Сарҳисоб ва келгуси режалар

Кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси   Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уюшма Бошқаруви аъзолари, уюшма қошидаги ижодий кенгашлари вакиллари иштирок этди. Йиғилишни уюшма раиси Олимжон Ўсаров олиб борди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаётган эътибор йилдан-йилга ошиб бораётгани, юртимизда кечаётган кенг қамровли тарихий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда журналист масъулиятининг ўрни хусусида алоҳида сўз юритилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг якунланиб бораётган 2021 йил давомида   амалга оширган ишлари сарҳисоб қилиниб,   2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар белгилаб олинди. Уюшманинг янги йилдаги иш режаси тасдиқланди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ижодий кенгашлари аъзолари таркиби маъқулланди.

Бундан ташқари, Бошқарув ваколат доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилиш, аъзоликка кириш ва бадалларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қабул қилинди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқарув аъзолари ва уюшма қошидаги ижодий кенгашлар таркиби тасдиқланди. Хусусан, 8 та ижодий кенгашлар қаторида Эко-журналистлар кенгаши ҳамда Блогерлар кенгашлари фаолияти ташкил этилди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан кейинги вақтларда уюшмада иш, изланиш самарадорлиги ошгани алоҳида қайд этилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган қатор масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.  

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =