Мен дардимни кимга айтсам… ёхуд жиддийлик одамни зериктиради
Ҳатто бундан ўн йилча олдин журналистлар газета ёки журнал обунаси бобида қарийб бош қотиришмасди. Чунки, мутасадди ташкилотлар мазкур юмушни худди хамирдан қил суғургандай уддалар эдилар. Энди-чи? Энди октябрь ойи бошланиши биланоқ мамлакат газета-журналлари ходимлари юртимизнинг энг чеккаларигача бўзчининг мокисидай қатнашга тушадилар. Ана ўшанда вилоятларда, туман қишлоқларида истиқомат айлаётган таниқли журналистлар, шоиру насрнавислар қиёфалари кўзга иссиқ босилади. Дўсти-ёрони кўп қашқадарёлик шоир Ўроз Ҳайдар бир гал “қизғин мавсум”да пойтахтдан уни йўқлаб борган биродари Берди Раҳматга мутойиба алпозида: “Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? Радиога обуна бўлмайдилар-ку, ахир?”, деган экан (Берди Раҳмат радиода ишлаган — Б.Р.)
Хуллас, октябрда ёки ноябрларда вилоятларда яшаб, қалам тебратаётган ижодкор дўстларимизга сим қоқсак, овозларида ҳадик-хавотир сезилади. Шак-шубҳа йўқки, улар “обуна” каломи тилга кўчишидан хавфсираётган бўлиб чиқадилар.
Тўғри, обуна суммаси (хусусан, ярим йиллик) унчалик кўп эмас. Агарда биз меҳмонга борганимизда ҳам ўша пул харж бўлади — палов-салов, шашлик-пашлик, хуллас емак-ичмак деганларидай… Биродарларимиз бундан оғринмайдилар. Боиси, меҳмондўстлик ҳиссиёти уларнинг қонида бор.
Мен куни кеча отамаконда — Хоразмда кечаётган обуна жараёнлари билан қизиқдим. “Газетамизга бу йил ҳеч ким обуна бўлгани йўқ. Биз обуна деган гапни деярлик унутиб юбордик. “Эзгу сўз”ни ўз пулимизга нашр қилдириб, бепул тарқатяпмиз. Аҳён-аҳёнда дўстларимиз кўмаклашиб турадилар”, — деди мазкур газетанинг бош муҳаррири Қадамбой Солаев.
Табиийки, “Эзгу сўз” газетаси пойтахт адабий давраларига унча ҳам таниш эмас. Мазкур нашр мамлакат миқёсига чиқишга арзигулик, десам муболағага йўл қўймаган бўламан. Газета 2016 йил 2 январдан чиқа бошлаган. Нашр шиори — Огаҳий ҳазратларининг “Билмаган ўз қадрини не билгуси сўз қадрини” деган сатри танланган. Ажойиб дизайнга эга. Саккиз саҳифали. Газета тили — нафис. Ўқиб асло тўймайсиз. Дарвоқе, муассис “Эзгу сўз” хусусий корхонаси. Қизиғи шундаки, ушбу газета бош муҳаррири айтганидек бепул тарқатилади.
— Менимча, матбуотни ўзгартириш керак. Нега биз масалан, ҳеч қурса, Туркия матбуотини ўрганиб, шундан хулоса ясамаймиз? Турклар — қардошларимиз-ку ахир? Тилимиз яқин, менталитетимиз ҳам унчалик айро эмас. Экспертлар Туркия матбуотини астойдил ўрганиб, шундан хулоса чиқарсалар ҳам фойдадан холи бўлмас эди. Айниқса, Учинчи Ренессанс даврида бу жуда муҳим, — дейди Қадамбой оға.
Камина Қадамбой оға билан 1984 йилнинг ёз ойларида танишганман. Ўша пайтларда у “Хоразм ҳақиқати” газетасининг хатлар бўлимида ишларди. Ўткир мақолалар ёзар эди. Сарлавҳалариям бошқача, услуби ҳам. “Ҳозир матбуотда “шаблон” кўп”, дейди у.
Телефон гўшагини қўйганимдан сўнг кабинетимдаги қатор газета-журналларни, хусусан, тиражи юқори бир-иккита “каттакон нашрлар”ни варақлаб, сарлавҳаларини ўқишга тутиндим: “Ўзбекистон кинематографияси ривожланмоқда”, “Фойдали мулоқот”, “Мадҳиямиз ижодкори”, “Мақол — тарбия қуроли”, “Комилликка эришиш қонуниятлари”, “Камтарга камол”, “Фаоллик эътирофи”, “Яхши ном”, “Янги қўмита шакллантирилди”, “Ташаббусдан руҳландик”, “Китоб — билим хазинаси”, “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда…”, “Касбим менинг — фахрим менинг”, “Шижоат билан янги марралар сари”, “Қоракўлчилик — сердаромад соҳа”… Ўзингиз ўйлаб кўринг, бундай “сақичсимон” сарлавҳалар муштарий диққатини торта оладими? Ҳаттоки, спорт газетаси сифатида унчалик “назарга илинмайдиган” нашр — “Интерфутбол”нинг сарлавҳалари ҳам бундан чиройлироқ.
Айрим сарлавҳаларда ўхшаш бош ҳарфлар тизилмаси чақнайди: “Бебаҳо ва беназир Бензема”, “Шунчаки шоҳона шароит”, “Тиғизликдаги томоша”, “Сосьедад” соврин соҳиби!”, “Кайфиятни кўтариш кураши”, “Бургут билан бирлик байрами”, “Жиловланмаган жараён”… Энг аввало, сарлавҳа сизни “ичкарига тортиб” кетади. Фалсафий фикр-мулоҳазалар мутолааси чоғида мақолаларни, суҳбатларни бир эмас, икки-уч маротаба ўқигингиз келади. Қарийб бир йил бўляптики, мен бу нашрни киоскдан мунтазам равишда харид қилмоқдаман. Айрим саҳифаларни такрор-такрор ўқисам-да, толиқмайман.
Дарвоқе, сўзимиз матбуот ҳақида экан, сўз эркинлиги жуда муҳим. Сўз эркинлиги бўлмаган мамлакатда мажбурий обунага кучли эҳтиёж сезилади. Негаки, газета жамият ҳаётини хаспўшласа — унда фуқароларнинг газетадан кўнгли совийди; ўша нашрни ўқимайди; ўша нашрга обуна ҳам бўлмайди — бу айни ҳақиқат. Бундай маҳалда обунага мажбур қилинади: фуқаро майли, ўқимаса, ўқимасин, аммо обунадан бўйин товламасин. Олдимизда икки йўл бор: ё қандайдир шаклда ихтиёрий-мажбурий обуна жорий этилмоғи даркор; ё сўз эркинлиги жабҳа олмоғи лозим. Иккисидан бириси… Учинчи йўл йўқ.
Албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати туфайли сўнгги йилларда сўз ва матбуот эркинлиги масаласида жиддий ижобий қадамлар ташланди. Аммо узоқ йиллик “тафтиш”, қўрқув синдроми шу қадар таъсир кучига эга бўлган эканки, ҳамон аксарият нашрлар бу эркинликдан қўрқиб-қўрқиб фойдаланишаётганга ўхшайди.
Энди яна бир бошқа масала: марҳамат, ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Танланган газетага ҳар бир вилоятдан минг киши обуна бўлса-ю нашрнинг озгина қисми савдога чиқарилса, ўшандагина адад ўн беш мингдан ошади. Бироқ ҳар бир вилоятда минг киши обунасини воқеликка кўчирилиши айни кунда ҳамма нашрлар учун ҳам осон эмас. Хўш, қайси таҳририятларнинг ташкилотларга “кучи” етади? Тўғри, ҳукумат газеталарининг йўриғи бошқача. Ва яна қўлида жилови бор, маблағи етарли бўлган айрим ҳуқуқ идоралари ёхуд мудофаа, имкониятлари “чегара билмас” баъзи жамоат ташкилотлари-ю, обунадан ҳам ниманингдир “ҳиди”ни олган баъзи вилоят ҳокимликлари нашрларини айтмаса, бошқа “эгасиз” газеталар нима қилади? Таҳририятларда тер тўкаётган мухбирлар, техник ходимлар бугун ҳеч бўлмаганда камида уч-тўрт миллион сўм маош олишни истайдилар, ойига 400-500 минг сўм гонорар олишни ҳам. Лекин бор-йўғи бир минг икки юз — икки минг нусхада чоп этилаётган газета таҳририяти ўз ходимларини қандай рози қилади? Майли, бу янглиғ “қўли қисқа”ликка пенсионер ходимлар чидаши мумкин. Ёшлар қанақа йўл тутадилар? Демакки, икки минг нусханинг нари-берисида чоп қилинаётган нашрларни бемалол “банкрот таҳририятлар” рўйхатига киритавериш мумкин.
Алалхусус, журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳужжатларда белгилаб берилган. Бироқ амалда-чи? Журналистларни қўрқитиш, уларга таҳдид қилиш, турлича усуллар воситасида ишдан ҳайдаш каби хатти-ҳаракатларни ўз бошимиздан ўтказганмиз-ку? Масалан, камина “Истиқлол қуёши” газетасида ишлаётган пайтимда номаълум сабабларга кўра нашр тўхтаб қолган. 2013-2016 йиллар мобайнида роппа-роса уч йил ишсиз юрганман; мени ҳаттоки хусусий газеталарга мусаҳҳиҳликка ҳам ишга қабул қилмаганлар. “Қора рўйхат”ларга исм-шарифим тушган. Ваҳоланки, ҳамиша мавжуд сиёсатга қарши иш қилган эмасман. Шунчаки, билиб-билмай айрим амалдорларнинг “мушукларини пишт деган” бўлсам, дегандирман балки.
2017 йил январидан эътиборан “Истиқлол қуёши” газетаси “Фаровон юрт” номи ила қайтадан иш бошлаган. Ҳозирги вақтда ойига бир маротаба нашр қилинмоқда. Аммо “Карвон қўнғироғи” ҳамда “Истиқлол қуёши” номларида “жавлон урган” пайтларидаги шижоат сўнган. Бу газетани ҳозир очиғи биров билади, биров билмайди.
Энг муҳими шуки, биз жамиятдаги катта ўзгаришлар арафасида турибмиз. Ислоҳотлар эса ранжу риёзатсиз кечмаслиги аниқ. Навоий ҳазратлари айтганидек: “Ранж кўрмай киши топарму фароғ?”.
Дарвоқе… Ўзбек матбуоти қандай шаклланган ўзи? Қачон шаклланган? Асосан, жадидчилик ғояси матбуот дояси рутбасида кўрингани кундек равшан. Жадидлар матбуоти бир ёқдан, Ўрусия, иккинчи ёқдан жаҳон матбуоти таъсирида куртак ёзган, жабҳа олган. “Сивит” (эски зиёлилар “совет”ни “сивит” деганлар) ҳукмронлиги даврларида матбуот “қизил қолип”га тушди; жиддийлашди; зерикарли тусга кирди. Саксонинчи йилларда ҳам республикамиздаги мактаблар, маданият муассасалари, нуфузли корхоналар кутубхоналари газет-журналларга бемалол обуна бўлар эдилар. Чунки, матбуот нашрлари нисбатан анча дадил ва нархи жуда арзон эди. Айни пайтда бу усул йўқликка юз тутди. Бинобарин, “ўзинг учун ўл етим” нақли кучга кирди. Шу тўғрими?
Алҳол, матбуотдан узоқ, фақат телефон титкилайдиган авлод вояга етди. Чунки мактабларимиз матуботдан узоқлашди! 10 мингдан зиёд мактаблар бўлсаю, уларда миллионлаб болалар ўқишса-да, ақалли болалар нашрлари 3 минг нусхада чиқмаса, бу қандай бедодлик бўлди?! Бу ҳақда кўп ёзилади. Қани натижа? Ҳатто бирор муносабат йўқ-ку!
Энди газета, журналларга обуна бўлгичларга хизмат қандай? Бу ҳам расво. “Жон деб обуна бўламиз” дейишади кўпчилик. Лекин почта олиб келмайди. Ҳақли эътироз.
