Раҳбарлар ибрат олса…

Бугунги кунда айрим босма даврий нашрларнинг адади кес­кин камайиб бораётгани, мураккаб молиявий ҳолатга тушиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабдан баъзан “газета-журналларнинг даври ўтди, энди уларнинг ўрнини электрон нашрлар тўлиқ эгаллайди” қабилидаги фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилмоқда. Табиийки, бундай бирёқлама муносабат матбуот соҳаси вакилларини, муҳаррирлар ва журналистларни ҳам хавотирга солмоқда. Жамиятимизнинг   кўзгуси бўлган босма нашрларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Эътибор беринг, “мажбурий обуна”га барҳам бериш баҳонасида ихтиёрий обуна ҳам йўқ қилиниши оқибатида аксарият туман-шаҳар газеталари, ҳатто вилоят, республика миқёсидаги нашрлар оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган бир пайтда Самарқанд вилоятининг чекка бир тумани Пахтачи тумани газета таҳририяти учун икки қаватли замонавий бино — “Матбуот уйи” қуриб берилиши, журналистларга фаолият олиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, медиа марказ барпо этилиши нимани англатади? Шубҳасиз, туман раҳбарининг, газетага муассислик қилаётган ташкилотнинг матбуотга қаратаётган эътибори, унинг равнақи учун ғамхўрлик кўрсатаётганидан далолат беради. Бундан кўриниб турибдики, босма даврий нашрларнинг тақдири бевосита муассисга, туман ва вилоят раҳбарларига ҳам боғлиқ. Рес­публикамиздаги бошқа туманларда ҳам журналистлар учун “Матбуот уй”­лари қурилиб, газета таҳририятларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилса, нур устига нур бўларди.

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров “Пахтачи” газетаси таҳририятида бўлди. Туман ҳокимлигининг ўз муассислигидаги нашрига эътиборини қўллаб-қувватлади. Бундан бир йил аввал “Обод марказ” дастурига асосан туман газетаси учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Бунгача ижодкорлар бир қаватли, эски бинода фаолият юритган. Янги бино эса 1935 йилдан “Учқун” номи билан чиқа бошлаган газетанинг 85 йиллиги учун катта совға бўлди.

Уюшма раиси таҳририятдаги шарт-шароитлар, ходимларга яратилган қулайликларни кўздан кечириб, журналистлар билан суҳбатлашди.

— Янги бинода газетамиз янги дизайн ва мазмунда чоп этила бошланди, — дейди газета бош муҳаррири Санжар Қурбонов. — 3500 ададда ҳафтада бир, 8 саҳифада чиқаётган нашримиз ижтимоий тармоқларда ҳам ўз саҳифаларига эга. Газетамизда чоп этилаётган таҳлилий мақолаларнинг видео форматини QR код орқали осон кириб, youtubeдаги саҳифамизда ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда таҳририятимизда “Келажак журналистлари” ижодий тўгараги фаолият олиб бормоқда.

Мазкур тўгарак аъзолари билан мулоқотда Олимжон Ўсаров газета таҳририятида ҳамда тўгаракда ўқувчилар учун яратилган имкониятларга ҳавас қилганини яширмади. Келгусида таҳририят ёшлари учун зарур бўладиган соҳага оид китоблар ҳамда илмий қўлланмалар билан таъминлашда ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.

Газетанинг яшовчанлиги бевосита обуна билан боғлиқ. Уюшма раиси таҳририятга ташриф буюрган муштарийларнинг ҳам сўзларига қулоқ тутди.

— Бугун туман миқёсидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни ҳудудга киришингиз билан ҳис этгандирсиз, — дейди туман маданият бўлими ходими Гулчирой Абдуллаева. — Туман маркази — Зиёвуддин шаҳарчаси эса замонавий шаҳарсозлик намуналарини ўзида акс эттириб турибди. Албатта, буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин туман аҳлининг маънавий юзи, бу унинг газетасидир. Биз бугун ахборотни газетадан ўқимасмиз, лекин ўзимизга хос жиҳатларимиз ҳақида интернет сайтлари-ю, республика нашрларида ҳар доим ҳам берилавермайди-ку. Туманнинг тарихини, босиб ўтган йўлини босма нашргина ўзида сақлайди. Буни яхши англаган туман раҳбарияти ҳам газетани эътиборсиз   ташлаб қўйгани йўқ. Таҳририятга газета тарғиботи учун барча шароитларни яратиб берган. Энг асосийси, газетадаги ижодий муҳитга ҳавас қилса арзийди. Янги бинога ёш ижодкорларнинг кириб-чиқаётганини кўриб ҳам хурсанд бўлади киши.

Албатта, Пахтачи туманида матбуот равнақи, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан барча ҳудудлардаги раҳбарлар ўрнак олсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + nine =