ЭҲ, АФСУС!

Замон, яшаш шароитларимиз фикрлаш ва дунёқарашимиз ўзгармоқда. Ҳозир илғор ахборот технологиялар асри. Интернет, ижтимоий тармоқлар кун сайин, cоат сайин ривожланмоқда. Фикру хаёлимиз шулар билан банд бўлиб қолди, ҳатто тонгдан тунга қадар десак ҳам бўлади. Ижтимоий тармоқлар, турли ўйинлар ва бошқа кўп­лаб электрон дастурлардан бугун энг кичик ёшдаги болаларимиз ҳам хабардор. Ҳатто ёшига етмаган болага ҳам телефон тутқазсангиз, йиғлаб турган бўлса, йиғидан тўхтайди, дарров овунади…
Баъзан ўйлаб қоламан: “Оқибатсиз, бир-биримизга меҳр-муҳаббатсиз бўлиб кетаётганимизга шу электрон воситалар сабаб бўлмаяптимикан?!”
Вояга етганми, етмаганми, фарқи йўқ, фарзандингизга бирор юмуш айтиб кўринг, қўлидаги шапалоқдек телефонидан бош кўтармай, “ҳозир”, “хўп”дан нарига ўтмайди. Шунда бироз жаҳлингиз чиқади. Қаттиқ гапирмоқчи бўласиз. Лекин “фойдаси бўлармикан?” — деб ўйлайсиз.
Яқинда бир дўстим чиройли муқовали, саҳифаларига ҳаёт ҳикматлари битилган, ажойиб китоб совға қилди. Роса хурсанд бўлдим, ноёб топилма топгандек китоб саҳифаларини варақлай кетдим. Унда келтирилган ҳикматлар, тасвирланган воқеалар куни кеча эмас, ҳозиргина бўлиб ўтгандек ўта таъсирли қилиб ёзилгандики, ҳайратланмасдан, завқланмасдан илож йўқ.
Дастурхон атрофида тўпланган болаларимга дўс­тим, у совға қилган китоб ҳақида роса гапирдим. Аммо улар мени, ички кечинмаларимни, китоб тўғрисида айтганларимни дилига жойлаб эшитди, деб ўйламайман. Чунки кўриниб турарди, улар дастурхон атрофида ўтирган бўлса-да, хаёллари менинг “доно” гапларимда эмас, телефонларида эди.
Тўғри, ҳозирги ахборотлашган асрда ёшлар орасидан илғор технологияларни яратувчилар, янги лойиҳалар устида изланиш олиб бораётганлар, бадиий адабиётга қизиқиб, шеъру ҳикоялар ёзаётганлар, нуфузли танловларда иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритаётганлар ҳам бор, албатта.
Лекин беш қўл баровар эмас, улар орасида ҳаётга енгил-елпи қараб, бўлар-бўлмас, мантиқсиз ва са­виясиз нарсаларга вақт сарфлаб, умрини ҳавога совураётганлар жуда кўп. Бундай ёшларга китоб ва газета тўғрисида гапирганнинг фойдаси йўқ. Чунки мутолаа қилиш улар учун ёт тушунча.
Назаримда, теран фикрли, ақл-идрокли бўлишида “iPhone”лардан, телефонлардан кўра китобу газеталар муҳимроқ. Ҳозир ўйлаб иш қиладиган, ўйлаб гапирадиган замон. Адашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Эътиборсизлик, боқибеғамлик эртага болаларимизнинг онги шуури бузилишига, турли оқим, ёт ғоя­лар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Ахир орзу-умидларимиз — бир дунё. Кеч бўлганда дод-вой қилишдан нима наф? Мумкин қадар ҳар бир нарсанинг, iPhone телефонларнинг ҳам, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг ҳам меъёри борлигини, улардан ўринли фойдаланиш лозим эканлигини тинмай, эринмай уқтиришимиз, ўргатишимиз зарур.
