Навбатдан ташқари умумий йиғилиш

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Андижон вилоят бўлимига раис сайланди

 

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида янада юксак ижтимоийиқтисодий салоҳиятга эга бўлиб бораётган Андижон вилоятида барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар қатори, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ҳаётдаги ролини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Андижон шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида уюшма аъзолари, вилоят ҳокимлиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Уюшма фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани, унинг миллий медиа муҳитдаги ўрнини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратгани, бугунги кунда жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида журналистларнинг иштироки, ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этаётгани хусусида сўз юритилди.

Уюшманинг Андижон вилоят бўлимига кўп йиллар давомида раҳбарлик қилиб келган, устоз журналист Назиржон Саидовнинг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилиб, унга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Таниқли журналист Н.Саидовнинг ҳаёт йўлига назар ташласак, 1970-1980 йилларда Андижон ва Олтинкўл туман газеталарининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб, сўнг Олтинкўл туман ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, 1990-1993 йилларда эса Олтинкўл тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган. Кейинги 14 йил мобайнида эса Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Андижон вилоят бўлимига раҳбарлик қилган.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, тўрт номзод орасидан “Андижон тонги” газетаси муҳаррири вазифасида ишлаб келаётган Махпурахон Артиқова уюшманинг вилоят бўлимига раис этиб сайланди. Маълумот учун: М.Артиқова 1992 йили М.В.Ломоносов номидаги Мос­ква давлат университетини журналистика йўналиши бўйича тамомлагани, “7х7”, “Ҳиссадор”, “Иқбол”, “Тиббиёт гулшани”, “Ҳимоя”, “Ҳуқуқ сабоқлари”, “Адолат мезони” каби газеталарда фао­лият олиб боргани ва ўзининг долзарб мавзудаги мақолалари билан эътирофга сазовор бўлганини таъкидлаш жоиз.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров андижонлик журналистлар олдида турган қатор вазифаларга тўхталиб, вилоятда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаол журналистларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, фахрий журналистлар ҳолидан хабар олиш, умуман, барча ОАВ вакилларини эзгу мақсад йўлида жипслаштириш зарурлиги ҳақида гапирди.

Вилоят ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдумутал Абдуллаев, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Мукаррама Холматова томонидан Андижонда матбуот, журналистика соҳасини янада ривожлантириш юзасидан қатор таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида уюшма аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди. Вилоятдаги бир неч­та босма нашрларга “Yurida-Orfo” дас­тури сертификатлари уюшма томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Йиғилишдан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси О.Ўсаров раҳбарлигида журналистлар томонидан “Яшил макон” ло­йиҳаси доирасида Андижон шаҳридаги “Экобоғ” ҳудудига манзарали дарахт кўчатлари экилди.

– Юртимизда яшил майдонларни барпо этишдек хайрли ҳаракатда фаол қатнашиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз, – деди О.Ўсаров. – Экилган ҳар бир ниҳол энг аввало, саломатлигимизга, юртимизни янада гўзал, она табиатимизни мусаффо бўлишига хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши давомида ташкил этилган тадбирлар самарали ва мазмунга бой тарзда кечди.

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 2 =