“103” КОВИД марказига кўчганми?

Ҳар бир инсон учун соғлиқ, саломатликдан ортиқ бойлик йўқ. Саломатлик ҳам киши учун омонатдир аслида. Бу омонатни асраб-авайлашда барчамизга яқин кўмакдош, аввало, шифокорлардир.

Аммо сўнгги вақтларда тиббиёт ходимларини ножоиз сўзлар билан ҳақоратлаш, ҳатто калтаклаш, омма олдида обрўсизлантиришдек кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар тез-тез учраётгани барчани ҳушёр торттириши керак.

Яқинда Кun.uz ижтимоий тармоғида “9 йил муштлашишга эмас, дўхтирликка ўқиганман” — Андижонда тез ёрдам шифокори калтак­ланди”, сарлавҳали мақолани ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, Пахтаобод туманида беморнинг маст қариндоши тез ёрдам шифокорини дўппослаб, бурнини синдиради. Ҳали магистратурада ўқиётган ёш врачнинг ота-онаси бу воқеадан сўнг фарзандининг “Тез ёрдам”да ишлашига қарши бўлмоқда.

Яна бир шунга ўхшаш мисол: ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида Тез тиббий ёрдам шифокори Т.М. чақирув бў­йича тунги 23:30ларда   Халқабод маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Ш. хонадонига борганида беморнинг яқинлари томонидан калтаклангани ва жиддий жароҳатлар олганлиги ҳақида ҳам ўқиб қолдим.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган суриштирув ишларида бунга шифокор вақтида етиб келмагани ва беморга ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилмагани сабабли юз бергани аниқланади. Нима бўлгандаям, биз ўз қўлимиз билан ўтирган дарахт шохини кесмаслигимиз керак.

Ўзимдан мисол, бир куни Пскент туманида истиқомат қилувчи 67 ёшли онамнинг қон босимлари тўсатдан кўтарилиб кетди. Тез тиббий ёрдам — “103” рақамига қўнғироқ қилдим ва ғаройиб ҳолатнинг ичига тушиб қолдим.

Буни қарангки, гўшакдан “Тошкент вилоятининг Нурафшон “Ковид маркази” эшитади” деган овоз келди. Мен эса Нурафшонга эмас Пскент тумани “Тез тиббий ёрдам”га қўнғироқ қилганимни айтганимда, оператор қиз “Сизнинг маълумотларингизни ёзиб оламиз ва Пискент тумани Тез тиббий ёрдам бўлимига етказамиз, ҳозир туман бўлимлари вилоятга уланган, тартиб шундай бўлган”, деб жавоб берди.

Онамнинг қон босимлари ошиб, аҳволлари яхши эмас эди, орадан 10-15 дақиқа ўтса ҳамки, тез тиббий ёрдамдагилардан дарак бўлмади. Шунда яна қўнғироқ қилдим ва яна Нурафшон шаҳар “Ковид маркази”га тушдим. Улар яна қайтадан онамнинг ёшлари, уй манзилимиз, телефон рақамимизни бирма-бир сўради. Шунда беихтиёр асабийлашиб кетдим, беморнинг аҳволи оғирлашиб турганда бундай савол-жавоблар ўринлими? Олмалиқ шаҳрида истиқомат қиладиган яқин қариндошимнинг айтишига қараганда уларда ҳам аҳвол шу экан.

Буни қарангки, орадан чамаси 20 дақиқалар ўтганидан сўнг, Пскент тумани тез тиббий ёрдам шифокори қўнғироқ қилиб, манзилга келаётганини, кечикишаётгани учун узр сўради. Ҳайрият, роппа-роса 35 дақиқада шифокор етиб келди ва биринчи ёрдамни кўрсатди.

Уларни кузатар эканман, нима сабабдан мен вилоят “Ковид маркази”га тушиб қолаётганимни сўраганимда, улар “ўзимиз ҳам тушунмай қолаяпмиз, шунинг ортидан беморларнинг яқинларидан ҳақоратли сўзларни эшитаяпмиз”, де­йишди.

Бундай ҳолат кейин ҳам уч-тўрт маротаба такрорланди. Тўғри, ўша пайтда пандемия авж олган ва балки, вирус билан чалинган беморларга тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида бу амалиёт ўйлаб топилгандир. Бироқ тизимнинг ичига чуқур кирмасдан, тажриба синов майдончаси тарзида бу каби ажабтовур “янгиликлар”нинг ўйлаб топилаётгани — аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлаяпти. Аҳвол шу бўлгач, ўртада айбсиз айбдор бўлиб қолаётган энг қуйи бўғиндаги шифокорларда не гуноҳ?

Яна бир мисол. Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникага тунги соат 2:30ларда иситмаси борлигидан мурожаат қилиб келган бемор шифокорни калтаклайди ва жароҳат етказади. Воқеани ижтимоий тармоқлар орқали кўриб оқ халат кийиб олган шифокорларга қаттиқ раҳмим келди.

Яқинда эса фарзандларимни олиб Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 19-мавзега   қарашли оилавий поликлиникага бордим. Оилавий поликлиникада шифокор ҳузурига ёшу қари навбат кутиб турибди. Хонада терапевт шифокор болаларни ҳам, ёши катталарни ҳам қабул қилиб, керакли муолажани қилмоқда эди.

Лекин ўйлантирадиган жиҳати шундаки, қандай қилиб болалар шифокори ёши катта инсонларга ҳам аниқ ташхис қўя олиши мумкин? Муҳтарам тиббиёт мутасаддилари мана, сизга оғриқли муаммолардан яна бири.

Ўйлашимча, шифокорлар калтакланишига сабаб бўлаётган воқеалар замирида айнан мана шундай тизимли ҳал қилинмаган масалалар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Масъулиятсиз, порахўр ва ўз ишини пухта билмайдиган кимсалар тиббиёт соҳада ҳам бор, албатта. Лекин барибир, ҳамма нарсани қонун йўли билан ҳал қилишга ўрганишимиз керак.

Нима бўлганда ҳам шифокорларни уруш, сўкиш ҳатто калтаклаш билан иш битмайди. Муаммо ҳам ҳал бўлиб қолмайди. Жамики масала тизимда, ундаги ечимини кутаётган муаммоларда. Айтайлик, бугун оддий оилавий поликлиника ёки шифохоналарда меҳнат қилаётган энг қуйи қатлам — санитар ходими, ҳамшираларнинг ойлик маоши қанча? Сўраб кўринг, ҳамон 600-700 минг сўм атрофида. Тўққиз йил тиббиёт олий даргоҳида ўқиб ишга чиққан шифокор-чи, сизнингча қанча маош олади, биласизми қўлига икки миллион сўм ҳам тегмас экан!

Бу уятли аҳвол. Яна биз улар ҳалол ишлаши керак деймиз, улардан нолиймиз. Албатта, шифо истаб мурожаат қилгувчиларга бу нарсаларга мутлақо дахли йўқ, алоқаси йўқ дейишингиз мумкин. Аммо барчанинг истаги шуки, нима бўлганда ҳам тиббиёт тизими ижобий томонга ўзгариши керак.

Мана эшитдик, яқинда соғлиқни сақлаш вазири ўзгарди. Лекин соҳада ҳам бирор ўзгаришлар бўлармикин?!

Лобар ШОМУРОДОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =