Менинг ва… сизнинг дардингиз

(Миллий журналистикамиз муаммолари)

 

Бундан 44 йил муқаддам каминага ўша пайтда мамлакатда ягона бўлган журналистика факультети талабаси бўлиш насиб этди.

Ўшанда журналистика факультетларига кирувчиларга оғзаки ва ёзма танловдан ўтказиш тизими жорий этилган эди. Биз ҳам ана шу танловда иштирок этдик. Охири, танлов ҳамда кириш имтиҳонларидан сўнг, 45 нафар йигит-қиз талабалик бахтига мушарраф бўлди, улар орасида мен ҳам.

Ўзимча тасаввур қилганларим — журналистика факультети соҳа мутахассисларини тайёрловчи ягона маскан, демак, бу ерда танлаган касбингизни тўлиқ эгаллаш учун барча шароитлар бўлиши керак, деган хаёлда эдим. Афсус, биринчидан, бу ерда “ёзиш”ни ўргатишмас экан! Ким қандай тасаввурга эга бўлса, хаёлида “ижод” қилаверади. Ўзинг учун ўл, етим деганларидек. Бошимиздан ана шундай талабалик синовлари ўтди. Курсдошларим орасида саккиз қатор жумлани эплаб қоғозга тушира олмайдиганлари ҳам, мураккаб жанрларда қоғозни қоралайдиган истеъдодлилар ҳам бор эди. Бироқ улар орасида биринчи тои­фага мансублар кўпчилик эди.

Анъанага биноан ҳар йили бир вилоятда курсдошлар учрашувини ўтказамиз. Очиғи, шу давр мобайнида танлаган касбига садоқат билан, журналистнинг даромадсиз ишига кўникиб яшаётган ва ижод йўлида дадил қадам ташлаётганлар саноқлигина қолибди. Тўғри, турли ижодий танловларда қатнашиб, мукофотларга эга бўлганлар ҳам йўқ эмас. Шундайлар ҳам борки, соҳада бир соат ҳам ишламаган, лоа­қал ягона бўлса-да, оддий хабари ҳам бирор газета ё журнал юзини кўрмаган. Ҳар сафар учрашганимизда ким журналис­тика фидойиси сифатида ҳалигача ишлаётгани, кимлардир эса соҳанинг остонасини ҳам ҳатлаб ўтмагани ўз-ўзидан муҳокамага айланади.

Уқувсиз, қўлидан иш келмайдиган ходимлар бугун истаган таҳририятда топилади. Нега, уларни “сақлаб” келяпмиз? Саводи ҳаминқадар, жанр талабларини тушунмайдиган, бир қолипга мослашиб кетган ҳамкасбларимиз ҳам борки, бундан кимга фойда, деган савол туғилади.

 

Саводсизлик “яшнаб” кетмоқда-ку!

 

Ҳа шундай, истаган босма нашрни қўлга олиб, жиддийроқ эътибор билан мақолаларни кузатсангиз, бунга амин бўласиз. Туман, тармоқ, хусусий газеталарда бу камчилик анчагина бўй кўрсатиб туради. Имловий, услубий хатолар ғуж-ғуж. Бугун ҳамкасбларимиз орасида ихтисослашув йўқ, турли соҳаларда таҳлилий материаллар ёзадиганлари камайиб бормоқда. Янги келаётган ходимлар эса таҳририятга келиб… қандай ёзишни, ишлашни ўрганишади. Майли, эзгу ишнинг кечи йўқ, дея бу ҳолатга эътиборсиз бўламиз. Бироқ бундан беш-ўн йил муқаддам журналист, деган дип­ломни қўлтиқлаб келган ходим ҳанузгача ўша эски қолипида ўша эски аравани тортиб юрган бўлади.

Яқинда туман газеталаридан бирининг муҳаррири ёзғириб қолди: “Ижодий ходимларнинг ҳаммаси пенсия ёшидан ўтиб кетган. Ёшлар эса негадир бизнинг соҳага келишни хоҳламайди”. Бу ҳолат ҳамма жойда ҳукм сураётган, ўзининг салбий оқибатларини журналистика соҳасига сингдириб бўлган камчиликлардан биридир. Айни пайтда бутун бошли университет ва бир қатор университетларда журналист кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Аммо уларда университетни тамомлаб, соҳада ишлаб кета оладиган кадрлар жуда кам етишиб чиқаётганлиги ташвишлидир.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, таниқли назариётчи ва амалиётчи журналист Шерзодхон Қудратхўжа ушбу даргоҳ ташкил этилганлигининг тўрт йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситаларида залворли чиқиш қилиб, бу муаммони яна бир бор ёдимизга солди. Унинг қайд этишича, ЎзМУ журналистика факультетида таҳсил олган кезларида талабаларга соҳа ҳақида етарли билим берилмаган. Ҳаттоки,   Шерзодхоннинг ўзи ҳам телевидениега ишга келганида соҳа ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмаган. Қайд этишига қараганда, иш жараёнида ишни ўрганишдан бошлаган!

Ҳа, бугун истаган электрон ёки босма ахборот нашрини кузатсангиз, бирёқламалик, бирхиллик кучайиб кетганлигига гувоҳ бўласиз. Оддий сарлавҳа танлашдан то таҳлилий жараёнгача бўлган фаолиятимиздаги камчиликлар бир-бирини “қувиб” юради! Ёш ходимларда негадир ижодий изланиш йўқ. Гўёки, уларнинг “шундай” ишлаши лозимдек. Бунга ўрта ва кекса авлод журналистларнинг ҳам айби бор, деб ўйлайман. Негаки, қўлидан иш келадиган, маҳорати етарли бўлган ҳамкасбларимиз устозлик боғига қадам қўйишда “ушланиб” қолмоқдалар!

 

“Нима”ни ёзишни биламизми?

 

Мавзу моҳиятини ёритишда журналистнинг билими, тажрибаси, бу ҳақдаги тушунчаси муҳим ўрин эгаллайди. Журналист бирон бир мавзуга қўл урар экан, аввало, унинг мо­ҳияти билан чуқур танишмоғи, мавзуни батафсил ўрганиши талаб этилади. Афсус, ана шу оддий ва ҳаммага тушунарли бўлган талабни кўпинча ўзимиз ҳам тушунмай қоламиз. Оқибатда, бир-бирини такрорлайдиган, фақат манзили, келтирилган факт ва рақамлари билан ажралиб турадиган, қораламалар газеталарни босиб кетди.

Кўпинча фаолиятимиз кундалик ахборот жанридаги материалларни тайёрлаш билан ўтади. Бир-биримиз билан ижодий ҳамкорлик қилмаётганимизга ҳам анча йиллар бўлди-ёв! Ўз қобиғимизга ўралиб қолганимиз натижасида нимани ёзишни ҳам унутиб қўймоқдамиз. Гўёки, ахборот йўналишидаги қораламаларимиз ижод намунасига айлангандек. Ҳолбуки, шу йўсинда газета саҳифасидан жой олаётган, эфир вақтини эгаллаётган ижодимиз ҳеч кимда қизиқиш уйғотмайди. Бирёқламалик бугунги фаолиятимизда чуқур илдиз отган иллатга айланди. Таҳлилий, мушоҳадали, долзарб мавзудаги материал тайёрлаш, кўрсатув ва эшиттиришлар яратиш яна бир қолипга тушиб қолди. Радио, тележурналистларимизда сўз бойлиги йўқолиб бормоқда. Ахборот йўналишидаги кўрсатув ва эшиттиришларда қўлланилаётган сўз ва иборалар шунчалик танишки, лавҳа экранга узатилиши билан кадр ортидаги изоҳ баёни ва мазмуни маълум бўлади.

Фикр, мушоҳада тақчиллиги бошимизга тушаётган кўргуликлардан бири. Изланиш, янгича услуб ва тасвир воситалари ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бугунги бирёқламалик ҳақиқий ҳаётдан йироқлик касали тобора авж олмоқда.

 

Газеталар яшайдими?

 

Таниқли журналист Хуршид Дўстмуҳаммад “Янги Ўзбекистон” газетасида “журналистика — ижод майдони, журналист — ижодкор шахс” деб номланган мақоласида бу саволга аниқ ва тиниқ жавоб қайтарган. “Журналистика — ижодий жараён майдони, журналист — ижодкор шахс. Тарихга назар ташланса, қачон ва қаерда бўлмасин, матбуот муайян қарама-қаршиликлар оламида яшаган, фаолият юритган. Ана шундай энг мураккаб шароитларда ҳам журналистикани ва журналистни ижодий маҳорат қутқарган”, дейди муаллиф.

Дарҳақиқат бугунги журналист ва журналис­тика қаршисида ҳам бир қатор муаммолар борки, баъзан уларнинг илдиз отишига ўзимиз ҳам сабабчи бўламиз. “Босма нашрлар ўз даврини ўтаб бўлди”, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Тўғри, интернет журналистикаси юксалиш баробарида босма нашрларнинг имкониятини бир қадар тўсиб қўйди. Одамлар кўпроқ телефон титкилайдиган бўлиб қолишди. Истасак ҳам, истамасак ҳам интернет журналистикаси оддий ахборот тарқатишдан бошқасига ярамаяпти. Ўқувчиларнинг эса дунёқараши, фикр доирасини кенгайтиришга интернет ижобий таъсир этмайди. Ахборот тарқатишнинг бу усулида таҳлил ҳам, таҳрир ҳам деярли йўқ. Оқибатда, юзаки, бирёқлама, баъзан чуқур ўрганилмаган хабарларни ҳақиқат сифатида қабул қилишга ўрганиб қоляпмиз.

Босма нашрлар билим булоғи бўлган китобнинг оддий, содда нусхаси ҳисобланади. Бошқа турдаги ахборот тарқатувчиларга нисбатан газеталарда фикрлар хилма-хиллиги, мулоҳазали, мушоҳадали материалларни эълон қилиш имконияти катта. Оғир иқтисодий-молиявий дамларни бошидан ўтказаётган газеталар яшаши керак. Бунинг учун аввало журналистдан чуқур билим, катта маҳорат уйғунлашган фаолият талаб этилади, деб ўйлайман.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

Самарқанд шаҳар “Самарқанд” газетаси

мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 3 =