“Ўқинг Анвар қори, ўқинг, биродар…”

Кўзимга ёш келди… Рости, анчадан бери телевизор орқали кўрган нарсамга йиғламаган, нафақат йиғламаган, ҳатто шунчаки, таъсирланмаётган ҳам эдим. Куни кеча Президентимиз Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманини айланганида аҳолининг, айниқса, нуронийларнинг айрим телекўрсатувлар ҳақидаги очиқ фикрлари, чора кўрилишини сўраб мурожаат қилганларини кўриб қўлимга қалам олдим.

 

Дарҳақиқат, бир қанча хусусий телеканаллардаги бачкана намойишлар (кўрсатув дейишга тил бормайди) ўзини ҳурмат қилган одамларнинг асабини қақшатиб бўлди. Жуда енгил-елпи, юзаки шоуларнинг умри бўлмайди. Лекин ҳозир сўзимиз бу ҳақда эмас. Кўпчиликка, юракка эш бўлгувчи кўрсатувлар ҳақида.

Яқинда “Маҳалла” телеканали орқали намойиш этилган “Сийрат” кўрсатуви Анвар қори Турсуновга бағиш­ланди. Ушбу кўрсатувни томоша қилиб, том маънода яйрадим, ана ўшанда йиғладим. Яна бир бор ўзбек халқининг “Хотира”си нақадар кучли ва мустаҳкам эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Телевидениеда Инсон, Яхши Инсон ёдини хотирлаш ва бу орқали яна бир бор телетомошабинларга тарбия, маънавият ва маърифат нурларини сингдириш маҳорати журналист ёндашувига боғлиқ. Ушбу кўрсатувни журналистикага хос баландпарвоз, бўрттирилган гаплар билан мақташ, алқаш ниятим йўқ. Аммо кўрсатув мавзуси, унга танланган иштирокчилар, айтилаётган ҳар бир гапнинг олди-қочди “нав­батчи” сўзлардан эмас, балки аниқ фактларга таянгани, фондаги мусиқа, тасвирорти матнини ўқиган овоз, хотираларнинг энг сара ва энг гўзаллари танлаб олингани яққол кўзга ташланди. Журналист Икром Чориев ўзининг Анвар қори Турсунов билан телевидениеда олиб борган узоқ йиллик ҳамкорлиги, фаолияти билан боғлиқ хотираларини кўрсатувнинг ўқ чизиғи қилиб белгилаган. Кўрсатув давомида қаҳрамоннинг (ўзбек миллатининг) оддий онаси, фарзандидан тортиб ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар уламо-ю, олим-фозилларнинг бетакрор хотиралари, фикрлари келтирилган. Айниқса, журналистнинг: “Қори ака Оллоҳ таолонинг ошиғи эди. Унинг дийдорини муштоқи эди. Биз ўзаро суҳбатларимизда жуда кўп бу воқеанинг гувоҳи бўлганмиз. Ўзи ҳақиқий ваълий зотлар, Оллоҳга муқарраб зотлар фақат Унинг дийдорини тилаб яшайди. Қори ака шундай яшади. Оллоҳ таоло қори акамни муродига етказган бўлсин!” деб қаҳрамоннинг бутун умрлик эътиқоди, орзуси, тилагига нақадар эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан ёндашганини кўришимиз мумкин. Кўрсатув ютуғидаги яна бир топилма, унинг якунида ўзбек миллатининг икки забардаст ижодкори, олимининг ўзаро боғлиқлиги ва улуғворлиги, фаолияти бир нуқтада мужассам этилганидадир, яъни, “Сийрат” кўрсатувининг Анвар қори Турсуновга бағишланган сони Абдулла Ориповнинг айнан қори акага атаб ёзилган шеъри шоир томонидан ўқилиши билан якунланганлигида. Нақадар хижолатманки, улуғ шоиримиз бундай шеър ёзганларини ана шу кўрсатувни кўриб билдим. Мана ўша шеър:

 

                                ТАВАЛЛО

Ўқинг Анвар қори, ўқинг, биродар,

Муқаддас Қуръоннинг оятларидан.

Руҳимга тинимсиз ёғдулар ёғар,

Чексиз самовотнинг қаватларидан.

Ўқинг “Фотиҳа”ни, ўқинг “Ёсин”ни,

Тавба эшиклари очилсинлар ланг.

Тазарру деб билинг кўзда ёшимни,

Ўқинг, барчамизга шафоат тиланг.

Ўқинг, бор гуноҳлар буткул тўкилсин,

Аршгача юксалсин савобнинг ҳадди.

Ўқинг ёвузликнинг бели букилсин,

Токи эзгуликнинг рост бўлсин қадди.

Инсонни минг йиллар жаҳолатидан

Аслига қайтарган иймон-ку ахир.

Ўқинг, илоҳий сўз ҳароратидан

Эрисин ҳаттоки тош қотган бағир.

Ўқинг, зарра ғубор қолмасин дилда,

Кундуз қуёш гувоҳ, тунда гувоҳ ой.

Мўминлар қатори ўша манзилда

Бормикан менга ҳам тангачалик жой..?

Яна шуни айтмоқчи эдимки, Ўзбекистоннинг ҳозирги замонавий телерадиомаконида, аниқроғи, ахборот маконида танлаш имконияти бор. Инсон ўзида нимага эҳтиёж ҳис қилса, шунга интилади. Бироқ бунда ёшларни тўғри йўналишга йўллаб туриш катталарнинг вазифаси ҳисоб­ланади. Мен, ЎзМТРК тизимидаги бир қараганда унча замонавий бўлмаган, шов-шувли (юзсиз, беҳаё, шовқинли, миллий менталитетга зид) шоулар-у, турфа хил ажнабий сериаллардан ҳоли “Маҳалла” телерадиоканалининг борлигидан хурсандман ва унда ўз ёндашувига эга журналистлар фаолият олиб бораётганидан фахрланаман.

Манзура ФАЙЗИЕВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =