Насрий достон: Қабоҳат даври

Май Ван ФАН (1955),

таниқли вьетнам шоири

 

Муаллиф ҳақида:

Май Ван Фан 1955 йилда Вьетнамнинг шимолий қисмида, Ниньбинь провинциясида таваллуд топган. Ханойдаги чет тиллар коллежининг лингвистика ва рус маданияти факультетида ҳамда Минскдаги (Беларусь) Педагогика институтида таҳсил олган. Айни вақтда Хайфон шаҳрида яшаб ижод қилади.

Унинг 20 дан зиёд шеърий тўпламлари ва “Танқид­ларда иншолар” китоби нашр этилган. Тўпламлари жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинган.

2012 йилнинг декабрида “Firmament Without Roof Cover” (“Томсиз осмон гумбази”) китоби “Amazon” компаниясининг энг харидоргир шеърий тўпламлар юзталигидан ўрин олган.

Бир қатор Вьетнам ва халқаро адабий мукофотлар совриндори. Хусусан, 2010 йилда Вьетнам Ёзувчилар ассоциациясининг нуфузли мукофоти, 2017 йилда Цикада мукофоти, 2019 йилда Сербия Фанлар ва санъат академияси мукофоти, 2020 йилда Черногория адабий таржимонлар ассоциациясининг мукофотига сазовор бўлган.

Таниқли шоирнинг ижодида бугун “Hurriyat” газетаси муштарийлари эътиборига ҳавола қилинаётган “Қабоҳат даври” насрий достони салмоқли ўрин тутади. Ушбу асар шу кунга қадар 30 та тилга ўгирилган.

 

Англаш палласида

Мен ҳаракатда бўлганда сизнинг оламингизга топинаман. Илтимос, мени қўполлик ва бепарволикда айбламанг! Нимасидир сизга аён бўлган ёки ҳали озодликка эришмаган, ёки шу йўлда тусмоллаб ҳаракат қилаётганлар ҳақида. Ёки улар ҳали ҳам шу ерда қолганми? Ҳар нафас олганда мен янада юксакроқ кўтариламан. Лабим четларидан сачраган қон она заминни суғоради.

*   *   *

Мен тўғри ва нотўғри, йўл излаш ва адашишлар, телбалик ва нафс, замонавийлик ва алмисоқдан қолган тартиб, олийҳимматлик ва пасткашлик, яхлитлик ва ёлғизлик, мардлик ва тубанлик, тараққиёт ва қолоқлик қоришмасида вояга етдим. Эрталаблари оқимга қарши сузаётган балиқ ва тонг­­ги шафақни кутганча кўз юмаётган юлдузга дуч келардим. Ваҳима ичида мен синфга кириб, айни вақтда кўпчилиги вафот этган синфдошларим ёнига ўтирардим. Мен дарсни завқ-шавқ билан олиб бораётган ўқитувчига қулоқ тутардим. Ўқитувчи бармоғини кўтарганча, бутун синфга дафтар варақлашни топширарди. У ҳар биримизга узоқ тикилар ва менга яқинлашиб, агар дарсни тушунган бўлсам, ўз ҳиссиётларимни қандай яшириш кераклигини билишим зарурлигини таъкидларди.

*   *   *

Ўқитувчи синфга уруш, эмиграция тўлқини, “тозалаш” , ислоҳотларнинг кўплаб нусхаларини кўрсатарди. Тоғ-тоғ инсон суяклари уюми эвазига муваққат ва мўрт қурилган янги дунё, уй, бошпана тиклаш сари очилган йўллар. Улар қўшни давлатлар томонидан узилган ўқлар йўлларига ғов бўлганча, деворга дўнганди. Қон ва кўз ёшлари дарёси нусхаси мумдан ясалганди. Ўқитувчи гугурт чақиши билан нусхаларни ёрқин аланга қоплади. Биз илк марта паға-паға тутунга ўранган қалб ва ўйлардан куюнди иси анқишига ишонч ҳосил қилдик. Ўша лаҳзада мен ўзимнинг бепоён денгизим, осмоним ва ерим учун барқарор тинчликнинг заруриятини кучлироқ ҳис қилдим. Оғзим қора ва қуюқ, заҳарли дудга тўлалигини ҳис қилдим-у, синфдан отилиб чиқиб кетдим.

*   *   *

Мен сўқмоқни, унинг четларини, кўприклар ва чақиримларни кўрсатадиган устунларни қоплаган қурумларни чидам билан тозаладим. Сувнинг музлаган юзасидаги қоракуяларни оқаргунча қиртишладим, қора боғичлар, қора пешлавҳалар ва ҳавода муаллақ қолган варракларни асл кўринишига қайтардим. Мен миттигина болакай ёнига бориб, дуо ўқигандай шивирлаб дедим: “Кийиминг ва пешонангни босган қора қурумни артишимга изн бер!”. Болакай қаршисида ёввойи ҳайвонни кўргандай менга қаҳрли нигоҳ ташлади, кейин эса индамай нари кетди. Ўзимни гўё у билан мутлақо учрашмагандек тутиб, аста унга эргашдим, сўнгра эса ҳорғин нигоҳим билан норасида вужуддаги барча қора қурумларни майинлик билан олиб ташладим. Болакай шарпаси узоқларда кўздан йўқолгунга қадар тасаввуримда унинг вужудини тозаладим.

*   *   *

Ҳар тонг уйғонишим ҳамон ахборотлар тўрига чирмашиб қоламан – бу гўё улкан ўргимчакнинг тартибсиз тўқилган тўрларига ўралиб қолгандек ҳиссиёт уйғотади. Шундай кунлар ҳам бўладики, янгиликлардан гангиб, нонушта қилишни ҳам унутаман. Менга ер гўёки сайисхонага қамалиб олган ҳуркак отдек туюлади. Ҳаммаёқни чанг-тўзон қоплади, бу боши берк кўчадан чиқиш қаердалиги ҳам аниқ эмас. Сергакманми ёки орзулар қўйнидаманми, умуман, қаердалигим ҳам мавҳум. Кўнглимда бемаъни ўй уйғонди: ерда неч­та оёқ бўлиш мумкин? Ватан – шунчаки дўнгликлар, қоя­лар, боғлар, қатор соҳиллар, каналларгина бўлиши мумкин эмас. Ёки шўртак балиқли қайла, кўмир кули, похол ҳам. Баъзан тасаввуримда дунё менга бир тўп телбалар юмалоқлаган оёқсиз алланима бўлиб жонланади. Аммо уларнинг барча саъй-ҳаракатлари натижасиз, улар фақат айю­ҳаннос солганча ерни ифлослантиришади, холос.

*   *   *

Уч киши чой ичганча сукутга толиб ўтирар, олис бурчакдаги пўпанак босган тешикдан кўз узишмасди. У ердан ари ўрмалаб чиқди ва ўз ишларини бажаргани учиб кетди. Бу ерда ўтирганлардан бири қачонлардир маҳбус бўлиб, қамоқдан қочишга бир неча бор муваффақиятсиз уринганди.

Иккинчиси эса имтиҳонларда қалбакилик қилиш эвазига ўз тақдирини ўзгартиришга эришганди. Учинчиси бўлса ҳақиқатни англаб етгач, ўз яраларини даволай олганди. Улар пиёлаларидан чой ҳўплашда давом этар ва ҳар бири ўзининг бетартиб ўйларига чўмган эди. Ҳар бири бошқасининг ушбу ари уяси орқали суқилиб ўтиш ва шикастсиз қолишга интилаётганини тасаввур қиларди.

*   *   *

Хом гўшт парчасидан терини ажратиб олишди ва уни тозалаб ювишди. Ошпаз уларни куб шаклида тўғрашга ҳаракат қилди, аммо барибир аксарият бўлаклар шаклсиз ҳолга келди. Улар тенг миқдорда қуритилган саримсоқ, шакар, мурч ва қалампир қўшилган балиқ қайласи ва аччиқ карамель қиёми аралаштирилган зираворларда маринадланди. Улар оловда шилимшиқ уюм бўлиб вишилларди. Иссиқдан буришиб-тиришишарди. Уларнинг бари ўзга кўринишда янгидан ҳаётга қайтиш орзусида, бироқ айни вақтда эзилган ва янчилган ҳолатда ўз ёғида қоврилишга маҳкум эдилар. Буларнинг бари – қўланса ва очофат оғизга равона бўлиш умидида эди.

