Журналист учун энг катта совға… одамларнинг ишончи бўлиши керак!

Бу мавзуни яқин икки йилдан бери ёзмоқчи бўламан. Вилоятда журналистиканинг “монополлашуви” икки-уч йиллар ичида бошланди. ОАВ ходимлари кунини ўтишини кутдим, ўзимча ижобий натижа бўлар деган умидда.

Журналист ҳам инсон, байрам қилишга, дам олишга ҳаққи бор. Айниқса, уларнинг ойлик маошини ҳисобга олинганда, ҳар байрамда масъул ташкилотлардан совғалар олишга ҳам ҳақлидек туюлади.. Бироқ ўтган икки йил давомида наманганлик журналистларни “бой” ташкилотлар томонидан йилига икки марталаб тақдирлаб туриш урфга айланиб кетди. Ҳатто “улоқ” олгандек ҳар бир совға билан тушган суратини ижтимоий тармоққа жойлайдиган “пиар усталари”нинг сони ортди.

 

Сўз майдонига ахборот хизматлари кириб келгач, бу ҳолат янада кескинлашди. Байрам арафасида, пресс-турларда  ҳокимлик ёки қайсидир ташкилот ОАВ вакилларини чорлаши керак бўлса, фақатгина ўша хизмат раҳбарининг “улфатлари, яқинлари”нинг таклиф этилиши совға билан, дастурхон олдида кўз-кўзлаб суратга тушиб, ижтимоий тармоқларга қўйилиши одат тусига кирди. Бу ҳолатда журналист мақтовдан бошқа нимани ёза олади?! “Еган оғиз уялар” тарзида ўтаётган пресс-турлар мақтовдан нарига ўтмайди. Ҳар бир ахборот хизмати раҳбари ўзининг вазифасидан ташқари бирон ишни қойиллатаётгани ёки республика даражасида биронта муаммони кўтариб чиқмаётганининг сабаби ҳам айнан шунда. Вазифа нуқтаи назаридан ҳамма бир маромда ишлаётгани бор гап. Журналистикани ҳам “монополияга” айлантириб улгурган вилоятда “тинчлик, осойишталик”, муаммосиз ҳаёт давом этаётгани “маддоҳлар мактаби”га  асос солинганини кўрсатади.

Бирон марта пресс-турга ёки йиғилишга айтилмаса жар солиб, “жонли чиқиш”лар қиладиган айримлар ҳам, “рағбатлантирилгач”,  “жимгина”  ўз суратларини жойлашга тушишди. Републиканинг вилоятдаги мухбирлари, “озгина қулоқсизликка мойиллар” энди бирон тадбир, тақдирловдан қолдирилмайди. Ва улар ҳам бундан жуда миннатдор ҳамда эътироф этилишлари керакдек тутишади ўзларини.

Ҳар йили “рўйхати шакллантириб қўйилган” журналистларни икки марталаб, рағбатлантириб турадиган вилоят электр тармоқлари корхонаси, “Ватанпарвар” ташкилоти”, ИИБ, ДХА, Соғлиқни сақлаш шунга ўхшаш нуфузли ташкилотлар ҳақида қайси журналист танқид ёза олаяпти?! Айтганча, уларда муаммо, тан­қидга мос мавзу бўлмаса керак, балки?! Совғани олиб, раҳбарларга “минг қуллуқ” қилиб кетаётган журналист, блогерларни кўриб, ҳайфинг келади. Энди йил бўйи раҳбарнинг “ошиғи олчи”, матбуот анжумани ўтказса ҳам, қаттиқроқ “аксирсаям” журналистлар унинг “измида”, “мақтовнинг кифтини келтиришади”.

“Америка овози” телерадиокомпанияси мухбири Навбаҳор Имомованинг бир гал катта бир анжуманда айтган гаплари ёдимга тушди: “Журналистнинг ҳеч қачон совға, ҳадя олишини маъқулламайман. Сабаби, тақдирлаган, рағбатлантирган раҳбар энди ҳақдор бўлади, сиз эса унинг олдида ҳисоб беришга мажбурсиз. Танқид қила олмайсиз, муаммоларига кўз юмишга мажбур бўласиз. Сизни меҳнатингиз – қайсидир муаммони ечганингизда, сиз туфайли нимадир ижобий натижага эришганда билинади”. Рост, мана кечаги байрам тафсилотларида кўзим тушди: “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова совғасини ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетига топширишга қарор қилди.”

Вилоятимизда 100 нафар “саралаб олинганлар” (қайсидир мезон, меҳнатга кўра)  кечаги байрамда иштирок этишди. Ҳамма вилоят ҳокими олдида қатнашиш шарафига лойиқ топилганидан миннатдор бўлиб, ёнида “эрта-ю кеч ёзиб, тенгма-тенг, ҳатто ундан аълороқ ишлаётганлар кўзига ҳам хижолат тортмай, тик қарашгача етиб келди. Буларнинг сафида “ўнинчи марта “ёғланганлар”, балки 15-марта “эътироф қилинаётганлар” ҳам бор. “Омадини берсин” дегим келади, лекин “байрамда рўйхатда мен ҳам борманми” деб қўнғироқ қилганлар, ҳақиқатан эътирофга лойиқларнинг иштироки бўлмагани, кўп қатори мениям “оғринтирди”. “Совғапараст”лик “касалига дучор бўлган (қаламкашлар десам, тўғри бўлмас), “фаолиятим шунга лойиқми” деб ҳатто ўзини таҳлил қилолмайдиган, “байрамбоп” инсонлар бу соҳани ҳам “жиддийгина ўйинга” балки “пиар”га айлантириб бўлишди.

Мулоҳазали фикр айтсанг ҳам, танқидий мақола ёзсанг ҳам, “тарафкашларинг” бўлмаса, ёнингга ҳеч ким кирмайди. Тўғри фикр айтибсиз, дейишади, бироқ қўллаб-қувватлаш учун “тролларинг” бўлмаса янада бефойда.

Бу мулоҳазалар анчадан буён дилимни кемиради,  мутахассис бўлганим учун соҳамизни “бизнес”га айлантираётганларга, “чип”ларни ютар даражада ўз эгасига “содиқлигини” исбот қилаётганларга, ахборот майдонига “осонгина, кириб, “танқид қилсам” эътирофлар кўпаяркан” деб хомхаёл билан фаолият олиб бораётганларга, устозларимиз айтишганини эслатгим келди: Бу – вақтинчалик, Ё Ҳаққа, ё Халққа хизмат қилинг – кам бўлмайсиз. Бирон нарса таъмасида қилинган танқид ҳам охир-оқибат – нафсингизни қули эканлигингизни исботлаш билан бирга, одамларнинг сизга бўлган ишончини йўқотади. Ишонч бу – журналист учун энг катта мукофот.

Журналистика – жиддий, жамиятимизга энг керакли соҳа. Буниям бизнесга айлантириб юборманг, илтимос!

Саида Исмоилова,

ЎзЖИУ Наманган вилоят бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − five =