Камина асли тоғликман. Электр токини олти ёшга киргунимча кўрмаганман. Уйимизда оддийгина мой чироғимиз бўларди. Баландлатилса, пилиги куйиб, чироқ шишаси қорайиб кетарди. Қораймаслиги учун милтиратиб ёқиб, чироқ шуъласи атрофида ўтириб китоб ўқирдик, катталар газета-журнал ўқирди. Таассуротларимизни бир-биримизга айтиб берардик. Тўғри, ҳозир замон бош­­қа. Аммо китоб, газета-журнал учун вақт ажратиш мумкин. Хоҳиш бўлса кифоя.
Қайси куни, телефон титкилаб ўтирган ўғлимга анча вақт қараб турдим. Лекин у менга аҳамият бермасди. Бутун вужуди, хаёли телефонида эди.
— Шунинг ичида нима бор? Кеча-кундуз титкилаганинг-титкилаган, бирор фойдаси борми? — деб сўрадим.
— Билмайсиз-да, — деди ўғлим “матоҳи”дан бошини кўтармай. — Бунда кўп нарсалар бор: телеграм, инстаграм, фейсбук, тик-ток… Хуллас, жуда кўп нарса ўрганяпман, дада.
Жаҳлим чиқди. Лекин ўзимни босдим. Сўнг унга ётиғи билан тушунтирдим:
— Сен айтаётган телеграмнинг ҳам, инстаграмму тик-токнинг ҳам нима эканини сенчалик бўлмаса ҳам, мен ҳам сал-пал тушунаман. Барибир, фойдасидан зарари кўп. Чунки…
— Бўлди, дада. Яна шу гапми?
Кўряпсизки, бундай гаплар, танбеҳларимиз болаларимизга асло ёқмаяпти.
Нима қилмоқ керак?
Қандай қилиб болаларимизни телефондан “юлиб” олсак, яна уларни китоб, газета-журнал ўқийдиган даражага қайтарсак бўларкин? Наҳотки, бунинг сира иложи бўлмаса?
Менимча, ҳалиям бунинг имкони бор. Бунинг учун ҳар бир оила, мактабда газета-журнал ўқиладиган миллатга айланишимиз керак!
Аммо минг афсуски, мамлакатимизда 10 мингдан зиёд мактаблар бор, уларда миллионлаб фарзандларимиз ўқийди. Бироқ минг афсуски, ҳозир болалар нашрлари “Тонг юлдузи”, “Ғунча” кабилар уч мингта ҳам чиқмайди. 5 миллионта оиланинг қайси бирига бугун бирор газета ёки журнал боради, буни ҳам биров билмайди. Қолаверса, бу ҳақда “Hurriyat”да ўтган яқин икки йил давомида қанча ёзилди. Лекин қани муносабат, қани бирор натижа?!
Энг ёмони, бу билан ҳеч ким қизиқмайди. Таълим соҳасидагиларнинг топиб олган гапи шу — “Мажбурий обунага қаршимиз”.
Унда мажбурий таълимни ҳам “йиғиштириб” қўя қолайлик?
Эл бошида ишонч билдириб қўйилган туман, вилоят ҳокимларига матбуотнинг аҳамияти ҳақида қанча гапирманг, фойдаси йўқ: аравани қуруқ олиб қочишади.
Очиғи, энди бор нажот Юртбошимиздан.
Давлатимиз раҳбари матбуот ва ОАВларига нечоғлик катта эътибор қаратмоқда. Эшитдик, ҳукуматимиз ҳам ўзи муассис бўлган бир қанча газеталар ва партия нашрларини ривожлантириш учун қўллаб-қувватлабди. Лекин энди бу жараён барча матбуот нашрларига умуммуносабатнинг ўзгариши билан давом эттирилса, кутилган натижа бўлиши мумкин.
Ҳозирча аҳволимиз… Эҳ, афсус!
Ғулом ПРИМОВ,
журналист.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =