“Булунғур ҳаёти” – 90 ёшда!

Куни кеча “Булунғур ҳаёти” газетасининг 90 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилояти Булунғур туман ҳокимлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими раиси, сенатор Фармон Тошев, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ҳамда бир қатор журналистлар ва ижод вакиллари иштирок этишди.

Газета илк бор 1931 йил 5 декабрда “Колхозчилар байроғи” номи билан нашр этилган. Рўзнома 1933 йилдан “Kолхоз ҳақиқати”, 1962 йилдан “Koммунист” деб аталган. 1991 йил октябрь ойидан эса “Булунғур ҳаёти” номи билан чоп этилиб келинмоқда.

Тадбир иштирокчилари туман газетасининг босиб ўтган тарихий йўли, унда меҳнат қилган фидойи ижодкорлар ҳамда бугунги кунда ушбу нашрда ижод қилаётган журналистларнинг ютуқлари, муваффақияти билан бир қаторда, беқиёс заҳматлари хусусида сўз юритдилар.

Газета ташкил этилганининг салмоқли санасига бағишланган ушбу кеча қизғин адабий учрашувга, журналистларнинг мароқли суҳбатига айланди.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси О.Ўсаров ҳамда Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Жонузоқ Булунғурдаги 2-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюришди. Ушбу илм даргоҳида таниқли шоир Нодир Жонузоқ ҳам таълим олган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги олдидан бўлиб ўтган учрашувда иқтидорли ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларидан баҳраманд бўлинди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган “Келинлар қўзғолони” спектакли ўзгача талқинда намойиш этилди. Унда, Конституция асосида оиладаги келинларнинг қандай ҳақ-ҳуқуқлари борлиги ажойиб тарзда кўрсатиб берилди.

Мактаб кутубхонасига энг сара китоблардан совға қилиниб, иқтидорли ўқувчилар билан давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − nine =