Янги ўқув йили:  Шарафли масъулият

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий  барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг соф­лигини асраш — давр талаби” мавзусидаги анжуманда “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала — бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким — ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, деган фикрни билдирган эдилар.

Ушбу фикрни кенг кўламда мушоҳада этадиган бўлсак, замирида катта мақсадлар кўзланганини кўришимиз мумкин.

Бугун таълим соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар эса Президентимизнинг мамлакат келажагини ташкил этувчи ёшларнинг, аввало, сифатли таълим олиши учун замин яратаётганликларини кўрсатади.

Хусусан, Бойсун туманида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш асносида ўқувчиларимизнинг сифатли таълим олишлари учун умумтаълим мактабларимизда ҳозирлик жараёнлари юқори даражада олиб борилди. 42 та мактабда қурилиш-таъмирлаш, реконструкция қилиш учун давлат бюджетидан катта маб­лағ ажратилди. Ҳар бир мактабга зарур бўлган барча турдаги шарт-шароит яратилди. Бу эса ўқувчиларнинг ҳар йилгидан ҳам яхшироқ шароитда таҳсил олишига имкон беради.

Замонавий масканларда таълим олган ёшларнинг замонавий дунёқарашга эга бўлишига замин яратиш барча таълим ходимларининг олдига қўйган асосий вазифасига айланганлигини ушбу қабул жараёнида ҳам кўриш мумкин бўлди.

Биргина олис тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларда ҳам фарзандларимиз учун барча шарт-шароит яратилган таълим масканлари фаолият юритишига эришилди. Бунга Бойсун туманидан 70 км. узоқликда жойлашган “Қўрғонча” маҳалласида жойлашган таълим муассасаларида ҳам сайёр қабуллар ташкил этилиб, тегишли тартибда муаммолар ўрганилгани яққол мисол.

Малакали кадрларнинг ўқувчиларга таълим беришини йўлга қўйиш борасида ҳам туманимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, олис ҳудудлардан ўқитувчиларни жалб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда туманимиздаги мактабларда Тошкент, Бухоро  ҳамда Фарғона вилоятларидан келиб таълим бераётган ўқитувчилар мавжуд. Бу эса педагоглар ўртасида фикр алмашиш, тажриба ўртоқлашиш имко­ниятини ҳам бермоқда.

Президентимизнинг ўқитувчи-устозлар меҳнатини янада қадрлаш, қўллаб-қувватлашга оид топшириқларига мувофиқ, бошқа вилоят, шаҳардан келиб ишлаётган педагог­лар ойлик маошларига 100 фоизгача устамалар тўлаб берилаётгани шу вақтгача ҳеч қачон амалда бўлмаган катта эътибор, ғамхўрлик десак, асло хато бўлмайди.

2021-2022 ўқув йили олдидан халқ таълими муассасалари раҳбарлари масъулияти ва ташаб­бускорлигини, педагог-ходимлар касбий маҳоратини янада ошириш, ўқув дастур ва дарслик­лардаги янгилик, ўзгаришлар билан тизим ходимларини яқиндан таништириш, янги ўқув йилидаги муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида жорий йилнинг 15-16 август кунлари туман ўқув-семинари ташкил этилди.

Таълим сифати нисбатан юқори бўлган таълим муассасалари тажрибасини бошқа умумтаълим мактабларида жорий этиш мақсадида намунали мактаблар негизида таянч мактаблари ташкил этилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб, мактаб раҳбарларининг таълимда ташаббускорлик ва инновацияларни жорий этиш борасидаги ҳар ўқув йилидаги фаолиятини мониторинг қилиш ишлари йўлга қўйилиши белгиланди, ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш мақсадида ишдан ажралмаган ҳолда масофавий шаклда ҳар йили бир маротаба малака ошириш курсларига жалб этилиши белгиланди.

Ўтган ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ўртасида “Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича туманимиз таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 36 нафар ўқитувчилар билим даражаси, рус тили фанига оид ўқув-методик таъминот ҳамда масофадан таълим олиш учун мавжуд шароитлар ўрганилди, рус тили фанини ўқитиш методикасини ривожлантириш учун таъсир этадиган бевосита ва билвосита омиллар ўрганилди. Янги ўқув йилида эса рус тили фан ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

“English Speaking Nation”нинг (АҚШ)  ёзги тренинглар дастури доирасида туманимиздан  26 нафар  инглиз тили ўқитувчилари интенсив машғулотларга қатнашдилар. Янги ўқув йилидан бошлаб туманимиздаги барча фан ўқитувчиларнинг инглиз тили кўникмалари ҳамда уларнинг педагогик ва психологик билимларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Яна битта масала: жорий йилда бўлиб ўтадиган Президент сайловида сайлов участкаларининг аксарияти умумтаълим мактабларида ташкил этилиши белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу жараённи намунали ташкил этиш ва сайлов объектларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда мактабларга бўлаётган эътибор, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган бор саъй-ҳаракатлар замирида эртанги кун эгалари ўғил-қизларимизнинг билимли, тафаккурли, ватанпарвар инсонлар бўлиб етишиши учун, албатта.

Бу эса бугуннинг ўқитувчисидан, ҳар бир маориф мутасаддисидан катта масъулиятгина эмас, фидойиликни талаб қилади. Зеро, бу талаб, бу масъулият ўқитувчи учун шарафдир.

Баҳриддин СОҲИБОВ,

Бойсун туман халқ таълими

бўлими мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =