Бомж
(Эссе)
У билан институтда бирга ўқиганман. Унинг дадил ва эркин фикрлаши менда ҳавас уйғотарди. Домлалар, профессорлар унинг саволларига жавоб тополмай, довдираб қолганларини кўрганман.
— Хусусий мулк-эрк адуви, — дерди у Маркс назариясини ўзича бойитгандай. — Бойлик истаган-қуллик истаган. Шоир эркнинг қули, мулкнинг эмас!
Бозор иқтисодиёти ҳаммамизни тум-тарақай қилиб юборди. Дўст-ёронлар, оға-инилар бегона бўлиб қолди бир бирига. Ит итга ялоғини ялатмайдиган пайтлар. Шу ўртада биз йигирма бешми ёки йигирма олти йилми кўришмадик. Энди эса у қора доғлар босган, кўнгилни айнитувчи ҳидлар таратувчи катакли халтачасини тиззасига қўйганича нималарнидир ўйларди. Ўйлардими ўзи, даргумон.
— Поста…оф! — У кўрсаткич бармоғини девол тагига нуқтаб шеригига ғўлдиради: — Пост…аф!!
Гуруҳимиз олди йигитининг дайди, нотавон ва бекас ҳолга тушиб қолгани ғоят ҳайрат уйғотди.
Мен у билан бу ҳолда кўришишни истамасдим. Индамай, мутлақ бегонадай, ундан узоқлашдим, бироқ йигирма қадамларча юргач, қандайдир ички даъват таъсирида орқага қайтдим. Қовун-тарвуз ва пиёз пўчоқлари ҳиди босган девол тагида ахлат титкилаётган курсдошимдан изоҳ кутардим. У менга эътибор қилмади, ўз иши билан банд эди.
— Он такой, деспот. Не обращай внимания, — деди ахлат титкилайвериб ўзи ҳам бадҳид, афти кўриниши қоп-қора, ўлик кўз, чаккаларини яра босган, қотма киши. — Фед, на, пей! Дай потяну. Жмот!
Федя шериги узатган шиша ичидаги суюқликни, чамаси қолиб кетган ароқни, ғўлт-ғўлт ичиб, бўшаган шишани чеккадаги халтасига ташлади. Шериклари уни Федя дейишаркан. Аслида исми — Фозилжон эди. У ўз исмини ҳам унутган эди чоғи, Федя десам ўгирилади. “Нима бўлган унга? Инсон ўз ихтиёри билан уйсиз, элсиз, ўз исмини ҳам унутиш даражасида тубанлашиши мумкинми?” Ахлат титкилайди, ниманидир оғзига ташлайди, чайнайди, туфлаб, яна нимадир ютади. Қаршисида ахлат титкилаётган ит норози иррилайди, курсдошим парво қилмайди.Ўрганиб қолган.
У кўзига тушаётган кир, пахмол сочларини ёнига тарайди, ниманидир эслаб, бироқ тутилиб, икки марта қараб олди менга. Ғўлдираши ва тутилишидан билдимки, у гапиришни ҳам унутган…
Орадан ярим йиллар ўтди чамаси, тиззам оғриб, туман шифохонасига тушдим. Ёшлигимда лат еган тиззам, ярим аср ўтгач, қайта азоб бера бошлаганди. Ярим кечаси ёнимга кимнидир ётқизишди. Ҳамшираларнинг “дайди, машина тагига тушибди, шофёрга жабр бўпти”, деган гап-cўзлари қулоғимга чалинди. Эрталаб ҳамхонам, бошигача ёпинган чойшаб тагида, қимир этмай ётарди. Нонуштага тушиб, муолажалардан қайтсам, у йўқ. Массаждан кейин кўзим илинибди. Эшик ланг очилиб, ҳамширалар аравачани етаклаб кирганидан уйғониб кетдим. Аравачада, не кўз билан кўрайки, беҳуш курсдошим ётарди. Унинг кесилган оёғи томондан ҳали қон томчиларди…
Уч кун ўтгач Фозилжон ўзига келди. Олдида мен ўтирганимни кўриб ҳайратга тушди.
