Аср билан бўйлашган журналлар қайта тикланди

Бундан қарийб бир ярим аср олдин, аниқроғи, 1870 йил 28 апрель (янги тақвим бўйича 10 май) куни Тошкентда “Туркес­танские ведомости” газетасининг биринчи сони босмадан чиққан. Бу билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси вақтли матбуотига тамал тоши қўйилганди дейиш мумкин. Кейинчалик ушбу нашр ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” номи билан ҳам чоп этила бошланган.

Тарихга назар ташласак, бу ўша даврдаги кишилик жамияти тараққиётидаги том маънодаги оламшумул воқеа эди. Чунки айрим ҳозирги саноати ривожланган давлатларда ҳам ҳали газетачиликдан асар ҳам йўқ эди.

Мисол учун, Японияда илк газета “Токио Ничи Ничи Шимбун” юртимизда матбуот пайдо бўлгандан сўнг орадан икки йил ўтиб — 1872 йилнинг 21 февраль куни нашр этила бош­ланган. Кореяда эса биздан роппа-роса ўн уч йилдан кейин, яъни 1883 йилнинг 31 октябрь куни биринчи миллий газета “Хансонсунбо” дунё юзини кўради.

 

Айнан шу сабабдан ҳам ўзбек миллий журналис­тикаси ўтмишини ўрганиш, ҳар томонлама тадқиқ қилиш, ундан сабоқ олиш жуда катта маърифий ва маънавий аҳамият касб этади.   Маърифатпарвар аждодларимиз томонидан асос солиниб, халқимизнинг маънавий камолоти йўлида хизмат қилган нашрларимиз бугунги кунда ҳам шу мақсадда ўз фаолиятини давом эттириб, миллатдошларимиз учун керакли сўзни айта олиши билан суянч ва дилкаш вазифасини ўтаб келаётгани айни ҳақиқат. Аммо маълум сабабларга кўра неча йиллик тарихга эга бўлган       айрим газета ва журналларимиз чоп этилмай қолган эди.

Миллатимиз фидойилари деб эътироф этадиган жадидларимиз томонидан ташкилланган “Муштум” ҳамда “Ўзбекистон матбуоти” журнали ҳам афсуски шулар қаторида эди. Жорий йил, 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўтказган “Миллий журналистика: ютуқ ва муаммолар таҳлили” мавзусидаги анжуманда бу икки журналнинг иқтисодий инқироз сабаб фаолиятини тўхтатганлиги, яна қайта тиклаш режалаштирилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Мана орадан 2 ой ҳам ўтмасдан Ўзбекистонда журналистларнинг асрга тенгдош икки журнали қайта тикланди.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида изма-из бу журналларнинг тақдимот маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутасаддилари, республиканинг қатор оммавий ахборот воситалари ходимлари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети вакиллари ҳамда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг раиси Олимжон Ўсаров ўзбек журналистларининг ягона илмий-амалий нашри бўлган “Ўзбекис­тон матбуоти” журнали ҳамда ҳажвий, танқидий, кўнгилочар журнал сифатида кўп­ларнинг эътирофига сазовор бўлган “Муштум” нашри миллий медиа­ма­ко­­ни­мизда ўз ўрнига эга эканлиги, журналист кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишда, соҳадаги тадқиқотларни ёритишда энг муҳим манбага айланиши ҳақида гапирар экан, йиғилганларни яна ҳаётга қайтган бу журналлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

– “Ўзбекистон матбуоти” журнали талабаларимиз учун муносиб майдон вазифасини ўтайди. Илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланадиган ёшларимизнинг ишларини журналнинг ҳар сонида кўришни истаган бўлардим. Сабаби, бу орқали биз бугунги кунда журналистикани чуқурроқ ўрганиш мақсадида изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларнинг ўзаро мунозарасига сабаб бўлиш мумкин. Қолаверса, бу илмий тадқиқот ва мунозараларнинг медиамаконда юзага чиқишига олиб келади, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг илмий ишлар бўйича проректори Нозима Муродова.

Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий томонидан асос солинган ўткир танқидий мақолалар, фельетонларни асосий қурол қилиб, жамиятни турли иллатлардан тозалашда “Муштум”нинг муносиб ўрни бўлганлиги кўпчиликка маълум. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш бу журналнинг бош мезони бўлиб келган. Умуман олганда бу журнал биз учун бир қадрият эди ва уни йўқотиб юбориш катта хато бўларди. Ҳолбуки фаолияти қайта тикланган экан, бу икки журналнинг ҳам аввалгидек мавқеига эришиши йўлида омадлар тилаб қоламиз.

Дарвоқе, ушбу нашрларнинг бир-икки йиллик танаффусдан кейин яна нашр этила бошлагани ҳақидаги муждани нафақат ўзбек матбуоти, телеканаллари, ҳатто қатор хорижий нашрлар ҳам ёритганини айтиш жоиз. Хусусан, улуғ шоир Чўлпон томонидан бундан 103 йил аввал асос солинган “Ўзбекистон матбуоти”- нинг яна нашр этила бошлагани ҳақидаги лавҳани Туркиянинг нуфузли “TRT Avaz” телеканали ҳам эфирга берди. Бу матбуотимизга ҳам жаҳон аҳлининг эътибори юқорилигидан дарак беради.

К. РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − eleven =