Янги Ўзбекистоннинг янги лойиҳалари
Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномасида ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа инcтитутларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини давлат ижтимоий буюртмаси ҳамда давлат грантлари шаклида қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган 4 та танловнинг натижалари кўриб чиқилди.
Парламент комиссияси томонидан “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялашда ҳамда бандлигини таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида 50 та давлат гранти лойиҳасини 2,0 млрд. сўмга қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди. Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялашда ҳамда бандлигини таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш, жойларда уюшмаган ёшларни жамиятга интеграция қилишда уларнинг қизиқиши, хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш, касбга йўналтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учинчи Ренессанс ғоясини ёшлар онгига сингдириш, ёшларда маданий меросга ҳурмат, миллий анъаналарга эътиқод, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш мақсадида “Китобхонлар викторинаси” ва “Амир Темур буюк саркарда, илм фан ҳомийси” мавзусида иншолар танловини, “Аждодлар мероси – маърифат зиёси” номли илмий-амалий анжуманлар, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш, дўстлик, ҳамжиҳатликни ҳамда тинчлик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган фестиваллар, форумлар, танловлар, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш белгиланди.
Уюшмаган ва кам таъминланган ёшлар ўртасида кичик бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларини бериш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади ва улардан қизиқишларига қараб касб эгаллашга ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.
“Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзусида молиялаштирилаётган грант лойиҳалари доирасида: тиббий билимлар, эрта никоҳ, эрта туғуруқ, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланиш, турмуш қурмаган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, жисмоний маданиятни кенг тарғиб қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиш, аҳолини табиий офатларга тайёргарлиги бўйича ўқув машқлари, акциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилиши ҳам айтилди. “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз”, “Соғлом оила юрт келажаги”, “Терроризм ва гиёҳвандликка қаршимиз”, “Оила — муқаддас даргоҳ” каби мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар, семинар ва мусобақаларни ташкил этиш учун ҳам 50 та давлат гранти лойиҳасини 2,0 миллиард сўмга қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларининг маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот бўйича 30 та грант лойиҳалари, 1,5 миллиард сўмга қўллаб-қувватланди.
Бу орқали “Аёллар”, “Ёшлар”, “Меҳр” ва “Темир” дафтарларга киритилган шахсларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёт даражасини яхшилашга, янги иш ўринлари яратишга, алоҳида маънавий уйғоқлик ва ижтимоий масъулликка асосланган янгича дунёқарашни шакллантиришга кўмаклашилади.
Шунингдек, жойлардаги муаммоларни тизимли ҳал қилишда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила — тадбиркор” каби дастурлар ижросида фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Экология атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликни таъминлаш ҳамда коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларда ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, ОАВни коррупцияга қарши курашиш соҳасига кенг жалб этиш мақсадида 4 та давлат ижтимоий буюртмаси 1,0 миллиард сўмга молиялаштирилиши белгиланди.
Парламент комиссияси томонидан “Миллатлараро бағрикенглик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида давлат гранти ажратиш бўйича 6-танлови эълон қилинди. Танловни жорий йилнинг 25 ноябрдан 26 декабргача эълон қилиш белгиланди. Парламент комиссияси бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорларни қабул қилди.
Ўз мухбиримиз.