Фаоллик ва жонкуярлик

Бугунги кунда аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Айниқса, ижодкор журналист аёлларимизни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ.

Таъкидлаш керакки, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказишда журналист аёлларимизнинг ташаб­бускорлиги сезиларли даражада ортиб бормоқда. Босма нашрлар, яъни, матбуотни оламизми, телерадио соҳасими, ёки интернет журналистикаси бўлсин, хотин-қизларнинг фаолликлари ва дадил қадамлари яққол кўзга ташланади.

Шунингдек, ОАВда фаолият олиб бораётган истеъдодли журналист опа-сингилларимизга йўл-йўриқлар кўрсатиш, рағбатлантириш борасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида ташкил этилган Журналист аёллар кенгаши ҳам бир қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

Куни кеча Миллий матбуот марказида “Журналист хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалалари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бугунги кунда журналист аёлларнинг фаоллиги жуда муҳим эканлиги, ҳар бир воқеа ва ҳодисага ўз фикрини билдираётган, жамиятимиздаги эришилаётган ютуқлар ҳақида ёзиш билан бир қаторда камчиликларни ҳам кўра олиш ва бартараф этиш ҳақида бонг уриш ҳар бир журналистнинг халқимиз олдидаги бурчи эканлигини таъкидлади.

Уюшма раиси ҳозирда ўтказилмай қолган “Атиргул” танловини қайта тиклаш ва ушбу танлов ғолибларини 8 март—Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифини билдирди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа қатор ташкилотлар томонидан ўтказиб келинаётган “Йил аёли” миллий танловида журналист хотин-қизлар учун ҳам алоҳида номинация жорий этиш тўғрисида таклиф киритди.

Юртимизнинг фаол аёлларидан бўлган журналист Феруза Муҳаммаджонова ижодкор опа-сингилларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги таклифларини ўртага ташлар экан, сўнгги йилларда, хусусан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасида хотин-қизларимиз сони ортиб бораётганини таъкидлади.

Тадбир якунида бир гуруҳ журналист хотин-қизлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинди ҳамда уларга уюшма аъзолиги гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Ўз мухбиримиз

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + six =