Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг ўрни
Коррупция — жамият тараққиёти кушандаси. Бугун бу иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича юртимизда маълум чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда ўтган йилдан эътиборан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятининг йўлга қўйилгани, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий Кенгашлар тузилиб, бугунги кунда улар фаолият юритиб келаётгани алоҳида аҳамиятли.
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий Кенгаши билан ҳамкорликда мазкур янги тузилманинг мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳудудий Кенгашида давлат ва нодавлат ҳамда жамоат ташкилотлари, ОАВ вакилларидан иборат 38 нафар таркиб тасдиқланган. Бугун уларнинг ҳар бири ўз йўналишидан келиб чиқиб, олдиларига қўйилган вазифани бажаришга киришишган.
Матбуот анжуманида журналистларга вилоятда Кенгаш томонидан олиб борилаётган ишлар, ҳудудий Кенгашнинг мақсад ва вазифалари, келгусидаги режалари хусусида батафсил ахборот берилди.
Қайд этилдики, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда таъсирчан тарғибот воситаларидан самарали фойдаланишда ОАВнинг ўрни ўта муҳим. Зеро, бу иллатнинг олдини олишда унинг салбий оқибатларини ўзида мужассам этган турли кўрсатув ва материалларни кенг тарғиб этиш аудиториянинг бу борадаги муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан мавзу доирасида берилган барча саволларга Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Келгусида бу йўналишдаги анжуманларни кўпроқ ўтказиб, ҳудудий Кенгаш фаолияти юзасидан журналистларга ахборот бериб борилишига келишиб олинди.
Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими раиси