Бу ўша Америка эди…

Менинг чиндан Америкага биринчи келишим эди. Биринчи марта кўрдим Американи. Лекин ҳаётга келганимга ярим асрдан ошди. Мен шунча йил яшаганимдан, аниқроғи, яшаб қўйганимдан унчаям хижолат чекмасдим, ўйламасдим ҳам балки… агар Америкага келмаган бўлганимда!

Айовада ўтаётган мана шу икки ой ичида жуда узоқ яшаганимни ҳис қиляпман. Шаҳар осойишта, одамлар шу қадар хотиржамки, кузатиб туриб ҳам дам оласан. Бўлмаса, бирорта бекорчи одамни учратганим йўқ. Ҳамма ўз иши билан банд. Лекин мана шу шошаётган одамларнинг ҳам қиёфалари жуда сокин, юзларидаги кулгу жуда табиий. Биринчи келган кунларим ёшлар, ҳаттоки, қариб қолганлари ҳам ёнимдан салом бериб ўтганларида ажабландим ва ҳушёр тортдим. Эртасидан бошлаб диққат қила бош­ладим. Ўзим ёши катталарга биринчи бўлиб салом беришга ҳаракат қила бошладим. Ва бир ҳафта ичида анчагина мослашиб олдим. Кейинроқ эса қийнала бошладим. Чунки, мен ўзимизнинг халқимиз билан бу одамларни солиштира бошлаган эдим… (Бу алоҳида мавзу)

Университетдаги дарс соатлари бизнинг вақтимизни инобатга олган ҳолда режалаштирилади. Агар умуман вақтингиз бўлмаса, айтасиз. Сизга ёзиб олинган дарс Email поч­тангизга юборилади. Сизнинг қачон вақтингиз бўлса, кириб дарслар билан танишишингиз мумкин. Шаҳардаги ҳамма транспорт ўқувчи ва студентлар учун бепул хизмат қилади. Балки, ўқитувчиларга ҳам бепулдир, билмадим. Мен студент ҳисобланганим учун ўзимга тегишли ҳамма нарсалардан ўша кунининг ўзида хабардор қилиндим.

Секин, бир маромда бошқарилаётган машиналарни кўриб, шунчалар ҳайрон бўлганимдан машинанинг ичига қарадим келган куним. Мен ичида одами йўқ, автоматик ҳолатда бошқариляпти, деб ўйладим. Кейин одамлар тарафидан бошқарилаётганини кўриб, тўғриси, ўша куни жуда ғалати кайфиятда юрдим. Умуман вақти йўқ одамларнинг машина бошқаргандаги хотиржамлигини қандай қилиб ўрганиш мумкин экан? Йўлдан ўтаётиб, руль бошқарувчиларига зимдан разм соламан, юзларида табассум билан йўлни кузатиб туришади. Йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларда умуман хавотир йўқ. Бирор ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини нохос бузиб қўйса-чи, деган қўрқув йўқ.

Ҳаттоки, йўлидан чиқиб қолган олмахонларни бемалол ўтказиб юбориб, кейин йўлини давом эттираётган қатор машиналарга қараб, яна ҳайратлана бошлайман. Бу ерда олмахонларнинг қадри ҳам бизнинг одамларникидан баланд! Бу ўлкада мумкин эмас, деган сўз йўқ шекилли, на университетда, на кўчада эшитдим бу сўзни. Ҳамма нарсани табиий қабул қилишади. Бировнинг устидан биров кулмайди. Дарс вақтларида бирор нарсага тушунмасангиз ёки тушунтириб беролмасангиз, бу ҳам табиий ҳол. Ўқитувчининг қиёфаси ўзгарса-чи? Бу ерда сизнинг фикрингиз жуда муҳим, ҳар бир сўзингиз қадрланади. Сизга нимадир ёқмаса, бемалол қилмаслигингиз мумкин. Мен Европада ҳам одамлар китоб ўқимай қўйган, деб эшитган эдим… Йўқ, нотўғри экан!

Ёши катта одамларнинг кўча ўриндиқларида ҳам китоб ўқиб ўтирганларини кўриб ҳавасим келди. Чунки, мен ёшлигимдан қарияларни кўрсам, раҳмим келадиган одатим бор эди… Мени яна қаттиқ таажжубга солган нарса, кўчалардаги бепул кутубхоначалар… Аввалига тушунмадим, “текин кутубхона”. Яқин бориб, очиб қарадим, очиқ экан. Эринмай китобларни кўриб чиқдим. Достаевс­кийдан тортиб, Пастернак, Флобер, Орхон Памукнинг китоблари, Хеменгуэй, Хуан Рульфо ва мен танимайдиган талай ёзувчиларнинг китоб­лари, айниқса, Тони Морисоннинг китобини кўрганимда, қотиб қолдим. Ҳамма китоб­ларни хонамга олиб кетгим келди, уялдим. Лекин, барибир, Тони Морисонни ташлаб кетолмадим. Яна хаёлим уй тарафларга кетади. Узоққа бормайлик, ўзимнинг уйимдан гапира қолай. Икки уйимда китоблар жамланган, ўқиладигани ҳам, ўқилмайдигани ҳам жавонда туради. Ўқилмайдиганларини ўқийдиганларга шартта воз кечиб берворолмайман, ёмон бир тушунча бор, мен уларни осонликча йиғмаганман. Ўқиган китобингни ҳам бермайсан, берсанг ҳам, хотирангни ўчиб кетмайдиган жойига ёзиб, кейин берасан. Бизда демак, худбинлик жуда кучли. Биз ҳамманинг ўқишини, билимли бўлишини унча ҳам истамаймиз, шекилли?.

Бундан 4-5 йил аввал, Тошкентимиз — жонажон пойтахтимиздаги миллий кутубхонага боргандик бир дугонам билан. Тўғриси, бир китоб зарур эди… Мен ҳужжатларимни унутибман, ўртоғимнинг эса бошида рўмоли бор эди. Мен ҳужжатим йўқлиги, ўртоғим эса бошида рўмоли борлиги учун кутубхонага киролмаганмиз…

Иккаламизнинг ялинганларимизни эслаб, кўзимдаги ёшни тўхтатолмадим…

Хосият РУСТАМОВА,

шоира,

Айова университети

Халқаро ёзувчилар дастури резиденти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 18 =