Талабалар нигоҳида: Мактабни соғиниб…

Мактабни соғиниб…

 

Мактабни битирганимга ҳам икки йил бўлибди. Синфдошлар билан ўтган кунларим кечагидек ёдимда. Синфдошларим менинг гўё иккинчи оилам эди. Бирор бир фан ўқитувчиси келмай қолса бутун мактабни бошимизга кўтариб хурсандчилик қилардик ёки спорт залига бориб тўп ўйнардик.

Бир марта иқтисод фани ўқитувчимиз мажлис борлиги учун келмади. Биз эса ҳар доимгидек шовқин қилиб ўтиргандик, “замдиректор” келиб қолди. Бу қилиғимиз учун барчамиз жазоландик яъни юз марта ўтириб турдик. Ўша кундан кейин нақ бир ҳафта оёғим оғриганди. Синф раҳбаримиз она тили ва адабиётдан бизга дарс ўтарди. Атайин уларнинг дарсига муаммо тайёрлаб турардик. Қирқ дақиқа вақтимиз унга ечим топиш билан ўтиб кетарди.

Дарслардан қочиш бу менинг одатимга айланиб қолганди.

Бир куни дарсга биратўла бормадим, ўқитувчим телефон қилганида шамолладим деб алдадим бу кунисига эса ростдан ҳам касал бўлиб қолдим. Ўқитувчимиз шундай деганди: “Мактаб даврлари қадрли бўлади, битириб кетгандан кейин бу синфга киришни, парталарга ўтиришни хоҳласангиз ҳам рухсат берилмайди”.

Ҳа, афсуски шундай экан, синфдошлар билан бир синфда ўтиришни шу қадар соғинганманки. Қанийди қайтадан мактаб ўқувчиси бўлиб қолсам. Энди дарс­лардан сира қочмасдим, бирор бир фан ўқитувчиси келмай қолса шовқин қилмасдим. Aфсуски бу даврлар қайтмайди…

 

 

Дайди итнинг ҳикояси

 

Менинг бошпанам йўқлиги сабабли кўчаларда истиқомат қиламан. Ёлғиз бўлсам ҳам майлийди-я. Бироқ мен билан уч болам саргардон. Одамларга ҳайронман. Наҳот, кенг ва катта бўлган уйларидан, торгина жой топилмаса. Aслида одамларнинг уйларида эмас, қалбларида бизга жой йўқ. Болаларим овқат сўради, ахлат титиб уларга егулик олиб келдим. Ўзим емасам ҳам уларнинг қорни тўйсин дедим. Буни қарангки, бирданига болаларимнинг ранг-туси ўзгара бошлади. Қарасам, егуликда заҳар бор экан.

Мен одамларнинг олдига ёрдам сўраш учун югурдим. Улар вовуллаганим учун менга тош отишди. Улар мени қаёқдан ҳам тушунишарди. Бир киши орқамдан тош отди. Тош-ку менга тегмади, бироқ юрагимга озор берди. Қайтиб келсам уч болам ўлиб бўлипти. Мен учун энди бу ҳаётнинг қизиғи қолмади. Ўша егуликдан едим, самоларга тикилиб ўзимга ўлим тиладим. Ҳеч бўлмаганда ўлим мени болаларим билан яқинлаштирар. Aммо бўлмади, самолар ҳам менга ўлимни раво кўришмади. Яна яшашда давом этдим. Инсон болаларини кўрганимда, ўз болаларим кўзимга кўриниб кетади. Бир куни бир бола менга егулик олиб келди. Қорним очлиги туфайли дарҳол паққос туширдим. Аммо нимадир бўғзимга тиқилди. Негадир ёниб кетяпман. Катта кўл томон югураётган пайтимда бир қизалоқ мени кўриб чўчиб, сувга тушиб кетди. У жон талвасасида қичқирарди. Кўз олдимга болаларимнинг додлаши кўриниб кетди. Дарҳол уни қутқаришга киришдим. Уни сувдан чиқардим ва секинлик билан вақтим тугаб бораётганини сезиб турардим. Қизалоқни оиласи етиб келди. Мени қаҳрамон деб аташди. Сўнгги сонияларимда бу гапни эшитиш мен учун катта шараф эди. Энди болачаларимнинг олдига бамайлихотир кетсам ҳам бўлади.

Хумора АНОРБОЕВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 10 =