ғолиблик шоҳсупасига олиб чиққан эди. Баллардинидан тафовут қилган алпозда у Шомага (Элдорни шундай атамоқдалар) кўпроқ ишонч билдириши мумкин. Кейинчалик Давиде Баллардини Элдор тўғрисида: “У чиройли ва самарали ўйнайди. Машғулотларда ўзига хос хусусиятлари борлигини англадим. Фақат мослашиши керак, ахир бутунлай бошқа футбол оламидан келди, лекин потенциали катта” деди.
Янги мавсумни “Женоа” йирик ҳисобдаги мағлубият билан бошлади. “Интер” клубига 4:0 ҳисобида ютқизди. Бизнингча, бундан ҳеч бир ўзбекистонлик хафа бўлмади. Чунки, генуяликлар юқори натижаларга эришишни ўйламайдилар. Улар трансферлар миқдоридан қувонишади, холос. Расмий маълумотларга қараганда, мазкур клуб мутасаддилари яна бир футболчимиз Иброҳимхалил Йўлдошевга қизиқиш билдирган эканлар.
“… Элдор билан нега шартнома туздик? Жамоага тезлик ва ҳаракатчанлик керак, айниқса ҳужумда. Элдорнинг трансферидан мутлақо қониқдик. Ўша куннинг ўзида бу келишувга ажойиб реакция кузатилди. Кўпчилик буни кутмаганди. Сабаби, трансферлар бозори — шафқатсиз. Бундай яхши харидни амалга ошириш эса ажойиб, албатта. Тўғри, таркибимиз дунёда энг кучлиси эмас. Лекин ҳеч ким кейинги ўйинда ғалаба қозонолмаслигимизни айтолмайди” деди Моу.
Португал “Рома”га тоза нафас олиб келди. Англиялик қимматбаҳо футболчи Тэмми Абрахамнинг сафга қўшилиши баробарида Элдор Шомуродовга рақобатчи пайдо бўлди. Рақобат бор жойда эса ўсиш воқеликка кўчади.
Элдор иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ҳар иккисида биттадан гол уриб, ҳисобига биттадан самарали узатма ёздириб бош мураббий ишончини қозонди. Европа Конференциялар лигаси саралаши “плей – офф” босқичи доирасида “Трабзонспор” (Туркия) га қарши беллашувда ҳамюртимиз 81- дақиқада ғалаба тўпини дарвозага йўллади. Айтиш жоизки, 82-дақиқадагина Моу унинг ўрнига испаниялик Борха Майорални туширди. Бу ҳолат эса “А” серия стартида “Фиорентина”га қарши Шомуродов бошланғич таркибда ўйнайди, қабилидаги хулосаларга сабабчи бўлган эди. Бироқ у захирада қолдирилди, Абрахамга имкон берилди. Бунга жавобан ҳужумчи иккита голда иштирок қилди. “… Шома очиқ ҳудудларда жуда хавфли, Тэмми эса кўпроқ “қотган” ҳолда ҳаракатланади. Агар у чарчаб қолмаганида ҳам, бир неча дақиқадан кейин ўрнига Шомуродовни туширардим, барибир” деди Моу. Алалхусус, биринчи турда яшил майдонда “жавлон урган” Элдор Шомуродовни “зангори экран” ҳамда интернет сайтлари орқали кўриб нафақат ўзбекистонликлар, балки, бутун Осиё халқлари бениҳоя севинган бўлишлари муқаррар.
Ўйинга 69-дақиқада қўшилган ҳамюртимиз учинчи голга ассистент бўлди. Унинг узатмаси чиройли чиққани боис ёдимизга муҳрланди. “А” серияда “Рома” сафидаги дебют ўйин келгусида қозониладиган зафарларнинг дебочаси бўлса ажабмас.
Наздимизда, Элдор Шомуродовга омад кулиб боқаётгандек. Далил шуки, Осиё қитъасидан Италияга борган ҳеч бир футболчи бу қадар тез танилмаган, мақтовлар ила сийланмаган эди. Ҳайратланарли жиҳат: “Gazzetta dello Sport” нашри “Шомуродов — ўзбек Мессиси” сарлавҳали мақола эълон қилди. Италиянинг машҳур нашрида чиққан ушбу мақола овозага айланганини тасаввур этиш мумкин.
Алҳол, жорий йилнинг 24 август куни “Рома” клуби янги футболчилари — Матиас Вина ҳамда Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжуманини ташкил қилди. Анжуманни клуб бош директори Тьяго Пинто олиб борди. У жумладан шундай деди: “Элдор Италияга ўтган мавсум келганди. У яхши тўп сурди ва биз ундаги сифатлар ҳам жамоамиз, ҳам мураббийимизга фойда келтириши мумкинлигини тушундик”. Тадбирда янги ўйинчиларга саволлар берилди. Клубга ўтиши хусусидаги саволга Элдор қуйидагича жавоб қайтарди: “… “Рома”дан қизиқиш бўлаётганини эшитганимда, дарҳол, “ҳа” дедим. Биринчи навбатда, бунга “Рома”нинг Европадаги етакчи клублардан бири эканлиги, қолаверса, Моуриньо сингари буюк мураббий билан бирга ишлашим мумкинлиги сабаб бўлди”.
Мардга майдон керак, дейдилар. Элдорнинг рўпарасида айни даврда “майдонлар кўп”: “А” серия, Италия кубоги ўйинлари, УЕФА Конференциялар лигаси (Куни кеча “Рома” ўз “уйида” кечган жавоб учрашувида “Трабзонспор” клубини 3:0 ҳисобида “ер тишлатди”) … Яна бир ярим йилдан сўнг жабҳа оладиган Осиё чемпионати саралаш босқичи… Дарвоқе, словениялик мутахассис Сречко Катанэц яқиндагина Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи рутбасида фаолиятини бошлади. У ҳам футболчи сифатида Италия орқали жаҳонга танилган: “Сампдория” клубида ўйнаб Италия чемпиони бўлган. Хуллас, бундан буёғи Элдорнинг маҳсулдорлигига боғлиқ. Навоий ҳазратлари ибораси ила айтганда: “Неки истар эрсанг ўзингдан истагил”.
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД.