Бирлик бор – тириклик бор
Ҳар бир ўзини ва ўз мамлакатини ҳурмат қилган фуқаро бутун юртимиз тақдири ва келажагини белгиловчи улкан ҳодиса — Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этди. Биз овоз бериш ҳуқуқимиз, чин фуқаролик эркимиз ва қарашимизга таяниб, ўз танловимизни қилдик. Бугунги қилган қароримиз эртанги тараққиётимиз, чиройли турмушимиз, мамлакатимиз фаровонлиги, юртимиз осойишталигини белгилаб беришига ишонамиз.
Юртимизнинг ҳар бир фуқароси 24 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Президент сайловида иштирок этиб, ўз қарорини қабул қилди. Биз ўзимиз улуғ ва масъулиятли лавозимга муносиб деб топган номзодга – юртимиз келажаги, Ватанимиз истиқболи, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, келгусидаги равнақи, халқ фаровонлиги йўлида собит ва толмас етакчи бўлишига амин бўлган инсонга овозимизни бердик.
Ижтимоий тармоқларда жамиятимизнинг турли соҳа вакиллари сайловдаги иштироклари ва сайлов жараёни борасидаги шахсий фикрларини билдирдилар. “Instagram”, “Facebook”, “Telegram” саҳифалари сайлов участкаларидаги фотосуратлар, фотолавҳалар, муносабат ва фикрлар билан тўлиб кетди. “Мен ва оилам учун бугун жуда муҳим кун” , “Бугун сайлов куни”, “Мен ўз овозимни юртим келажаги учун бердим!”, “Мен сайловда қатнашдим… Сиз-чи?..”, “Янги Ўзбекистон учун овоз бердим!” каби юзлаб постлар халқнинг кайфиятини, фаоллигини намоён қилди. Хориждаги сайлов участкаларида, хусусан, Москвада ўз овозини бериш учун навбатда турган ватандошларимиз фотосуратлари ижтимоий тармоқ ва каналларда тарқалди. Бу яна бир бор мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишонч, фуқароларимизнинг юртимиз келажагига бефарқ эмасликларидан далолат. Ахир, охирги 5 йилдаги ўзгариш ва ислоҳотлар жамиятнинг энг кичик бўғини бўлмиш ҳар бир оила, хонадондан тортиб, туман, вилоят, шаҳарлар ва бутун мамлакат ҳаётида ўзининг ижобий аксини топмадими?! Демак, халқимиз ўз танлови юрт равнақи, тинчлик-осойишталиги, фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши ва фаровон ҳаёт кечиришининг муҳим гарови эканлигини тўғри англади. Зеро, кўпчилик якдил фикрга келибдими – демак бунда ҳикмат бор, ҳақиқат бор.
Сайлов жараёнларининг фаол иштирокчиси сифатида бугун юртимиз фуқароларининг жамиятда қандай мақомга эга бўлишидан қатъи назар, юрт истиқболи учун жавобгарлик, бурч ҳисси ортганлиги, фуқаролик туйғуси юксалганлиги, энг муҳими, халқимиз орасида келажакка ишонч ва бирдамлик, якдиллик туйғуси барқарорлигига амин бўлдим.
Сайловда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқадиган авлод — ёшларнинг фаоллиги алоҳида эътирофга лойиқ. Улар “ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш” олий мақсад қилиб белгиланган келажак учун овоз бердилар.
Албатта, “пул бермас маърака бузар” деганларидек, бизнинг овозимиз ҳеч нимани ҳал қилмайди деган лоқайд, бефарқ, бузғунчилик кайфиятини тарқатиб, жамиятдаги ўзгаришларга билган-билмаган ҳолда ғов бўладиганлар ҳар доим, ҳар қандай жамиятда бўлгани каби, бизда ҳам учради. Улар ҳам айтадиганини айтиб олди, ҳеч ким фикр билдиришга тўсқинлик қилгани йўқ уларга. Халқ эса ўз танловини қилди.
Энг асосийси, сайловга муносабат ўзгарди. Халқимиз уйғоқ, тетик, ўз фуқаролик бурчини англаган, у мамлакат тақдири унинг ўз қўлида эканлигини тўла ҳис қилди. Ғалвир сувдан кўтарилди.
Сайлов умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда демократик тамойиллар асосида, шаффоф, очиқ-ошкора ўтди, айни пайтда халқаро ҳамжамият эътиборида бўлди. Сайловда иштирок этган 1000 дан зиёд халқаро кузатувчилар оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёнига ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятига демократик, очиқлик ва шаффофлик нуқтаи назаридан ижобий баҳоларини бердилар. Сайловнинг нафақат тарғибот-ташвиқот, балки ташкилий жиҳатдан ҳам юқори савияда ўтказилгани, фуқароларнинг фаоллиги, жамиятнинг маданий ва сиёсий онги юксалганлиги мени қувонтирди. Бир сўз билан айтганда, Президент сайловига тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро ва миллий қонунчилик, демократик талаблар асосида амалга оширилди. Биргина сайловолди ташвиқотлар учун тенг имкониятлар яратилгани, гендер мувозанатни сақлаб, номзодлар орасида аёл киши бўлгани, мисли кўрилмаган даражада сўз эркинлиги, фаол жамоатчилик муҳокамалари, ижтимоий тармоқдаги муносабатлар, илк бора дебатлар ташкил этилгани, 1000 дан зиёд халқаро кузатувчилар иштироки сайловнинг юқори савияда ўтганлигининг далилидир. Очиқ ва шаффоф, қонуний ва тартибли ўтган Президент сайлови мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишда муҳим омиллардан бири бўлганлигига шубҳа йўқ.
…Менимча, сайловда иштирок этган ҳар бир мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган чин фуқаро қалбида нафақат ўзининг конституциявий бурчини адо этиш, балки жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиш истаги бўлди. Мамлакатда барқарорлик, тинчлик, яъни қўшнилар билан яхши муносабатлар, мувозанатли ташқи сиёсат, улкан ислоҳотларнинг давом этиши, турмуш фаровонлиги, инсон қадрининг юксалиши истагида ўз овозларини энг муносиб номзодга бердилар. Бу билан бошланган ислоҳотлар ҳаётимизни янада кўркам ва фаровон қилишига, барчаси “инсон қадри учун” шиори амалга ошишига ишонч билдирдилар.
Меҳрибон АБДУРАҲМАНОВА