Ҳалоллик мартабаси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев катта йиғинларнинг бирида “Ҳалоллик вакцинаси” ҳақида гапирган эди. Дарҳақиқат, ҳалоллик ва покликда—ҳамма нарса мужассам. Тўғри яшаш, Ватанга, элу юртга чин юракдан меҳнат қилиш, одамларни рози қилиш—буларнинг бари ҳалолликда!

Очиғи, Президентимизнинг ана шу даъватлари кўп йиллардан бери дилимда юрган ўйларга, мулоҳазаларга олов берди, мени ҳам шу хусусда бир сўз айтишга ундайверди.

Мана, қанча оғир, қийин бўлса ҳам ҳамма соҳада ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борил­япти. Ҳалоллик сўраляпти, талаб этиляпти. Коррупцияга қарши кураш агентлиги деган тузилма ҳам ташкил этилди. Лекин… бу ишда кўнгил тўладиган даражага етмоқ, ҳалолликка эришмоқ осон эмас экан-да.

Аслида инсон учун энг буюк мартаба–унинг инсонлик мартабаси, бу дунёда инсон бўлиш бахти ва шарафи, инсонлик мартабасининг таянч тоғи эса дину диёнатга суянган ҳалоллик даражаси, Аллоҳнинг башарга инъом этган улуғ иноятидир.

Мусулмончиликнинг тўқсон фоизи ҳалоллик, қолгани расму русум дейишган доноларимиз.

Инсон дунёга ҳалол бўлиб келади. Боланинг она қорнида пайдо бўлиши– ҳалол. Она болани тўққиз ой қорнида кўтариб юриши– ҳалол. Уни не азоб-машаққат ила дунёга келтириши ҳам ҳалол, чақалоқнинг дунёга кўз очиши–ҳалол. У ҳалол бўлиб ўсади, кейин катталар уни нопокликка ўргатишади. Мисол. Бир киши бировнинг эшигига келиб, ўша ерда ўйнаб юрган болакайга дейди: “Болам, да­дангни чақириб чиқ, фалончи киши чақиряпти де”. Бола ичкарига киради-ю чиқади. “Дадам айтдиларки, дадам уйда йўқ эканлар” дейди у. Мана, болакайнинг жавоби. Кўрамизки, уни ёлғонга ўргатишяпти. Аммо боланинг соф, ҳалол табиати бунга қаршилик кўрсатиб, нопокликни қабул қилмаяпти. Аммо бу вақтинча. Аста-секин катталарнинг қистови, ибрати ёлғонга ўргатади уни. Ножоиз сўз, ҳаром луқма, ҳаром аъмол, номаъқул хатти-ҳаракатлар унинг қон-қонига сингиб бораверади. Қарабсизки, ҳалол туғилган бола шу йўсин нопок кимсага айланади. Бунинг тескариси ҳам бўлиши мумкин. Ҳатто она қорнида никоҳсиз пайдо бўлиб, кўз очган зурриёт, Аллоҳ тавфиқ ва ҳикмат ато этса, ҳалолзодага айланиб, кейин кўп эзгу амалларга қўл уриши мумкин. Бироқ бунақаси камдан-кам учрайди.

Инсон ҳалоллик мақомида туғилади, дедик. Аммо ҳалоллик мартабасига ҳамма ҳам етишавермайди. Бунинг учун ғайрат-матонат, сабр-сабот ила олға интилмоғи лозим. Ҳақ ва ҳалоллик тарафида туриб курашиши, бу йўлда азму жасорат кўрсатиши даркор. Шижоатсиз ҳалоллик ўлик сармоядир деб бекорга айтишмаган. Дунёдан ўтган барча улуғларимиз борки, ҳалолликни байроқ қилиб кўтаришган. Ҳалолликнинг юксак поясига етмасдан Форобий Форобий бўлармиди? Навоий Навоий бўлармиди? Хуллас, орзу-ниятда ҳалоллик, мансабу амалда ҳалоллик, турмушу маишатда, муомалаю муносабатда ҳалоллик, энг муҳими, раёсату сиёсатда ҳалоллик! Ҳалол киши ҳимматли бўлади, ҳимматда буюклик яшайди.

Буюклик келди ҳимматдин нишона,

Ким ҳимматсизни паст этди замона, —

деганлар бобомиз Алишер Навоий.

Биласиз, Уммон Арабистон ярим ороли, Қизил денгиз соҳилида жойлашган давлат. Давлат тузуми – султонлик. Тўрт миллиондан зиёд аҳолиси бор. Қаердадир ўқигандим, агар шу рост бўлса, йиллик даромади жон бошига ҳисоблаганда йигирма минг доллар экан. Ўқиш, таълим олиш, тиббий хизмат давлат ҳисобидан текин. Ишсизлик йўқ, ўғрилик, порахўрлик йўқ, ҳар қандай жиноятнинг илдизи кесилган. Уйланмоқчи бўлган йигитга уй қуриш учун давлат ер ажратиб, ёрдам сифатида субсидия беради. Ёки оилада чақалоқ дунёга келгандаёқ маълум маблағ ажратиб қўйилади. У вояга етгач, муаммо йўқ. Бир сўз билан айтганда, ялпи фаровонлик, тараққиёт. Хўш, бунинг боиси нимада? Боиси – ҳалолликда. Жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган адолат устуворлигида.

Хуллас, лафзу вафода, турмуш ва амалда ҳалоллик мартабасига интилайлик. Тарихда ва ҳозирги кунимизда ҳам бунга мисоллар топилади. Аҳмад Донишнинг “Тарихи салотини манғития” китобида ўқиймиз… Бир деҳқон Арк майдонига бир арава қовун туширади. Буни Арк айвонидан кузатиб турган амир Шоҳмурод бошидаги қалпоғини ечиб, хизматкорга узатади: “Бориб, шунинг эвазига битта қовун олиб кел”. Деҳқон унамайди, қалпоққа қовун йўқ, дей­ди у, нақд пулга сотаман… Эй бандайи нодон, биласанми кимнинг қалпоғи бу? Амиралмўминин ҳазратларининг, дейди хизматкор. Шунда деҳқон қалпоқни дарҳол бошига кийиб, хизматкорга бирмас, бир нечта қовун беради. Ўз замонида амир Маъсум (яъни, пок, беғубор) деб ном қозонган ҳукмдорнинг бу қадар ҳалоллигига тан бермоқ жоиз.

Энди ҳозирги кунимиздан мисол. Москвада бир бадавлат киши хорижга дам олишга отланиб, таксига ўлтириб, аэропортга жўнайди. Чемоданни кўтариб ичкарига кираркан, маълум бўладики, елкасидаги сумкаси йўқ, таксида қолган. Сумкада бир неча минг доллар пули, авиабилети ва ҳужжатлари… Йўловчи шок ҳолатига тушади. Нима қилсин? Шу пайт телефони жиринглаб қолади. Эшитса, ҳалиги таксичи йигит гапиряпти: “Сумкангиз таксида қолиб кетибди. Телефонингизни ундаги қоғозлардан билиб олдим. Эшикка чиқиб туринг, ҳозир етиб бораман”. Йўловчи сумкасини олиб, унда ҳамма нарса жойида эканлигини кўриб, қувонади, кўзларига ишонмайди.

“Кимсан, қаерликсан?” сўрайди у ҳайрат ила боқиб.

“Ўзбекман” дейди йигит.

“Ажаб, ўзбеклар шундоқ олийжаноб инсонлар экан!” деб қайта-қайта тасаннолар айтади йўловчи. Мана сизга ҳалоллик мартабаси!

Шукурки, биз ҳалол билан ҳаромни ажрата оламиз. Ер юзида ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган халқлар ҳам бор. Шу осмон ости, шу ер устида қимирлаган жон борки, уларга емиш. Илон-чаён дейсизми, чигиртга ёки калтакесак дейсизми… Бизга келсак, яна шукурки, ҳалоллик ҳамон қонимизда кезиб юрипти. Уни қўллаб-қувватлашимиз, вужудимизга кўпроқ сингдиришимиз, шууримизга чуқур илдиз орттиришимиз даркор. Бунга аввало, дину диёнат тарбияси орқали эришилади.

Биламизки, порахўрлик – ҳалоллик душмани. Порахўрлик бор жойда ҳалоллик йўқ ва аксинча, ҳалоллик бор жойда порахўрлик йўқ. Пора олганга ҳам, пора берганга ҳам, ўртада турганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин, деганлар Пайғамбаримиз (с.а.в.). Пора жамиятни пора-пора қилади деб бекорга айтишмаган. Буларнинг бари сабоқ. Бизнинг ихтиёримизда эса чексиз имконият бор. Бу – ҳалоллик мартабасига етишмоқ имконияти! Бу сатрларни ўқиб баъзи бировлар, ҳой, оқсоқол, ошириб юбормадингизми, дейишлари мумкин. Йўқ, оширмадим. Гапнинг индаллосини айтаяп­ман.

Демоқчиманки, инсон ҳатто коинотни забт этишдан олдин аввало, ўзини тузатиши, зоти шариф эканлигини чуқур англаши, орқа-олдини ўнглаши, юксак ҳалоллик мартабасига эришмоғи лозим. Токи бузуқ табиати билан Ер куррасини булғагани етмагандай, коинотни ҳам булғамасин. Менимча, инсон учун ахлоқ-­одоб, поклик, ҳалоллик ҳам бамисоли коинот. Унга етишмоқ фазога кўтарилишдан осонмас. Мана, орадан миллион, балки миллиард йил ўтаяптики инсоният ҳамон бунга етарлича эриша олгани йўқ.

Токи Президентимиз айтганларидек, эртага халқ бўлгувчи бугунги ёш авлод Худони билсин, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва унинг саҳобайи икромларини танисин, Қуръон ўқиб, ҳадис илмини эгалласин, шу билан бирга албатта, дунё­вий илмларни, жаҳон тилларини ҳам янада яхшироқ, янада бийрон эгалласинлар. Майли, технологияларнинг-да пири бўлишсин ва лекин сўзда ва амалда ҳалолликни шиор этсин, ҳаромдан ҳазар, ҳалолдан ҳузур қилсин, эй балойи нафс, ҳаром луқма егандан тупроқ еганинг афзал деб айта олсин! Алал-оқибат инсон зоти учун улуғ саодат саналмиш юксак ҳалоллик мартабасига етсин. Биз катталар ота сўзимиз билан уларни илму-адабга, камолотга чорлаб турайлик:

Кам бўлма, жаҳон саҳнида одам бўлгил,

Донои замон, зиёнати олам бўлгил…

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + seven =