Назария яхши, аммо… замон илгариладими ё биз ортда қолдикми?..

Жамиятимиз ривожида муҳим ўрин тутадиган оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган журналистларнинг бугунги фаолияти, серқирра ижодлари ҳақида қанча гапирсак, ёзсак, фикр билдирсак шунча камдек туюлади. Чунки бу машаққатли меҳнат соҳибларининг зиммаларидаги масъулиятлари, шарафли касбларига масъулликлари, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин, шифокор ёки педагогникидан қолишмайди.

Бугун дунё миқёсида шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари ҳар бир жабҳада бўлгани сингари, ижтимоий ҳаётдаги масъулиятли соҳалардан бири бўлган журналистика ва оммавий коммуникацияларга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Очиғини айтиш керак, бугунги журналистика, журналистик таълим мақсади, мазмун-моҳияти билан кечаги журналистикадан кескин фарқ қилади. Кейинги йилларда истилоҳимизга интернет, онлайн, дата, тревел, бренд журналистикаси, дигитализация, конвергенция сингари янги атамалар кириб келдики, уларнинг ҳар бири кўриниши, ўрни, аҳа­мияти, ўзига хослиги билан алоҳида мазмун-моҳият касб этади.

Энди оммавий ахборот воситалари ана шу янги йўналишларни чуқур ҳис қилган ҳолда касбига янгича ёндашаётган бўлса, олий таълим муассасаларининг журналистика факультетлари олимлари ҳам янги, жўшқин ҳаёт — ижод оламига энди кириб келаётган шогирдларига бугунги куннинг талабларига тўлиқ жавоб берадиган, мазмунли, қизиқарли маърузалар ўқиб, замонавий журналистиканинг янги тамойилларига асосланган, янгича шакл, мазмун, кўриниш, умуман, янгича руҳда сабоқ беришлари талаб этилмоқда.

Очиғини айтган маъқул, бўлажак журналист-талабалар ҳали-ҳануз бундан анча йиллар илгари босилиб чиққан ўқув қўлланма, дарс­ликлардан, хорижда нашр этилган китоблардан фойдаланиб келишмоқда. Тўғри, соҳа олимлари, амалиётчиларнинг ўқув мақолалари даврий нашрларда чиқиб турибди. Аммо кундалик ҳаётимизнинг ҳар дақиқаси янгиликлардан иборат бўлиб турган бир пайтда, битта ёки иккита қўлланма илм­­га чанқоқ ёшларимизнинг талабини тўлиқ қондира олмайди. Истаймизми, йўқми ана шу омиллар бўлажак журналистларнинг ҳаётдан, ўқишдан, қолаверса, ижоддан ортда қолишларига сабаб бўлмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз келажаги учун журналист кадрлар тайёрлашдек масъулиятли вазифалар ҳақидаги чиқишлар ўрганилганда, турлича, бир-бирига ўхшамайдиган фикрлар билдирилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу табиий ҳол, чунки маълум бир муаммо борасида фикрлар хилма-хиллигининг бўлиши, ўша жамиятдаги демократиянинг белгиси ҳисобланади. Баъзи муаллифлар журналистик таълимда кўпроқ амалиёт бўлишини таъкидлайди (Аҳмаджон Мелибоев. Матбуотимиз келажаги кимларга ва нималарга боғлиқ?   “Hurriyat”, 2021 йил 17 февраль., Ислом Асилбеков. Матбуотда очиқлик ва сўз эркинлиги “Hurriyat”, 2021 йил 3 март). Биринчи мақола муаллифи талабаларнинг ўқиши давомида назарий билимларга кўпроқ урғу берилаётгани, жорий, оралиқ, якуний назоратлар саволлари қуруқ назариядан иборат бўлиб қолаётгани, бундай саволларга жавоб ёзишда талабанинг шахсий фикри йўқлиги ҳақида куюнчаклик билан ёзади. Шу­нингдек, мақолада етук журналистлар тайёрлаш борасидаги тавсиялар ҳам берилган. Улардан баъзиларини мисол сифатида келтириб ўтамиз:

“Факультетга қабул қилишда ижодкорликка мойил, қўлида қалами бор, матбуотда хат-хабарлари билан кўриниб турадиган ёшларга алоҳида эътибор бериш керак;

Илмий-педагогик жамоани тажрибали амалиётчилар билан бойитиш ҳисобига янги қон-томирлари пайдо қилиш керак;

Ортиқча такрор ва зарур бўлмаган фанларни қисқартириш, журналистикада, асосан, журналистика ўқитилиши керак;

Ўқув жараёни ўттиз фоиз назария, етмиш фоиз амалиётдан иборат бўлса яхши;

Оралиқ, жорий ва якуний назорат ишлари саволларида эркин ижодий мавзулар кўпайиши керак” ва ҳоказо.

Аслида, журналистлар тайёрлайдиган факультетларда юқорида айтилган гапларга баҳоли қудрат амал қилинмоқда. Назарий билимларга келсак, мақола муаллифи қисман ҳақ, Ўзбекистонда журналистика наза­рияси амалиётдан анча орқада қолгани ҳам бор гап. Назария орқада қолди, энди нима қиламиз, деган билан иш битмайди ёки бирон-бир муаммоимизни биров четдан келиб, ҳал қилиб бермайди.

Жаҳон тажрибаларидан ҳам билиб олиш мумкин, журналистика назариясини атрофлича ўрганиш бўлажак журналист учун жуда керак. Қолаверса, олий ўқув юртлари қошида бекорга журналистика факультетлари фаолият юритмаяпти. Талаба дастлаб олий таълим даргоҳида ўзида назарий билимларни сингдириб, кейин олган билимларини амалиётга татбиқ этади. Талаба журналистика тарихини билмаса, жанрларни бир-биридан ажрата олмаса, ижтимоий фанларни ўрганган ҳолда билими, савияси, дунёқараши ошмаса, дастлабки ёзиш, эшиттириш, кўрсатув кўникмаларини ўзи ўқийдиган даргоҳда олмаса, ундан келажакда қандай билимли, қобилиятли журналист чиқсин?

“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомда йўрғалайди” деганига ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз. Журналистика ҳақида тасаввури ҳам йўқ, соҳа бўйича бирон-бир малакага эга бўлмаган, ўзини журналист деб чоғлаб юрган, оқибатда “қовун тушириб” юрган кўплаб блогерларнинг иши, қилмишлари ижтимоий тармоқларда ўз аксини топаётганлигидан кўпчилик хабардор.

Ҳозирда олдимизда турган асосий вазифа — назарий билимларни янги, замонавий, бугунги куннинг талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш. Бу борада хориж тажрибасидан улги олиш керак бўлади, улар журналистика назарияси, шунингдек, амалиёти бўйича ҳам анча илгарилаб кетишган. Журналист кадрлар тайёрлайдиган ўқув муассасаларида ҳам ҳозирда билим бериш, ўқитиш ана шу тизим асосида олиб борилаяпти. Бу тизимнинг маъқуллиги – илгари бир семестрда 10-12 та фан ўтилиб, талабага кўз очиргани қўймаган бўлса, янги тизимда бор-йўғи 5 ёки 6 та асосий фанлардан сабоқ берилмоқда. Яна бир жиҳати — талабанинг ўқув фанларига мустақил тайёргарлик кўриши учун кўп вақт ажратилгани яхши бўлди. Баъзи олий ўқув юртларида ҳатто беш кунлик ўқишга ўтилди. Энди талаба билимини янада ошириши учун яратиб берилган ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиши керак.

Кредит – модул тизимининг яна бир яхши томони ўқув жараёнида талаба билим олиши борасида анча жиддий талаблар қўйилади, шунингдек, ҳар бир ўқув семестри давомида уларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчиларнинг ҳам сараги сарага, пучаги пучакка ажратилади. Талаба билими қониқтирмайдиган, бугунги куннинг талаблари асосида дарс ўта олмайдиган ўқитувчини рад этиб, замонавий тарзда билим берадиган устоз, профессорни танлашга ҳақли.

Амалиётга келсак, бўлажак журналистларнинг ёзишга, эшиттириш, кўрсатув тайёрлаш, интернетда ишлаш кўникмаларини ҳосил қилишининг синовлардан ўтган мақбул йўллари бор. Яъни, талаба куннинг биринчи ярмида ўзи ўқиётган факультетида назарий билимларни олиш билан машғул бўлади, иккинчи ярмида эса бириктириб қўйилган газета, журнал, нашриёт таҳририятлари ва радио, телевидение муҳарририятларига бориб, иш ўрганади. Агар ўқиш ҳам, жойлардаги амалиётнинг ўтиши ҳам қатъий назорат ва тартиб асосида йўлга қўйилса, талаба назарий билимга эга бўлади, ўқишни битириб чиққунига қадар тайёр мутахассисга айланади.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

Ўзбекистон Миллий университети журналистика

факультети доценти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 9 =