*   *   *

Руҳ ўзи жойлашиб олган буюм номига эга бўлади. Атрофимиздаги бари – совунлар, мағзава челаклар, канцелярия моллари, вентиляторлар, сочиқлар, патнислар, газаклар, идиш-товоқларнинг руҳлари. Мана бу туғуруқхона руҳи. Туман маъмурияти руҳи. Мактаб руҳи. Идора руҳи. Савдо-сотиқ идораси руҳи. Меҳмонхона руҳи. Асаларичилик ассоциацияси руҳи. От заводи руҳи. Казарма руҳи. Мен қайгадир бораётиб, қуролланган одамларга дуч келдим, улар тўхтатиб, мендан ҳужжатларимни сўрашди. Мен чўнтакларимни кавлаб, қандайдир муддати ўтган бир талай лицензияларни кўрсатдим. Ортимдан эшик ёпилиб, ўзимни зиндонда кўрдим. Тилим сўзга айланмасди. Жар ёқасида эканимни ҳис қилдим. Йиқилдим, бироқ мени тутиб қоладиган ҳеч ким йўқ эди. Шундай тушкун эдимки, ҳатто уйғониб кетдим. Ташқарида ёмғир ёғарди, туманнинг салқин нафаси очиқ деразадан оқиб тушарди. Мен янги туш кўриш умидида яна ўрнимга чўзилдим.

 

Алвон дард

Сўнаётган тунги чироқлар қон дарёсини қўзғатади.

Қон қонга аралашади, қўланса атала мисол пастга оқади. Қизил савдойилик.

Гўёки кимдир бўйнимдаги арқондан тортиб, қоронғу ва пўпанак босган энсиз йўлак бўйлаб судраб кетаётгандек. Бошим ортга ташланган, томоғим бўғилган.

Вақти-вақти билан танам ердан чиқиб турган мих ёки шиша парчаларига урилади. Ҳамма ёғим шилинган, оғриқдан ўтдек ёнади, қонга бўялган.

Қон тегиб, сирғанчиқ бўлган танамни янада тезроқ суд­рай бошлашди. Мен ёпишқоқ балчиқда биланглаётган илонбалиқ мисоли эдим. Мени жунлари олинган ва яраланган қандайдир жониворлар уюмига итқитишди.

Бошқаларни – орқадагиларни судраб келиш учун тезда бўйнимдаги арқонни бўшатишди.

Бир-бирининг ўрнини алмаштиришга ҳозирланаётган қоровуллар жамоасига нигоҳ ташлаб, нафасимни ичимга ютдим, юзтубан тушиб, ўзимни ўликка солдим.

*   *   *

Мен постни кейингисига топшириши керак бўлган аввалги навбатчиликдаги қоровулни кўрмадим. Янги аскар шунчаки белгиланган жойни эгаллади. Шууримдан, эҳтимол, бу хатолик ва бепарволик мен учун қулай имкониятдир, деган ўй ярқ этиб ўтди. Одатий жараёнда нимадир бошқачароқ эди. Ёки эҳтимол, шу вақтгача хизматларида жиддий оқибатларга олиб келадиган хатолар бўлмагани сабабли қоровуллар учун бу одатий жараёнга айланиб бўлганди. Мен қоровулнинг ортига судралиб бордим-у, бор кучим билан энсасига зарба бериб, ҳушидан кетказдим. Аскарни қоровулхона деразаси ромига боғлаб, кийимларини кийдим-у, тирик қолишларига умид боғлаган ҳолда ҳали таналари илиқ бўлган жонзотларни озод қилдим. Ва қочиб кетдим.

*   *   *

Мени бир туш қийнайди, унда камқонликка чалинган ўсимликлар сарғайиб, сўлади ва тўкилади. Ўлик барглар мени қон йўқотиш вақтига, қонни менсимаслик вақтига, қонни алдаш вақтига, қонни камситиш ва мақташ вақтига олиб боради. Номаълум жинс руҳи япроқ бандида чайқалади, унинг қачонлардир бир томчи қон деган номи бор эди. Яқингинадаги дарахт ва митти қушча энди жисмсиз руҳ билан баҳслашмай, ҳовлиқиб бош ирғашади. Бу қон томчиси айни вақтда тунги юлдуз нурини таратувчи шабнам томчиси, эрта тонгги ҳаётбахш ёмғир томчиси, гўдакнинг иягидан оқиб тушаётган пўртахол шарбати изи каби шаклга эга. Кўз четида қотиб қолган умид ва ишончга тўла кўзёш томчиси каби ҳам…

*   *   *

Қонли тушларимга турмадаги бир кишилик ҳибсхоналарнинг оғир ва қуюқ ҳиди сингиб кетган – бу ерда умри сўнггигача эътиқодига содиқ қолган жангчилар ўтиради. Улар ўз халқи ва ўз Ватани учун энг муқаддас нарсаларни орзу қилганча ўзлари танлаган топиндиларига сўзсиз ишонадилар. Улар босиб ўтган қонли йўлни атайин қоралаган ва бўҳтонларга кўмган, ўз эътиқодига хиёнат қилган ва сафдошларини сотган дўстларига сукутга толганча боқадилар. Тушимда бир кишилик ҳибсхоналарнинг ёпиқ эшиклари очилганини кўрдим, уларнинг ҳиди ҳамон оғир ва қуюқ бўлиб, фақат у ерда энди одамлар йўқ эди.