—И…йе! — У қоқсуяк, қоп-қора қўлларини менга чўзгандай бўлди, кейин кимлиги эсига тушди шекилли, уларни юмиб олди.
Дўхтирлар ва ҳамшираларга минг раҳмат! Улар Фозилжонни ҳаётга, инсонлар даврасига қайтариш учун барчасини қилишди. У гоҳо кесилган оёғи томон қараб, бошини чайқаб қўярди, шу пайт кўзларидан ёшлар тўкиларди. Каравотга суяниб ўтирганича нималарнидир ўйларди, лекин тутилиб ғўлдирашидан бирор нимани тушуниш мушкул эди. Менинг эса унинг институтдан кейинги ҳаётини билгим келарди. Унга дафтар ва ручка бердим, у, ниятимни илғаб, жилмайгандек бўлди. Ёнма-ён ўтириб сўзларни, жумлаларни такрорлардик. Эрмак топилганидан оёғим оғриғини ҳам унутардим. Фозилжоннинг иқтидорли йигит бўлгани менда унга ишонч уйғотганди. Лекин адашганимни билдим, у илгари мен билган, ҳавас қилган курсдошим эмас эди энди. Инкор қилмайман, у даъватларимни ерда қолдирмай, нималарнидир хотирлар ва ёзарди. Шу пайтлари овқатга қарамас, девор томонга ўгирилиб ёзгани ёзган эди. Гапга солмоқчи бўлсам, хўмрайиб қараб қўярди, нима ишинг бор, йўқол, дегандай қўлини силтарди. Кесилган оёғини қашиб қонталаш қилиб юборганида раҳмим келар, ундай қилма, деб ўтинардим. Қичиш азобидан тикилган оёғига ручка тиққани тасвирлаб бўлмас даҳшат эди…
У, эртага шифохонадан чиқадиган куним, дафтарни қўлимга тутқазди. Чала-чати, уқувсиз ёзилган сўзларни аввалига ўқигим келмади. Жим-жит “Маърифат хонаси”га кириб дафтарни қайта варақладим, ўзим учун нимадир топишим керак эди-да.
Ёзувларни айнан келтиролмасдим, улар реалликни, ўзлигини унутиб, аммо ниманидир ёдлашга умидвор қалбнинг улуқ-юлуқ битиклари эди. Уларни силлиқладим, ўзимдан нимадир қўшдим, курсдошим азиятларини гоҳо бўрттирдим. Шу тарзда уларни сизга тавсия этаяпман.
Мен етим ўсганман. Онам тўрт, отам олти ярим ёшдалигимда қазо қилишган. Онам нимадан ўлганини билмайман, отамни, укалари уй-жой талашиб, Қорасувга чўктириб юборишган, дейишарди. Мени катта қилган, фарзандлар доғидан эрта букчайган, чала кўрадиган, мудом ҳассасига таяниб, оҳ, Эгам, эртароқ ол жонимни, деб илтижо қиладиган бувим, раҳматли бувим, одам бўлганингни кўрай, ўғлим, деб пешонамдан ўпиб қўярди. Хотин, бола-чақали яша. Эри кечган хотинга уйланма, бахтиқора хотиннинг эри-да бахтиқора. Итининг бошини силасанг Эгам “бўл” дейди, етимнинг бошини силасанг элим “ўл” дейди. “Бўлар”инг Эгамдан, “ўлар”инг элимдан. Мен кўрган қора кунлар сенинг бошингга тушмагай. Қисмат гуноҳи билан қайтарилажак. Бари Эгамга аён. Қисматнинг қайтарилиши нимаю, одам бўлиш нималигини ҳали билмасдим. Бир куни мактабдан келсам, бувим деворга суяниб ўтирганича абадулмаконга кетибди. Ёш эмасманми, қисматнинг фожиали қайтарилишини билмабман. Бувимни кўрпага ўраб, қабристонга қўйиб келишганида ҳам кимдан айрилганимни билмабман. Ақлим ноқис эди.
