Ўқишга вақт йўқми?
Қачон, қай пайти олис қишлоққа бормай, қўшни хола, устига тўрт-бешта қоғоз конфет ва парварда қўйилган нонни кўтарганча, мени йўқлаб, кириб келади.
Энам: “Эгачи, қўйинг, нима қилардингиз овора бўлиб…”, дейишига қарамай, илинжини кенжа келинимиз қўлига тутқазади.
— Ҳа, кимсан, ўзимизнинг газетчи боламиз келибди. Шаҳарда Пайшанбанинг парвардаси нима қилсин! Ўзимизнинг тандир нонни ҳам соғинган-да, — дея қўярдан-қўймай, астойдил ҳол-аҳвол сўрай кетади.
Мен ҳам қуюқ саломлашаман. Аммо қўшни хола, гап мавзусини бошқа томонга буриб, “Мени “заказим” қани? Олиб келдингми?”, дейди ён-атрофга қараб.
Энажоним эса қўшни холани тезроқ севинтиргиси келгандай мендан олдин жавоб беради:
— Эгачи, ҳеч хавотир олманг, айтганингизни олиб келган. Сумкасида турибди…
Қўшни холани кўп маҳтал қилмай сумкамдаги газеталар ўрамини олиб, холага узатаман.
Хола бир ҳовуч бойлик топгандай севиниб кетади.
— Билсанг, бобонинг ҳам дорилбақога кетганига ўттиз йилча бўлиб қолди, — дейди кўзидаги кўз ойнагини қўлига олганча. — Ўзи, бамаъни ва камсуқум, бунинг устига мендан кўра, газета ва журналларни севгувчи, эринмасдан ўқиб, қўни-қўшнига, биринчи навбатда, менга газетадаги янгиликларни айтиб юргувчи киши эди. Худо ўз раҳматига олгани рост бўлсин.
Шу-шу менинг ҳам газета ва журналларга меҳрим тушиб қолган. Ўқимасам туролмайман.
Бир томонда, жилмайганча қараб турган энам гапга қўшилади:
— Тўғри айтяпти, бу қўшнига телевизор ҳам, радио ҳам керакмас. Газета ва журнал бўлса бўлди. Раҳматли чолидан қолган газета ва журналларни қимматбаҳо матони асраганидек, ҳалигача сандиғида асрайди.
— Зап иш қилибсан-да, — дейди хола, қўлидаги газетлардан кўзини узмай.
— Биласанми, — дейди энам. — “Бу газетчи болам қачон келаркан”, деб холанг йўлингга қарагани қараган. Қачон кўрмай, тинмай сўраб туради.
Хола пича нолигандай сўзлай кетади: — Э, болаларимга, набираларимга кўп айтаман, газета олиб келинглар деб. Қаёқда, топиб олган баҳоналарини қара. Ҳозир олдингидек, “газет дўкон”лар йўқ эмиш. “Сизга газетани қаердан олиб келамиз? Ундан кўра телевизорни кўринг, радиони эшитинг!” дейишади омон бўлгурлар.
Қўшни холанинг гапида жон бор. Ҳозир замон аввалгидек эмас. Анча ривожланиб, анча олдинга одимлаб кетган. Газета ва журнал, ҳатто китоб ўқийдиганлар сони кўпаймай, камайган. Бу эса газеталар ададининг камайишига, нашр кўрсаткичларининг борган сари тушиб кетишига олиб келмоқда.
Биламизки, нашрлар адади обунага боғлиқ. Обуналар сустлиги таҳририят харажатларининг қопланмай қолишига, авваллари катта ададда чоп этилган нуфузли газеталарнинг ҳам мавқеи тушишига, қолаверса айрим номдаги газета-журналларнинг ёпилишига олиб келди.
Бунинг устига қишлоғимдаги қўшни хола сингари “газета ўқирман”лардан кўра “газетани йўқ қиларман”лар орамизда кўпайиб кетди. Топиб олган гапларига қаранг, нима эмиш, маълумотларни телевизору радиодан, интернетдан, “шапалоқдек” телефонлардан олишаётганлари қулай ва етарли эмиш!..
Шу ҳам гап бўлдими?!
Яқинда хизмат вазифасидан келиб чиқиб, катта бир бошқармада бўлдим. Қабулхонадаги стол устида турган қатор газеталар жамланмасини кўриб, қувондим.
Аммо бу қувончим узоққа чўзилмади. Ўтган йил ҳам ушбу бошқармадагилар бир қанча газеталарга обуна бўлишган экан. Бу йил ҳам. Лекин газеталарни ўқиган, жилла қурса, уларни варақлаб кўрган одам йўқ эмиш.
— Сизга керакми? Унда олиб кетаверинг, — дейди раҳбар қабулхонасида қўлидаги телефонидан кўз узмаган котиба қиз.
Бу гапдан юрагим оғриди. Бир сўз дейиш бефойда эди. Индамай бир даста газетани олиб чиқиб кетдим. Мана, қўшни холага олиб бориб бердим.
Бошқармадагилар ўзлари учун кераксиз газеталардан халос бўлишганидан қувонишса, қишлоқдаги қўшни хола эса ана ўша газеталарга эга бўлгани учун суюниб, узундан-узун дуо қилди. “Газетчилар, газетани чоп этаётганлар, уни элга етказиб бераётганлар омон бўлсин” деди онахон.
Энди газеталарга келсак, муҳими, газеталар адади кам бўлса-да чоп этилмоқда. Унда эълон қилинаётган бир-биридан ранг-баранг мақолаларни қўшни холадек севиб, мутолаа қиладиган, уни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб, қайта-қайта ўқийдиган ўқирманлар барибир кам эмас.
Аммо юқорида бир бошқармани бежиз мисол қилиб келтирмадик. Бугун катта-кичик раҳбарларни қўя турайлик, ўзини зиёли деб билгувчи минг-минглаб одамларнинг қўлига газета ушламаганига бир неча ўн йил бўлгандиров.
Бири ўқитувчи — дорилфунунда, яна бири мактабда. Ишлари — таълим-тарбия билан боғлиқ. Лекин газета-журнал ўқишмайди.
Ҳамма танийди. Машҳур шифокор. Аммо… матбуотни ўқишга уларнинг ҳам “вақти йўқ”. Яна биров муҳандис, ўз касбининг устаси. Лекин, ўқимайди. Бошқа биров катта олим. Илмий ишлар билан машғул. Афсуски, бирорта газетага ё журналга обуна эмас…
Қизиқ, одамларга нима бўлди, нега бу қадар матбуотдан узоқлашиб кетишди? Сабаб не?
Яхши эслаймиз. Бир пайтлар бир хонадонга 4-5 номдаги газета-журнал борар эди. У зиёли бўлсин, ё оддий деҳқон, ўқир эди ҳамма. Бугун-чи, бугун ҳамманинг вақти йўқ. Ёшу қарининг қўлида япалоқдек телефон. Унда эса ҳамма нарса бор. Ижтимоий тармоқ дегани ўргимчак тўридек барчани ўз домига тортиб олган.
Тўғри, бу борада кўп гапириш мумкин. Матбуот нашрларига обуна нархи бўлса жуда қиммат. Аммо… бу баҳона бўлолмайди. Интернет деганлари матбуотнинг ўрнини барибир боса олмайди. Шу боис, қайтиш керак матбуотга. Маънавият сарчашмаларига барибир қайтиш шарт.
Лекин… айтсак гап кўп. Бу муаммолар ҳам кун келиб ўзгарармикан деган илинж бор юракда.
Таҳририят ходимлари эса, бир зум бўлса-да тўхташмай, айни пайтда ижтимоий тармоқларда берилаётган, маза-матраси йўқ хабарлардан фарқли ўлароқ яхши мақолалар чоп этишда давом этаверишлари керак.
Ғулом ПРИМОВ,
журналист