*   *   *

Қон отилади. Қон жанглар қони устига қатланади. Тинкаси қуриган чангалзор ёйилиб ётган таналарга тўлиб кетган. Қони қочган дарё ирмоқлари ва кўлларда – шишиб кетган мурдалар. Қон барчанинг кўз ўнгида ва буни ҳеч ким кўрмаётганда тўкиляпти. Тақдирлар суиқасд қилдилар ва якунландилар. Қон отилади ва ҳар бир мурданинг ичидан қон кетади. Қон тезда ивийди ва совиш хусусиятини йўқотади. Қон изи ҳам қолмай ювилади, ерга сингиб кетади, канализация қувури орқали оқиб кетади. Қон томчилари бир-бирини ўзига тортади ва чақиради, бироқ бир-бирини асло кўролмайди.

*   *   *

Қип-қизил дарё сокин оқаётган шу тунда барча уйқуда. Одамлар оғзи очиқ ҳолда ухлашади; оёқ-қўлларини ёйган ҳолда ухлашади; гулбарглари ёпилган гул янглиғ ухлашади; чириган мева каби ухлашади; турна ҳолатида ухлашади; ўликдек қотиб ухлашади; боши эгилган ҳолда ухлашади; тик ҳолда ухлашади; ўтирган ҳолатда ухлашади; ишда ухлашади; оғзида егулик билан ухлашади; қўлларини кўксида чалиштирганча ухлашади; бошини қўлига қўйганча ухлашади; оёғини қўшнисига ташлаган ҳолда ухлашади; юзтубан ётган ҳолда ухлашади; ўнг ёнбошини босиб ухлашади; сўлаклари оққан ҳолда ухлашади; кўзлари очиқ ҳолда ухлашади; уйқуда инграшади, ойпарастлик уйқусида эшикларни очиб юришади, тўшакка ёзилишади; тишларини ғичирлатишади; момақалдироқдай хуррак отишади.

*   *   *

Ўтмиш маконини эгаллаганча хотиралар келди. “Илон тахтаси” бўлмиш тузоқдан чиқиб турган ўткир учли найзалар шодаси, ҳар бир ўқнинг қуруқ шақиллаши, дўстининг ўқсочарини тутиб турганча ёрдам қўлини чўзаётганлар, душман окопига отилаётганлар, тергов олиб бориладиган столдаги сиёҳ доғи, йиғилишлар баёнининг рақамланган тўпи, муҳрланган сайлов қутиси, ойлик ошиши муносабати билан уюштириладиган кеча, бемор ҳолидан хабар олиш учун касалхонага бориш, нафақага чиқаётган киши учун гул, яқин инсоннинг юзига ташланган сўнгги назар, хизмат поғонасида кўтарилгани учун кимнидир қутлаш. Буларнинг бари баайни томошадаги актёрлар рўйхати каби четдан кўринади. Спектакль режиссёри кутилмаган ташрифи билан қаттиқ ҳайратга солади, сирли табассум қилади ва чекиш учун чиқиб кетади. Бир лаҳзада у соҳибкароматга, ташкилотчига, башоратчига айланади.

 

Чорраҳада

Қиз кетгани бўйича қайтиб келмаган йигитни кутарди. У шарти кетиб, парти қолган кампирга айланди.

Ўша тунда алвон дарё кампирнинг тушига кирди. Сув унинг вужуди ва қўлларидан аста тутди; тонг нафаси, субҳидам шабнами бўлиб, унинг оғзига эсди. Тушда сирғалувчи қайиқдан сув юзаси бўйлаб тарқалувчи тўлқин кампирнинг бели ва елкаларини чулғаб олади. Дарё кампирни ёшлик чоғига олиб боради ва у кутилмаганда севгилиси билан учрашади. Севишганлар кўз ўнгида кўплаб чорраҳалар ёрқин қизил рангда намоён бўлади. Алқисса, улар уфққа тезроқ етиб олишнинг бошқа йўлини танлайдилар. Чўғ мисол қонли дарёда уларнинг овозлари, истаклари янг­райди.