Почта тизимининг издан чиқиб кетганига талайгина мисоллар келтириш мумкин. Қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам почта хизмати “аввалгиларга ўхшамас”. Авваллари газета-журналлар бир-икки кун кечикса борми, дарҳол алоқа бўлими бошлиғи “ур-калтак” қилингувчи эди.
Мавриди келди — бундан қирқ етти йиллар олдинги воқеани эслаб ўтмоқчиман. Таътилга чиққан пайтларида, яъни, ёзда дадам уйда, пешин маҳалида почтальон йўлига кўз тутарди. Агарда у келмаса, газет-журнал бир-икки кунгина кечикса, қовоғи солинарди. Камина — туман газетасида эндигина ўн-ўн беш хабар ва мақолалари чиққан ёш мухбир — дадамдан ҳам баттар дилгир бўлур эдим; чунки, “Совет пахтакори” ( эндиликда “Шовот истиқболи”) газетасининг бир бурчагида босиладиган хабар ёки мақолам ҳар недан қадрли туюлар, шунга интиқ бўлардим. Мени ўша муждадан эшак йўрғалатиб ташриф буюрадиган почтачининг лоқайдлиги тўсиб турганга ўхшарди гоҳо. Хуллас, “Лоқайд почтальон” сарлавҳали танқидий мақола ёздим-да, таҳририятга жўнатдим.
Орадан икки-уч кун ўтмасдан почта бошлиғи Рўзмат ака уйимизга келди. У дадамга: “Ўғлингиз бизларни танқид қилиб, мақола ёзибди. Редакциядан телефон қилиб, мани роса қизартирдилар…” дейиши биланоқ ўзимни боғимиз орасига урдим. Сабаби, дадамнинг жаҳли ёмон эди… Рўзмат ака ўрнидан қўзғалиши биланоқ “Қаердасан, Баҳром!” деган қичқириқ янгради. Анча вақтлардан сўнг боғдан чиқдим. “Мақтаб ёзсанг майли, лекин бировни танқид қилсанг — аввало, мен билан маслаҳат қил, ҳали ёшсан, кўп нарсани тушунмайсан” деган ўшанда ҳовуридан тушган дадам. Ҳа, 1974 йили эди, ўшанда ўн уч ёшда эдим. Муштдай боланинг танқидий материалига ҳам эътибор қаратилишини шунда тушунганман.
Энди-чи? Ҳеч кимнинг ҳеч нима билан иши йўқ!
Бу эса 2008-йиллардаги гап. Қонунга зид равишда чироғимизни ўчириб кетишди. Электр тармоғи бошлиғининг олдига кирдим — ҳеч натижа йўқ. “Муштум” журналида “Ғирромлик” сарлавҳали танқидий мақолам чиқди — натижа бўлмади. Журнал таҳририяти сўровномасига тегишли ташкилотлар жавоб ҳам қайтармади. Ўшанда орага туман прокурорини аралаштиришга мажбур бўлганман. Қизиғи шундаки, прокурордан чўчиб электр тармоғи бошлиғи ўринбосари билан бирга квартирамизга келиб, чироғимизни ёқиб бериб кетган.
Шундай воқеаларга асосланиб айтишим мумкинки, ҳозирги даврнинг энг оғриқли нуқтаси — матбуотдир, почта тизимидир, танқидий материалларга нисбатан ташкилотлар ва идораларнинг лоқайдлигидир.
Шу йилнинг ўзида мамлакатимизнинг қатор нуфузли нашрлари Халқ таълими вазирлигига оид ўнлаб танқидий мақолалар эълон қилди. Бошқа вазирлик ва идораларга оид муаммоли масалалар ҳам кўтариб чиқилмоқда. Лекин гўё ҳеч нарса бўлмаган: эътибор ҳам, муносабат ҳам, натижа ҳам — катта ноль!
Шундай экан, нима қилмоқ керак? Матбуотнинг эртаси нима бўлади, ким ўйлайди уни?
Назаримда бу ўйлару мулоҳазаларимга ҳам бирор тайинли жойдан бирор тайинли жавоб бўлмайди. “Камбағалнинг бир тўйгани — бойигани” деган экан, бир шўр пешона. Балки, менинг ҳам шунча дардимни достон қилганим, “кўнглимни бўшатганим” қолар?
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД