Инсон нима учун азиз?

Янги Ўзбекистонимиз келажаги учун қилинаётган тарихий, маънавий ва маданий-маърифий ишларнинг қайси бирини айтай. Яхши ишларимиз жуда кўп. Ислоҳотларда ижодкорликни кўраман. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзларини вақтли матбуотда эшитиб, кўриб, ўқиб руҳланиб кетаман. Бошланган ишларнинг иштирокчиларидан бири бўлгим келади. Ўзимда қандайдир куч, интилиш пайдо бўлади.

Яқинда кўчамизга асфальт ётқизилди. Президентимиз топшириғини туман ҳокимлиги ўз вақтида бажараётгани бизни хурсанд қилди. Буни Миробод тумани ҳокимига ҳам мамнун бўлиб айтдик. Ҳоким маҳалладошларга шахмат-шашка ўйнайдиган бир жой, ўша ерда мактаб болалари учун футбол майдончаси қуриб беришни ҳам ваъда қилди. Фақат ер масаласини ва қўшнилар розилигини олиб беринглар, холос деб айт­­ди. Қувончимизнинг чеки йўқ. Ҳокимга, йўлимизни асфальт қилган ишчиларга раҳматлар айтдик. Мен ҳатто телевиде­ниега интервью бериб, маҳалла аҳли қувончини элга етказдим.

Аммо баъзан кўчага чиқиб, бирор-бир ташкилот ёки корхонага борганим заҳоти ўша шижоат ўрнини афсусланиш ҳисси эгаллайди. Яқинда ўзим истиқомат қиладиган туман “Сувсоз”ига бордим.   Масъул кишига, йил якуни бўйича қарзим йўқ, менга маълумотнома беринг, деб илтимос қилдим. Тўлов қоғозларимни кўрди, қарзингиз йўқ, аммо биз уйингиздаги ҳисоб­лагични текшириб кўришимиз керак, деди. Қисқаси, улар эртасига уйга   келишди, кўришди, ҳаммаси жойида экан. Эртасига маълумотнома оламан, деб бош­қармага бордим. Қисқаси, бир соатда олишим мумкин бўлган маълумотнома учун икки кун овора бўлдим. Ходимларнинг ишга совуққонлигидан хафа бўлиб кетдим. Ахир, ҳозир техника асри-ку! Уйимдаги ҳисоблагичга шубҳанг бор экан, олдинроқ келиб текширмайсанми? Қолаверса, истеъмолчининг тўлов ҳолати компьютерда турган бўлса? Мен-ку, сарсон бўлишга бўлдим, ўша лаёқатсиз ходимлар бошқаларни ҳам қийнашмасин, дейман. Кўчаларимиз гўзал,   аммо пиёдалар юрадиган йўлкалар (тратуарлар) ҳақда режали ишлар қилинишига элнинг эҳтиёжи бор. Чунки кўпгина кўчалардаги кўп қаватли уйларгача бўлган майдонларни темир панжарами, темир тўсиқлар биланми ўраб олиш яна одатга айланяпти. Бамисоли бу жой ўша хонадон эгалариникидек. Умумхалқ жойи бамисоли хусусийлаштирилгандай. Оқибатда пиёдалар юрадиган йўлкалар торайиб, йўқолиб бор­япти. Машина учун мўлжалланган ва асфальт ётқизилган баъзи жойлар хонадон соҳиблари томонидан катта йўл бетон тўсиқлар билан беркитиб қўйилган жойлар ҳам бор. Кейин бетонли ариқларнинг биттасида ҳам сув йўқ. Шинам йўлаклар ёнидаги бетон ариқлардан сув оқиб туриши — менинг орзуим.

Корхона ва ташкилот раҳбарларининг атрофдаги одамлар фикрига қулоқ солиши ҳақида жуда яхши гап­ларни эшитиб хурсанд бўламиз. Аммо фикр билдириш учун кичик бир ташкилот бошлиғининг ёнига ҳам кира олмайсиз. Қабулхонага кириб таклифингизни айтсангиз, сизни кимгадир йўллашади. Кирсангиз, ўша одам бу масалани фақат катта бошлиқ ҳал қилади, пуллик масала экан, деб гапни буради. Ўша бошлиққа кирай, десангиз ҳозир йўқлар, бугун – эрта бўлмайдилар, деб гапни қисқа қилади. Қўлингизни қўлтиққа уриб қайтасиз. Хат ёзсангиз, умуман сизни қаноатлантирмайдиган жавоб оласиз… Кейин ноилож, бу муаммолар ҳам ҳал этилар, деб ўз ҳолингизча яшайверасиз.

Умр бўйи ўзим ишлаган матбуот соҳасини олайлик. Болалар матбуотининг бугунги аҳволи менга тушунарсиз. Нима, болаларимизга оммавий ахборот воситаларининг хизмати керакмасми? Болалар матбуоти тақдири билан ким шуғулланиши керак? Мутасадди ташкилотлар бу масалада қачон уйғонади? Болалар қўлига “сотка” эмас, китоб ва газета тутқазишимиз керак-ку! Мени ўйлантирган нарса,   бу ҳам шунга боғлиқ, ёшлар тар­биясига жуда кучли таъсир этувчи масаладир. Бу борада вазирлар қабулига кира олмадим. Баъзиларига хат ёздим. Жавобларда ваъдадан бошқа нарса кўрмадим. Мактабларимиз кутубхоналаридан “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” ва “Гулхан” журналларини излаб кўринг. Тополмайсиз. Нега? Болаларимиз орасида шундай нашрларнинг улар учун чиқаётганини билмай катта бўлаётганлар бор. Ахир, китобхонлик шу болалар нашрини ўқишдан бошланади-ку!

Туман газеталари-ку,   чалажон бўлиб, йўқолиш арафасида. Ҳатто бир шаҳар газетаси йўқолиб кетди. Ўз вақтида “Тошкент оқшоми” – 140 минг, “Вечерний Ташкент” – 80 минг нусхада чоп этилган.   Афсусланасан одам.

Бензин қуйиш шохобчаларида нархлар ҳар уч кунда ўзгариб тураётган эди. Бу ўзгариш нарх-наво кес­кин кўтарилгани билан тўхтади. Тошкент шаҳрида машиналар ҳаракати кишини ташвишга қўймоқда. Ҳар бир кўчада “пробка”. Ёқилғи кетяпти, ҳаво бузиляпти. Бу машина ҳайдовчиларининг кайфиятига ёмон таъсир кўрсат­япти. Одамлар саломатлигига кони зиён — шифокорларга иш орттиряпмиз. Дорихоналарга эҳтиёжимиз ортаверади бунақада. Бирор йўлини топиш керак-да!

Тўғри, ижобий ўзгаришлар жуда кўп. Бундан қувонаман. Битта Қорақалпоғистонда, тўғрироғи Мўйноқда қилинган ишлар мени жуда хурсанд қилди. Мен бу элни ёқтираман: мард, танти халқ.   Уларнинг фидойиликлари ҳақида бир асар ҳам қоралаганман. Фақат уни қаерга олиб борай? Вақтли матбуот бу аҳволда. Китоб чиқаришнинг қийинлиги ўзингизга маълум.

Президентимиз фаолият бош­лашларидан олдин “Халқ қабулхонасини ташкил этгандилар. Бугунги ижобий ўзгаришларнинг дебочаси ўша иш. Бу раҳбарларга, халқ билан бирга бўлинглар, дегани. Энди халқнинг бир вакили кичик бир ташкилот раҳбарининг олдига киролмаса. Бу қанақаси? Нега улар халқ билан суҳбат қуришни исташмайди? Нимадан қўрқишади? Ўзим аъзо бўлган Партия лидерининг олдига (аввалги иккитасининг ёнига ҳам)киролмадим. Мен салкам 20 йиллик стажга эга партия аъзосиман. Аммо мен борманми ёки йўқми, улар билишмайди, бугунги аҳволим билан қизиқишмайди ҳам. Бундай партия кимга керак ўзи?! Билмайман. Рости энди билишга ҳам қизиқмайдиган бўлиб қолдим. Ҳозирча ўша партиянинг “ўлмаган ўлик” аъзоси ҳисобланиб турибман.

Яна корхона ва ташкилот раҳбарларининг “иш усули”га қайтаман. Аввал қоровулга ҳисоб берасиз, ниятингизни айтасиз, бир амаллаб ким биландир учрашишга эришасиз. Аммо суҳбат ўша “бошлиғимиз ҳозир йўқлар”, деган гап билан тугайди. Дилингиз хуфтон бўлиб ўша ташкилотнинг эшигини қаттиқ ёпиб чиқиб кетасиз. Агар бошлиққа кирган тақдирингизда ҳам ваъда берилади-ю, шу билан тамом. Муаммо ҳал этилмагач, хат билан мурожаат қиласиз. Бундай хатларга жавобларни “приписка” деган бўлардим. Жавоб берилди, дейиш учун ёзилади. Бу жавоблар бир хил: ҳал этилиши керак бўлган муаммо — боғда, хатларга жавоб — тоғда.

Битта газетада хатларга шундай жавоблар бўйича муносабат билдирилди. Бу Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси нашри “Ишонч, “Ишонч-Доверия” газеталаридир. Газета бош муҳаррири бу олижаноб ишдан чарчамасин, бошқа газеталаримиз ҳам шундай савобли ишга қўшилишади, деб ўйлайман ва умид қиламан.

Ҳамма нарсадан аламзада бу одамнинг ўзи ким, дерсиз. Мен нафақадаги 82 ёшли кекса одамман, 2-гуруҳ ногирониман. Матбуот соҳасида сочим оқарган. Журналистик фаолиятимни мусаҳҳиҳликдан бошлаб, кўп йиллар мухбир бўлиб ишладим. Кейин ўнта газета ва журналга бош муҳаррир, яна иккита нашриётда Бош муҳаррирнинг ўринбосари вазифаларида ишладим. Кўп йиллар олий ўқув юртида талабаларга дарс берганман. Бир вақтлар вазирлар менга мурожаат қилишарди. Энди улар билан ҳатто саломлашолмайман. Бу қандай аҳвол?

Бу гаплар билан, бизда ҳамма нарса ёмон, демоқчимасман. Асло! Аммо овқатингизга биргина тузни кўпроқ сепиб юборсангиз, уни истеъмол қила олмайсиз. Битта жойда ўғирлик, бир жойда ғирромлик, яна бир жойда ҳурматсизликни кўрдингизми, ўшанга қарши курашмоқ ҳар бир Янги Ўзбекистон фуқаросининг иши, демоқчиман, холос. Ана шундагина биз кўзлаган маррани забт эта оламиз. Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти шунда. Шу умумхалқ курашида ҳамма ҳалол одамлар фаол бўлсагина орзуларимиз ушалади, она юртимиз гўзал, файзли мамлакатга айланади. Президентимиз жон куйдириб, йўқ нарсаларни бор қилишга интилаётган, кунни тунга улаб, дам олиш кунлари ҳам тиним билмай, фарзандлари билан бир даврада ўтириб роҳатланиш ўрнига вилоятма-вилоят юриб, ўзгаришлардан қувониб, хато ёки камчиликлардан кайфияти хиралашиб, қувониш ўрнига хафа бўлиб юрганлари ҳақиқат-ку! Нега ўз раҳбаримизни илҳомлантирадиган ишлар қилишга ҳаракат қилмаймиз. Бирор ташкилот раҳбарлигига муносиб кўрилдикми, ўзимиз кўриб – билиб турган, қўлимиздан келадиган ишларни яхшилаб бажариб қўйсак ҳамма хурсанд бўлади- ку! Нега қилмаймиз?

Хуллас, ҳар бир одам амали билан эмас, унинг одамийлиги, билими, изланувчанлиги, одоби, халқчиллиги билан азиз. Куйиниб сўзлаганларимнинг асл моҳияти ана шу.

Тўлқин Муҳиддин,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 12 =