– Қўрқма, азизам, биз ёвузлик чангалидан тобора узоқлашяпмиз.

– Ортимиздан ҳеч ким қувмаяптими?

– Биз қон танлаган йўлдан кетяпмиз.

– Инсонлар шунчалик кўп хато қилишади-ки…

– Оломон кўпинча хасис ва шафқатсизларга эргашади.

– Улар асл ниятларини турли қарашлар, халқ, ҳақиқат ортига яширишади.

– Улар ҳақиқат чегараланган бўлиши керак, дейишади.

– Шу сабабли уларнинг топиндилари бузуқ, нотўғри кўриниш олади.

– Бунга барҳам бериш чорасини топиш керак.

– Бу ҳақиқатлигига ишонасанми?

– Ишонаман. Бироқ золим одамларнинг оғзидан чиқаётган “ҳақиқат” сўзига ишонмайман.

– Ҳақиқат ўзгариши мумкинми?

– У ҳамиша ўзгаради.

– Қачон?

– Инсоннинг эркини олиб қўйишганда.

– Одамларни қулларга, подага айлантиришади.

– Ким?

– Мустабидлар, мунофиқлар, қурол сотувчилар.

– Афтидан, ортимизда портлаш бўляпти. Юр тезроқ!

– Тинчлан, биз ўқ етмас олисликдамиз.

– Назаримда, кимдир бизни таъқиб қиляптими?

– Йўқ, қон лахталанди ва биз уларни ортда қолдирдик.

– Тўхтаймиз, тиз чўкамиз, қонга миннатдорлик билдирамиз!

– Қон билан тўлов бериб бўлмайди.

– Қон бебаҳо ва боқий.

– Миннатдорлик рамзи сифатида биз фарзанд дунёга келтирамиз.

– Фарзандларимиз катта бўлса, бу чорраҳадан хабар топишадими?

– Хабар топмасликлари ҳам мумкин. Биз ҳам у вақтда бўлмаслигимиз ёки хотирадан ўчиб кетишимиз мумкин.

– Унда одамлар қабртошимизга ЭРК сўзини битиб қўйишсин.

– Бу ерда тўлқин шовқини ва салқин шаббода бор…

– Ечин, юр, чўмиламиз.

Қудратли тўлқин ва кучли шамол севишганларни тўнкарилган қайиққа айлантирди. Қулаган мачта денгизга чуқур ботди, тубига урилди ва қайиқ ҳавода муаллақ қолди. Қайиқ бортлари чўзилиб, қийшайди ва гўёки сочилиб кетадигандек эди.

Дарғазаб тўлқинлар бирин-кетин қайиқ тубини кўтариб, унга сирғанчиқ сув ўтларини ирғитади, жазирама қуёш нурида тебратади. Қордек оқ денгиз кўпиги бортга майин урилади.

Севишганлар озодликни, қайиқ кемадан-да мустаҳкам, денгиз эса уммондан-да кенгроқ бўлишини истайдилар. Улар балиқ ва майда қисқичбақа, планктон, маржон бўлиб қолишни, миллионлаб денгиз мавжудотларига айланишни хоҳлайдилар. Уларни ҳеч ким тутолмаса ёки ажратолмаса, ёки таҳқирлаёлмаса. Қайиқ бурни, кейин чамбараги баланд тўлқинларда ғарқ бўлади.

Ағдарилган мачта қайиқ ичига мустаҳкамланган ва уни жойида маҳкам тутиб туради.

 

Бирлашув

Сув ўзи билан аждодлар руҳи, ернинг муқаддаслигини келтирган ҳолда инсоният оғзига қуйила бошлайди. Ҳар бир инсон бир-бири билан қоришиб кетган қарама-қарши ранглар оқимига бирлашиши, яқинлашиб келаётган, қумли чўкиндилар орасида димиқувчи сув тўлқинлари бағрига сингиши мумкин эди.

Янги оқим никоҳ даврини – тухум қўйиш, кўчат ўтқазиш мавсумини жонлантиради. Алвон қон ҳомилани озиқлантиради, уруғларни кўкартиради. Дарахтларга гуллаш, япроқ ёзиш, барча турдаги жонзотларга эса кўпайиш имконини беради.

