Сўзни сўзлатиш ҳам бир санъат

Мана йилнинг сўнгги ойига ҳам қадам қўйдик. Бу дам ўтган йил сарҳисоби ҳамда янги йилга мўлжалланган ишларни режалаштириш учун айни палла. Шундай мақсадлардан келиб чиққан ҳолда яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида босма нашрларимиз ичида ўз нуфузига эга бўлган “Ishonch” ва “Ishonch – Довериегазеталари таҳририяти жамоаси томонидан жорий йилда нашр этилганБир сўз…”, “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…”, “Биз ҳаётдан розимиз!” номли китобларнинг тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров очиб, сўнгги йилларда “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари таҳририяти кутубхонаси” рукнида китоблар чоп этилиши яхши анъанага айлангани, хусусан, “Бир йилга бир назар”, “Ishonch” айтадики…”, “2020 — миллатни улғайтирган йил” каби китоблар таҳририят жамоасининг ўзига хос ижодий сарҳисоби сифатида ўқувчиларга манзур бўлганини таъкидлади.

Тақдимот маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, филология фанлари доктори, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад “Китоб қандай бўлмоғи керак?”, таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов “Ishonch” публицис­тикаси…”, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов “Уч китоб — уч солнома” мавзусида маъруза қилди.

“Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов “Биз нега китоб чиқарамиз?” деган саволни ўртага ташлади. Бу саволнинг жавоби эса кўпчиликка маълум: газетада чоп этилган долзарб мавзудаги мақолаларни зукко муштарийларга жамлаган ҳолда етказиш. Мазкур китоблар ҳақида сўз очадиган бўлсак, “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…” номли китоб жамоанинг салкам бир йиллик меҳнати меваси бўлиб, унда газетамизда чоп этилган турли мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Юртбошимизнинг фармон ва қарорлари ижросига бағиш­ланган энг сара материаллар ўрин олган, — дейди у.

“Биз ҳаётдан розимиз!”. Мазкур китоб давлатимиз раҳбарининг инсонпарварликка йўғрилган эзгу ташаб­буси билан ташкил этилган “Аёллар дафтари” сабаб рўшноликка эришган хотин-қизларнинг миннатдорлик мактублари асосида тайёрланган. Мактуб­ларни ўқиган ўқувчилар бугунги ислоҳотларнинг ёрқин самараларини аёллар тақдиридаги ўзгаришлар мисолида кўради, мушоҳада этади.

Албатта, ҳаётий ҳақиқатларни, унинг ранг-барангликларини бадиий ифодалаш ижодкордан катта куч ва маҳоратни, истеъдодни талаб қилади. Руҳий ҳолат ва кечинмаларни тас­вирлаш ҳам анчайин мураккаб. Ана шу йўлда изланиш, сўзни сўзлатишга ташналик ҳам бир қисмат. “Бир сўз…” деб номланган мўъжаз тўпламга шу қисматга дохил бўлган “Ishonch” газетаси таҳририяти ходимларининг ижод намуналари жамланган. Аслида, шоирлик ҳам, ёзувчилик ҳам қисмат, аммо буни ҳамма ошкор қилавермайди. Умид қиламизки, “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари таҳририяти жамоасининг ҳар учала китоби ўқувчиларга манзур, ушбу хайрли анъана эса бардавом бўлади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 7 =