Аммо бу бахтни юртда бошланган “саники-маники” титиб, титкилаб юборди. Рафиқам русийзабон эди, кетамизга тушиб қолди. Уч-тўрт ойлаб маошсиз яшардик, ҳукумат “мустақиллигини мустаҳкамлаш” билан банд, “ҳар ким ўзини боқсин”деб оддий халқни мафия ва коррупция қўлига топшириб қўйди. Замон зўрники, яшаб яшолмайсан, ўлиб ўлолмайсан. Ўзини мақтаб, кишиларни лақиллатиш одатга, оммавий психозга айланган. Корхонамиз беркитилди, минглаб кишилар кўчада қолди. Инсон инсонийлигини унутиш арафасида. Яккалик азобидан ўртанаётганимда эридан ажралган (аслида эри ташлаб кетган) синфдошимни учратиб қолдим. Ёнида икки ўғли ҳам бор эди. Уларни ўз фарзандларим қиламан, улар яккаликдан қутқаради, деб ўйладим. Дуч келган ишга ўзимни урдим, тиним билмадим. Энди уч жонни ҳам боқишим керак эди-да.Пул учун бировлар ҳожатхонасигача тозалаганман, гўрковлик ҳам қилганман. Топганларимни ўгайларга ташидим, уларни ўқитдим, олий маълумотли қилдим, уйлантирдим, машиналар обердим. Янги ҳовли тикладим. Турмушимдан норози эмасдим. Бувим ўгити хаёлимга келмасди. Шу ўртада укам уйини хотини ва фарзандларига ташлаб, келиб қолди. Уни пропискага қўймоқчи эдим, хотиним билан кичик ўгай қарши туришди. Улар укамни тинмай ёмонлашарди, нима учун уни боқишимиз керак, дейишарди. Ҳа, укам ишсиз, пулсиз эди. Мен йўқ пайтда уни ошхонага йўлатишмас экан. Укам кўзларида мунг кўриб, фарзандларини соғинаяпти шекилли, деб қўярдим. Аслида ўгайлар уни ҳайдашар экан. Укам мени тинч яшасин, деган ўй билан Қозоғистонга кетувди, тўрт ой ўтгач, ўлигини обкелдим. Хотиним билан кичик ўгай уни уйдан чиқаришга рухсат беришмади. Уни тўғри қабристонга обордим. Кўмдим. Аммо юрагимда пайдо бўлган алам аввал норозиликка, кейин нафратга айланди.Бу нафратни ароқ билан босиб юрдим. Фарзандим йўқлигини эслаб, баттар эзилардим. Хотинимни ёмон кўриб кетардим. Ўгайлар билан яшаш азобини хаёлимдан қувиш учун топганимни ичишга сарфлардим. Қўл-оёқларим қалтирайдиган, гангиб, баъзан ариқда ётиб қоладиган бўлсам ҳам иродамга таянолмадим. Ўгайлар мени икки марта телбахонага тиқишди, чунки уларни кўрганимда ғазабим қайнаб, ўзимни идора қилолмай қолардим. “Чиқиб кет, чиқиб кетларинг! Сизларни кўришга кўзим йўқ!” Мени боғлаб қўйишарди. Бир марта болта олиб югурганман. Беиз қўлимдан болта тушиб кетган…
Кўчаларда ётиб қолардим, “Фози пиён” лақибим эди. Тиланчи эдим. Ичмасам, ҳамма жойим қалтирар, кўчада қирқдан зиёд иссиқ, мен диғ-диғ қалтирардим. Бир қутлум ароқ сўраб кафеларга кирардим, олдида шишали мижозлардан жиндек, бир-икки қултум тилардим. Кўзимга ҳеч нима кўринмас, фақат ароқ истардим. Одамларни таниш ва фарқлаш қобилиятини йўқотдим… Шу ерда ёзувлар тугаганди.
— Фозилжон! Уйга обкетай сизни. Қараймиз сизга…
У индамади, афти-башарасини бужмайтириб, кесилган оёғини қимирлатди. Унинг толиққан, яшашга умиди қолмаган жуссаси ачиниш уйғотарди.
— Фед, бомж здесь?
Остонада курсдошимнинг ахлатдоши кўринди. Қўлида исқирт қоғоз халта. Шеригини кўрган Фозилжон бирдан жонланди, кўзлари порлаб, қучоғини очди…
Виктор АЛИМАСОВ