Маънавият ва микросхема. Танамизда Ци қуввати ва дас­турий таъминот тизими оқувчи йўллар. Моддий ва номоддий оламнинг таркибий ҳамда таркибий бўлмаган маълумотлари. Инсонлар, жонзотлар ҳамда ўсимликлар қиёфаси вақт ва ҳозирги маконда ўзаро боғланган.

Маълумотлар базаси руҳлари бугун яшаётганлар сусткашлик қилмасликлари, бир жойда депсинмасликлари учун уларни шошилтирганча тезроқ очилишга умид боғлайдилар.

Инсоният интерфейси ойналарида пайдо бўлувчи шахс­лар ўзларининг қайта тикланишда бу сафар бошқа қадриятларни танлайдилар. Бошқача йўллар. Бошқача фалсафа. Бошқача йўналишлар. Бошқача топиндилар. Бошқача андазалар. Бошқача мустақиллик. Бошқача Эрк. Бошқача бахт. Бошқача истаклар. Бошқача ҳиссиётлар.

Узоқ вақт сукут сақлаган ёввойи ўт пояси кутилмаганда экраннинг чап бурчагида намоён бўлади. У компьютер вирус билан зарарланганидан огоҳлантирувчи хабарни эслатувчи чўзиқ овоз чиқаради: Биз чиқинди давридан ўтдик! Бу овоз одамларни аччиқланиш ва талвасага солмайди, чунки энди барча ўзининг асосий материал, хомашё эмаслигини билади.

Номсиз ёввойи ўт домино эффектини ҳосил қилди: тош­лар занжирини туртиб, барча таркибий қисмларнинг йиқилишини таъминлади. Қиёфасиз фигура ўрнидан туриб, ўзининг ўтмас пичоқдан ўзга нарса эмаслигини таъкидлади. Кейин – иккинчи фигура, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо… Сон-саноқсиз қўшин сафда ўз исмини эълон қилгани каби. Инсонлар кимдир бир парча латта, чўлтоқ супурги, ҳокандоз, муқоваси кўчган китоб, синган стул ёки дазмол эканини тан ола бошлашди. Яна кимлардир йиртиқ адёл, тумшуғи кўчган пойабзал, урфдан қолган кийим, эски, чанг босган пластик идиш эканини таъкидлашди. Ҳозир уларнинг бари сараланиш, чиқиндига чиқарилиш ёки янгидан туғилишларини кутиш учун ихтиёрий равишда хомашё тўплаш пунк­тига келдилар.

Сақланган файллар қабрлар мисол бирин-кетин намоён бўлмоқда. Тошдан қурилган, ҳашам билан ясатилган, ҳатто ташландиқ қабрлар… Липиллаётган экран исириқ дудлари ва барча ерга қўйилган эҳсонликлари мавжуд қабрларни тозалаш куни тимсолини яратади. Кооператив раиси яна пайдо бўлади ва ўзининг соҳибкаромат, маслаҳат кенгаши ва юзларига оқ грим чапланган актёрлар билан алоқасидан ажабланди. Илмий коммунизм фани ўқитувчиси иккала фронт аскарларини қарши олади. Бир кишилик ҳибсхоналардаги қулфларни эса ўзгартиришди, энди у ерда фақат ўлимга маҳкум қилинганларни сақлашади.

Панжара ёнидаги кашнич, коммелина гуллари, қирққулоқ кўлмакдаги расбор балиқлари ва чивин личинкалари билан бирга кутилмаганда нур таратишни бошлашади. Улар Эркин яшаш ва ўз шаънларини ҳимоя қилишни истайдилар. Узоқни кўра биладиган, метин иродали ва жасур бўлиш учун қадимги дарахтлар ва ёввойи жонзотлар билан боғлиқликка эришадилар.

Улар бургутнинг мағрур ҳамда машаққатли қайта туғилиш усулидан ўрнак олишади. Бургут юксакка парвоз қилолмай қолганда, чиқиб турган қоятошларга тумшуғини синиб кетганга қадар уради, кейин эса тирноқлари қайта ўсиб чиқади. У қуёшга кўз юммай ва кўр бўлиб қолишдан қўрқмай тик боқа олади.

Бургут яқинлашиб келаётган довулни кутганча, тоғнинг энг юксак чўққисига учиб чиқади. Кучли шамол шиддати уни ўша ерга – пўртана туғилувчи масканга олиб чиқади. Бургут ўзининг мағрурлик ва муқаддаслик тимсоли эканини намоён қилганча ўткир чангали билан бўроннинг елкасини чангаллайди…

Рус тилидан

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ

таржимаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =