Математика – тараққиётнинг ўнг қаноти

Президентимиз   ўтган йили Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”, деган фикрни бежиз таъкид­лагани йўқ. Шубҳасиз, инсон ақл-заковатининг равнақи, ҳар қандай соҳа тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир. Бугун мамлакатимизда таълим ва илм-фан тизимида кечаётган қизғин изланишлар, жараёнлар,   жамият тараққиётининг муҳим белгиларидан биридир.

Мана 10 йилдирки, ёш авлодга математика фанидан сабоқ бериб келаман.

Ўзбекистонда кейинги йилларда   илм-фан ривожида,   хусусан, математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал, амалий тадқиқотлар бирмунча юқори кўрсаткичларга эришди. Шахсан мамлакат Президенти ташаббуси билан соҳа мутахассисларига, олимларга имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан, таълим тизимининг ўрни ниҳоятда беқиёс эканлиги янада яққол аён бўлди.

Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги Таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиққанига ҳам мана роппа роса бир йилдан ошди. Айтиш жоизки, мазкур қарорнинг чиқиши математика фанининг осмонида порлаган зуҳро юлдуз бўлди десак муболаға бўлмайди.

Шу бир йил давомида математика фанига қизиқувчи, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масаласи энди ўзининг ёрқин самарасини бера бошлади.

Қарор ижроси ўлароқ,   ёшларнинг математика фани бўйича маҳаллий фан олимпиадалари юқори савияда ташкил қилинди ва натижада иқтидорли ёшлар, халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Бу нафақат Абу Райҳон Беруний, Ал Хоразмий каби аллома аждодларимизнинг вориси бўлган миллатимиз учун катта қувонч, математиканинг келажагига бўлган катта ишонч ҳамдир. Шу бир йил давомида, Республика миқёсида математика фанидан таълим беришнинг онлайн платформаси яратилиб,   амалиётга татбиқ этилди, масофадан ўқитиш тизими самарадорлиги оширилди. Энг муҳими, ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

Қарорнинг яна бир   муҳим жиҳати, (гарчи ҳали ҳам кучга кирмаган бўлса-да,) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилиши ҳақидаги таклифи эди.

Бу мукофот, фундаментал соҳадаги тадқиқот, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот йўналишлари бўйича математика соҳасидаги фундаментал ва илмий-­амалий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечими юзасидан таклиф билдирган олимлар учун берилиши алоҳида таъкидланган эди.

Гапнинг индаллосини айтганда, бу қарор нафақат математика фани истиқболини белгилайди, балки барча таълим соҳаларининг математик аниқлик асосида ривож­ланишига пойдевор бўлмоқда. Хусусан, ушбу қарор туфайли мамлакатимизда таълимнинг барча соҳаларида математика фани дарсларининг, мазкур фанга оид ўқув адабиётлар сифати сезиларли ошди, математика фанига қизиқувчи ёшлар сони кўпайди ва улар ихтисос­лаштирилган мактабларга, кейинчалик олий таълим муассасаларига, илмий мактабларга қамраб олинди.

Тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, математикани мустаҳкам ўрганиш, илм толибида мантиқий фикрлашни ривожлантиради, инсонни тартибга ўргатиб, фаолиятининг ҳар хил жабҳаларида вужудга келувчи мураккаб масалалар ечими учун зарур бўладиган тушунчалар ва орасидаги боғлиқликларни кўра олиш, таҳлил қилиш хусусиятларини жадал ривожлантиради. Натижада, инсон, келажакда иқтисодиётнинг исталган тармоғида малакали кадр бўлиб етишади.

Мадина Ахмадиева,

Тошкент давлат транспорт университети

қошидаги академик лицейи

математика фани ўқитувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − eleven =