Минтақавий анжуман: тажриба алмашишга хизмат қилади

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини холис ва тезкор ёритиб бориш, халқимизга етказиш журналистлардан зиммасидаги масъулиятли вазифани чуқур ҳис қилишни талаб этади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига бир қатор вазифалар қўйилганди. Шундан келиб чиқиб, уюшманинг жорий йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасида бир неча ҳудудларда минтақавий семинарлар ташкил этиш кўзда тутилди.

Навбатдаги минтақавий семинар жорий йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда уюшманинг Қорақалпо­ғистон бўлими ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида бўлиб ўтди.

Семинарда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси журналистлари қатнашди. Нукусдаги Ёшлар марказида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров иштирок этди ва ўз маърузасида жамият равнақида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритди. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлади.

Албатта, бундай очиқлик ва ошкоралик шароитида ишлаш, ўз фаолиятига нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз.

Шу мақсадда амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилаётгани эътиборли.

Уюшма раиси Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган етти йўналишнинг мазмун-моҳиятига кенгроқ тўхтаб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раиси Ў.Матқурбанов “Журналист масъулияти ва касб одоби”, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Б.Нурабуллаев “Замонавий матбуотнинг ривожланиш истиқболлари:   муаммо ва ечимлар” мавзусида сўз юритди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан баҳс-мунозаралар бўлиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинган қорақалпоғистонлик журналистларга гувоҳномалар, 2 нафар хоразмлик, 2 нафар қорақалпоғистонлик фаол журналистларга уюшма фахрий ёрлиғи, 9 та таҳририятга “Yurida-Orfo” дастури тантанали равишда топширилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Нукус шаҳрида ташкил этилаётган “Янги Ўзбекис­тон” боғига кўчатлар ўтқазишди. И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига уюштирилган саёҳат эса барчага манзур бўлди.

Шубҳасиз, бундай минтақавий анжуманлар журналистларнинг ўзаро тажриба алмашиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг эзгу мақсад йўлида жипслашишига хизмат қилаётгани билан янада муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + two =