“Замонавий устоз”ларга алданмайлик

Бугунги кунда олий таълимга тайёрловчи марказлар жуда кўпайди. Ҳар қадамда турли фанлардан, тиллардан дарс-машғулотлари ўтамиз деган мазмундаги эълонлар. Катта-кичик ўқитувчиларимиз ҳам бунинг мазасини билиб олдилар чоғи марказлар четда қолиб ҳатто хонадонларида ҳам қўшимча пуллик машғулотлар ўтишни одат қилишди. Ҳаммамиз коронавирусни ёмонлаймиз, бироқ бу вабо бизларга айрим фойдали нарсаларни ўргатганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Ўтган йилги қаттиқ карантин вақтларида мактаб ва олийгоҳлар қаторида юқоридагидек тайёрлов машғулотлари ўтадиган ўқитувчилар ҳам ўз дарсларини онлайн тарзда давом эттиришни ўрганиб олдилар.

Баъзилари карантин чек­ловлари юмшатилганидан сўнг аввалгидек анъанавий тарзда дарс ўтишга қайтган бўлса, баъзилари энди фақатгина онлайн дарс ўтаман дей­диган бўлиб олишди. Фарқи йўқ, агар дарслар доимий яхши ўтилса, ўқувчи диққат билан иштирок этса онлайнда ҳам, анъанавийда ҳам кўзланган натижага эришса бўлар экан. Шунинг учун бугун кўпчилик мана шундай онлайн курсларга ишониб қолди. Боринки мана шу ишонч ва ортиқча соддалик билан чув тушиб қолаётганлар ҳам етарлича. Очиқроқ айтадиган бўлсак, бу каби онлайн курсларга кўп ҳолларда тўлов ҳам олдиндан онлайн тўлангандан кейин машғулотларга қўшилишга рухсат этилади. Тўлов қилганингиздан сўнг кутганингиздек дарс-машғулотлари ўтилсаку майли, бироқ бунинг ўрнига сизни бундай машғулотларга таклиф қилган ўша “замонавий устоз”ни тармоқдан умуман топа олмай қолсангиз қандай ҳолатга тушасиз. Ҳа, чиндан ҳам бу каби воқеалар ҳақида гоҳ-гоҳида эмас тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Шўрлик, боласини ўқитаман деб порлоқ истиқболидан умид қилаётган бир аёл телеграм орқали ёзиб қолди: — “Рус тилини ўрганамиз” деган телеграм канал бор эди. Кузатсам яхши постлар бериляпти. Бир-икки ҳафта қараб бир нималарни ўрганиб олдим, кейин шу каналда берилган онлайн дарслар ҳақидаги эълонни ўқиб ўғлимни унда ўқитмоқчи бўлдим. Тўловни олдиндан қилиш керак экан. Ҳеч бир иккиланишсиз тўладим.

Шундан сўнг дарс бир-икки ўтилиб, ке­йинги ҳафтада давом эттирилади деб ортга суриб борилаверди. На тайинли дарс ўтишди на пулни қайтаришди. Ўзимга қўшилиб ўғлимнинг ҳам асаби бузилгани, бекорга вақтимиз ва пулимизга куйганимиз қолди холос. Хуллас, онлайн дарс ўтаман дейдиган ҳар касга ишонмаслик керак экан.

Бу фақатгина бир мисол. Аслида бунақа алданган ва алдаётганлар орамизда тўлиб ётибди. Онлайн пул ишлашни ўргатаман, Америкага ишга юбораман деб кўпчиликни аҳмоқ қилаётганлар ҳам бор. Боз устига сўнг­­ги вақтларда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ҳам назарий билимларни онлайн тарзда иш ва офисингизда ўрганишингиз мумкин. Амалий машғулотларга қатнасангиз, кифоя. Бу машғулотларга эса сизга қулай вақтда ўзимиз чақирамиз деб автомактаблар номидан таклиф эълонларига ҳам кўзимиз тушяпти. Буларнинг қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмадику, лекин ҳар эҳтимолга қарши бошидан бир суриштириб олган маъқулроқ. Фикри ожизимча бундай “замонавий устоз”ларнинг найранг ва ҳийлаларига учишимизнинг биринчи сабаби улар ваъда қилаётган арзон нарх ва қандайдир имтиёзли чегирмалардир. Арзон шўрва оғизга татимас деган гапни ёддан чиқармай, шошқолоқлик билан ўзимизга ўзимиз жабр қилишдан сақланайлик, дейман-да.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + sixteen =