Мушук билан ким шуғулланади?

Шаҳар-туман ва вилоятлардаги босма оммавий ахборот воситаларининг даврийлиги йил сайин қисқариб бораяпти. Бу ўз навбатида муштарийлар сонининг кескин камайишига олиб келмоқда. Энг ачинарлиси, газеталарга дардларини дастурхон қилиб ёрдам истаб келаётган мурожаатчиларнинг оёғи узилиб бораётир. Шу ўринда: “Нега бундай бўлди?” деган ҳақли савол туғилиши табиий. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап бор. Маҳаллий нашрларда онда-сонда чиқаётган танқидий мақолаларга ҳам тегишли ташкилотлар умуман жавоб бермаяпти. Биргина мисол, газетамиз (“Янги Сирдарё”)нинг жорий йил 18 июнь сонида каминанинг Оқолтин туманидан ёзган “Ислом Каримов нега ерини топширди?” сарлавҳали танқидий чиқишимга 90 кундан ортиқ вақт ўтса-да, тўрт энлик жавоб бўлмади. Ваҳоланки, мазкур мақолада “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган ёшларга камунум, сувсиз ерлар ажратиб берилгани танқид қилинган эди.

Журналист қавми жамиятдаги қусурларни газета саҳифасига олиб чиқади. Бироқ унинг ечимига кафилликни гарданига олмайди. Бу ёғи энди муаммони ҳал қилишга дахлдор ташкилотларнинг иши. Шу ўринда “New York times” газетасининг ношири Артур Сульцбергнинг қу­йидаги ҳикматини келтириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз: “Биз, журналистлар оммага мушук қаёққа сакрагани ҳақида гапирамиз. У ёғига мушук билан омма ўзи шуғулланади”. Афсуски, бизнинг жамиятимизда “мушук билан шуғулланадиган” омма ҳали шаклланиб улгургани йўққа ўхшайди. Шу боис газеталарда чоп этилган танқидий мақолалар ҳали ҳамон нишонга тегмаяпти. Шу боис бу омманинг газеталарга бўлган ишончини сўндирмоқда.

Гапнинг ростига кўчадиган бўлсак, айни паллада аҳоли журналистлардан кўра аксариятининг саводи ҳаминқадар, касби корининг матбуотга умуман алоқаси йўқ бўлган ўзларини блогер атамишларга кўпроқ ишонишмоқда. Чунки улар ҳақиқатни “оёғини осмон”дан қилиб тақдим этишаётган бўлсалар-да, натижа қандайдир ҳолатда бўлса ҳам кўзга ташланаяпти.   Фикри ғовлаб кетган аксарият раҳбарлар сайтда чиққан материаллар бутун дунёга тарқаб кетишидан хавотирда тезда муносабат билдиришга ҳаракат қилишяпти. Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан, деган қўполроқ мақол бор-ку. Ўз миллий матбуотига нописанд бўлган бундай амалдорларни том маънода жамият ривожига тўғаноқ бўлаётган густоҳлар қаторига қўшса бўлади. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Яқинда “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилган “Муносабат” кўрсатувида чиқиш қилган “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов ҳам куладиган, ҳам куядиган бир воқеани очиқлади.   “Маърифат”да бир танқидий мақола чоп этилибди. Таҳририят танқид чиққан ташкилотга бир неча марта эслатма хат юборса-да, жавоб бўлмабди. Сўнгра шу танқидий мақола “Газета.уз” сайтида дунё юзини кўрибди.

Шундан кейингина танқид тиғи остига олинган ташкилот газета чиқишига муносабат билдирибди.

Жамиятимизда блогернинг журналистдан устун қўйилиши сабабларини ёзувчи Нурали Қобул журналист Рўзибой Қўлдошев билан суҳбатида шундай изоҳлайди: “… Узоқ қиш­лоқлардан бирида яшаётган зиёли танишим телефон қилиб, туман раҳбарлари орасида адолатсизлик, алдов кўпайиб кетаётганлиги учун халқнинг дарду ташвишларини дунёга олиб чиқадиган тили ўткир блогер топиб беришимни илтимос қилди. Мен у тоифа одамлардан танишим йўқлигини айтдим. Мен бу оғриқли дардни нима учун айтаяпман? Чунки қайси соҳада заифлик палак ёйса, унинг ўрнини эгалловчи даъвогарлар кўпаяди. Агар мамлакатда сўз эркинлиги тўла таъминланганда, оммавий ахборот воситалари ҳақиқатларни рўй-рост айта олганда, одамлар блогер қидирмасдан журналистларга мурожаат қилган бўлар эди. Хуллас, жамиятда бўшлиқ бўлмаслиги керак, ҳамма ўз иши билан шуғулланиши, эшак бозоридаги даллол маданият саройига бошлиқ бўлмаслиги керак”.

Аччиқ, аммо очиқ гап. Кейинги пайтларда кўпгина ижтимоий-сиё­сий газеталар “сариқ матбуот”га яқинлашиб бораяпти. Мақсад ─ яшаб қолиш. Босма оммавий ахборот воситаси қайси ташкилот пул берса, ўшаларнинг ноғорасига ўйнашга мажбур бўлаяпти. Натижада газета саҳифаларини бир хил, тузсиз мақолалар босиб кет­япти. Бундай пайтда газетага обрўли муассис ва бақувват ҳомийлар керак бўлади. Ана шунда обуна мавсуми ҳам рисоладагидек ўтади. Газета ва унинг ходимлари маблағдан зориқишмайди. Акс ҳолда босма нашрлар путурга кетади.

Албатта, газетанинг нуфузи, ўқишлилиги муҳаррирга чамбарчас боғлиқ. Муҳаррир ташаббускор, давр томирининг уришини яхши англаса, нашр саҳифаларида ўқишли, таҳлилий-танқидий мақолалар кўпаяди. Бу муштарийларнинг кўпайишига замин яратади.

Тўғри, кейинги пайтларда газетадан кўра ижтимоий тармоқларга ружу қўйган авлод пайдо бўлди. Демак, уларнинг ҳам қизиқишларини ҳисобга олиш керак. Бу вазифани газеталарнинг сайтлари бажаради. Афсуски, маҳаллий (туман-шаҳар) нашрларнинг аксарида веб-сайтлар йўқ. Борлари ҳам турли сайтлардан олинган олди-қочди хабарлар билан тўлиб чиқаяпти. Штатларни кўпайтиришга имконият йўқлиги боис сайтга тажрибали журналистни бириктириб қўйишнинг сира иложи бўлмаяпти. Натижада мулла билганини ўқийди қабилида сайтга материаллар жойлаштирилмоқда. Кўриниб турибдики, газетанинг қоғоз варианти бўлмаса, сайт вариантига муштарийларни жалб этиш имконияти бор экан!

Демак, босма ОАВнинг нуфузини сақлаб қолиш учун бутун жамият ҳисса қўшиши керак. Зеро, бир таниқли инсон айтганидек, “Ёрқин келажак ҳақида сиёсатчилар, ёрқин ўтмиш ҳақида тарихчилар, ёрқин бугунги кун ҳақида журналистлар заҳмат чекишади”.

Бугунги кунимизни бор бўйи-басти билан тасвирлаб берадиган журналистларимизнинг ҳолига, тўғрироғи, бугунги матбуотимизга эътибор гўё атай берилмаётганга ўхшайди.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =