Хотиралар тўзонидаги туйғулар
(ҳикоя)
“Сентябрнинг сим-сим ёмғирлари хазонрезги кузнинг рутубат булутларидан қуюлиб ойналардан оқиб тушаётган мустар томчиларини шундоқ ҳам, моғор босиб кетган лойсувоқ уйларнинг пойдеворига сингдириб бораётган у узун кунларнинг шаффоф бир тонгида, мен ҳеч қачон кўрмаган ва қачонлардир кўришни орзу қилган улкан кулранг бинолар ичра сариқ чироқлар пориллаб турадиган шаҳардан, бу дунёнинг унутилган ва ўша ерликлардан бошқа ҳеч ким эсламайдиган гўшаси – Исканага, бир замонлар сенинг бобонг томонидан ҳашамат ва боёнларга хос кибр билан қурилган ва эндиликда салкам чорак асрдан буён одам зоти яшамаганидан унниққан ҳамда бироз салқиган қўналғангга келганингни, ҳали юк ортилган чемадонларингни сенинг ортингдан доимий равишда гирдикапалак бўлиб юрадиган югурдакларинг бу ерларнинг тусига ҳеч ҳам ярашмайдиган оппоқ лимузинингдан ташиб олишаётган маҳалидаёқ, келганинг овозаси, оғиздан-оғизга, қулоқдан-қулоққа ўтиб, бўзариб келаётган намчил тонгнинг оҳангжамоли хабари бўлиб янградики, сендек кўркам, ўзига бино қўйган, кибр ва маданиятни жуссасида ғаройиб тарзда уйғунлаштирган ва ҳар доим сўнгги модалар русумида кийинадиган ва ҳар қандай қизни ақлдан оздирадиган даражада ўзига мафтун этадиган йигитни, биз эндигина балоғат остонасига қадам қўйган қизлар, бу дунёнинг тубанликлари олдида ҳали ҳеч нарсани тузук-қуруқ кўрмасдан, сенингдек ўзига ҳаддан ташқари бино қўйган олифтани илк бора кўриб турардик, гарчи сенинг отанг ва бобонг ҳақида бу яқин ўртадаги қишлоқлар ва туманларда ҳаддан ташқари оғиз кўпиртириб мақташларига қарамай, сенинг айрича ва улардан ҳам ошиб кетган шуҳратинг овозаси атроф-жавонибдаги сени биладиган ва сен ҳақингда эшитган барча қизларнинг кўнглида ҳавас уйғотар ва улар балоғат ёшида тутиладиган хотира дафтарларида суйган инсонингиз деган жойида сенинг Масрурбек деган исмингни катта ҳарфларда ёзишар, не бахтки, ўша паллаларда, роса суюкли бўлган эстрада артистларию машҳур кино актёрлари сенинг тўпиғингга ҳам келмасди, зеро исканаликлар, сен уларни чойчақага ҳам олмаслигингни ва сенингдек ўзига бино қўйган йигит қандайдир отарчилару шоуменлар билан тенглаштирилмаслигингни билишар, ваҳки, сенинг ота-боболаринг пулининг қудрати сен учун ҳамма йўлларни очиб ташлаган ва шунинг учун ҳам нима хоҳласанг шуни қилардинг, нима хоҳласанг ўшанга эришардинг, шу боис баъзан турли йўсиндаги матбуотларда сен ҳақингда чиқадиган хабарларда, сенинг иқтидорли ёшлардан бири сифатида Лондонда гимназияда ўқиётганинг, кейинроқ эса Оксфордга қабул қилинганинг ва бунга қўшимча равишда яна аллақандай халқаро университетларда магистратура бўйича таҳсил олаётганинг, Ташқи ишлар вазирлигида стажировкада юрганлигинг ва яқин орада қандайдир чет давлатга элчи бўлиб жўнатилишинг ҳақида узун-қулоқ гаплар юрар ва биз буларнинг ҳаммасига сенинг эришишинг муқаррарлигига ишонардик ва сендек йигитнинг рафиқаси бўлишни ич-ичимиздан орзу қилардик, бироқ кутилмаганда, корпорация иши билан шуғулланадиган бобонг ва отангни ташлаб, бир замонлар ота-боболаринг туғилган гўшага қўққисдан бемаврид келишинг, узоқ йиллардан бери уззу-кун ёғаётган ёмғирлардан зериккан исканаликларни, айниқса, уларнинг балоғат остонасига эндигина қадам қўйган қизларини анчагина шошириб, эсанкиратиб ташлади, бироқ сен уларга зарра ҳам эътибор қаратмадинг; бу зариф, лолагун, моҳирўй, оқбадан, сариқсоч, буғдойранг ва қорача рафторли қизлар сенинг эътиборингни тортишга ҳарчанд уринишмасин, уларга ҳеч қурса, кўнгил учун ҳам қиё боқиб қўймадинг; начора, сен шунчалар тошбағир эдингки, мана шу навраста ва содда қизларнинг кўз ўнгида, бўксалари катта, сийналари тимсол каби бўртиб чиққан катта шаҳарнинг сени деса ўлиб қоладиган офатижонлари билан юз-кўзларини кўриб гаплашадиган ғаройиб телефонинг орқали гаплашардинг ва биз ҳам уларни Исканага энди-энди кириб келаётган интернет орқали сенинг ўша ярим яланғоч ва ҳашамга ўч қизлар билан виллангда тушган суратларингни, суше барларда олифта услубда тикилган камзулингга осилиб олган ва сал қолса қўйнингга кириб кетаёзган кўк ва қийиқ кўзли қизларни ва яна аллақандай чўмилиш ҳавзаларида биз илгари кўрмаган жозибаси мутлақо бўлакча бошқа ойимчаларингни кўрардикки, бир қарашда сен уларни пайпоқдек алмаштираётганлигингни илғаб олиш қийин эмасди, аммо шунга қарамай сендан нафратланишга булар асос бўлолмасди, зеро сендек йигитнинг эътиборига тушиш ҳеч қачон етиб бўлмайдиган орзу, эришиб бўлмайдиган матлаб эдики, сендан нечук нафратланишсин, сен ахир ўйларимизнинг ягона овунчоғи, хаёлларимизнинг суюкли шаҳзодаси, хотираларимизнинг мангу асоси эдинг-ки, сени суйган ва фақат сени ўйлаган биз тенги қизларга уйланган йигитлар гарчи буни ҳеч кимга билдирмаса-да, бутун умр сендан нафратланиб ва сенга ҳасад қилиб ўтишади, аммо сен бундай майда гапларни ўйлайдиган ва булар ҳақида биз каби мулоҳаза юритадиган инсон эмасдинг, сен қандайдир бошқача, худди бобонг ва отанг каби асли шу ерлик эканлигингга ҳеч ким ишонмасди, зеро, бу ерлар сенинг рафторингга ярашмасди, негаки, сенинг шаҳзодалар каби оқ матодан тикилган ғайри услубдаги кастюм-шимларинг кибр ва худбинлик уфуриб турган кўркам ва салобатли қиёфанг, ҳаётнинг ҳамма лаззатларига мустағриқ бўлган умринг, доимо атрофингда гирдикапалак бўлиб юрадиган ва бир имо қилсанг айтганингни муҳайё қиладиган югурдакларинг сенинг ҳаддан ташқари ҳашаматли ва шоҳона ҳаётингни бир бўлагига айланиб кетгандики, биз каби кўримсиз ва оддийгина кулбада яшайдиган молхона қоровулининг қизини сен назарга илармидинг, гарчи мен сенинг эски ва салқиганлигига қарамай, қишлоқдаги энг сўнгги қурилган янги иморатларга нисбатан ҳам замонавийроқ ва кўркамроқ туюладиган қасрингнинг шундоқ этагидаги кулбада яшаётган бўлсам-да, менга бир бора қиё боқиб қўймасдинг, ҳатто қўналғангга жойлашиб олган ўша кунда, югурдакларинг одам яшамаганидан чирк ва ғубор босган хазонрезги кузнинг сариқ япроқларидан атрофни тозалаш учун мени ёллаганида ҳам сен ҳеч нима билан иши йўқдек, боғ этагидан оқиб ўтадиган Оқсувдарё ва унинг нариги соҳилида ястаниб ётадиган ўрмонга тикилганча соябон остидаги керамика стулингда ўтирардинг; ваҳки илгарилари ҳам ўша бўксалари ва сийналари тимсол каби катта ва сенга ҳеч тортинмай суйкалаверадиган шаҳар қизлари ўрнида бўлиб қолишни қанчалик хаёл сурмай ва сенга қанчалик қарамай, сен менга эътибор ҳам қилмасдинг; сенинг кўзларинг бир замонлар бобонг томонидан сотиб олинган дарё ортидаги бепоён ерлар ва кейинчалик бунга қўшимча равишда отанг томонидан сотиб олинган хазонрезги ўрмонга тикилганди, бироқ соябон остида ўтираркансан ҳеч ким, ҳатто ўзим ҳам кутмаганимда сен мени эй бодом гулли кўйлакли қиз деб олдингга чақирдинг ва ёмғирда ивиб кетганимни айтдинг ва баданимга чиппа ёпишиб қолган чит кўйлагимни қуритиш учун ўзингнинг хобгоҳингга бошладинг, не ажабки, мен шунда сенинг ҳашаматли уйингни ичкаридан кўрдим, сен менга шундай ғайритабиий қарардинг-ки, кўзларинг ва вужудингдан қуюлаётган асрор шунчалик жозибали эдики, мен буларни ҳеч қачон унутолмасдим; зеро остонангдаёқ кўзларни қамаштирадиган чўғдек қизил гиламлар ва деразаларингдаги қаймоқранг пардалар тутилган кенг ва шинам уйинг швед стол ва стуллари ҳамда чех мебеллари билан тўлдириб ташлангандики, мен уларга маҳлиё бўлиб, кўйлагимни қуритишим лозим бўлган камин олдига эмас, билъакс, сенинг ётоғингда пайдо бўлиб қолганлигимни сезмадим, зеро мен кўзларимни чирт юмиб олган ва буларнинг ҳаммаси менинг тушим ва кўзларимни очсам барчаси тумандек тарқаб кетишидан қўрққандек, изму ихтиёримни сенинг қўлларингга топшириб қўйдим ва шу ишим билан сенинг кўпдан-кўп парируй малаклардан иборат ҳаётингнинг муайян лаҳзаларига айлана олдим ва ёмғирлар зериктириб ёғадиган сентябрнинг охирларида сен бу ердан бутунлайга кетгунга қадар, ўша лаҳзалар менинг телбавор ва шукуҳли ҳаётимнинг энг бахтиёр сонияларига айланди, аммо сен кетиб қолдинг ва ўша лаҳзалардан кейин мени эсламадинг ҳам, ёмғирлар эса ёғаверди, япроқлар сарғайиб тўкилиб битди-ю изғирин шамоллар эса бошлади, сўнг ҳамма жойни оппоқ қор қоплади, эндиликда биз ўрмон тулкисининг изларини Оқсувдарёдаги далалар этагида кўрардик, болалар қийқириб тайғанмачоқ учарди, кунлар жуда совиб кетган эди ва ана шундай мустар кунларда, мен вужудимда қандайдир ўзгаришлар бўлаётганлигини илғаб қолдим, о, ичимда мурғак вужуд ўсиб келаётган эди, буни билдиму қувончдан кўзларим ёнди, ахир у иккаламизнинг гарчи сен учун қандайдир лаҳзалик бўлса-да, муҳаббатимизнинг меваси эди, у кундан-кун ўсиб борарди аммо у ҳақда ҳеч кимга айта олмасдим, атрофдагилар билиб қолмаслиги учун узун пальтолар киярдим, қиш ортидан кириб келган баҳор илмилиқлари рўдоподек кийимларимни улоқтиришга мажбур қилган бўлса-да, мен ўзимга ярашмайдиган кенг ва осилиб кетган кўйлаклар кийиб юрардим, аммо бир кун буларнинг ҳаммаси ошкор бўлди-ю, молхона қоровули бўлган менинг отам, унинг кимлигини менга айт, номусимни топташ қандай бўлишини унга кўрсатиб қўяман дея менинг юзларимга бетиним шапалоқ тортаркан, сен учун ва фақат сен учун мен уйдан бош олиб кетдим, аммо сенинг пок ва муқаддас номингни асло ҳеч кимга айтмадим, орияти қиличдек ўткир отам, юрак хуружини бошидан кечириб, менинг энди ундай қизим йўқ деган бўлса-да, мен сенинг номингни сотмадим азизим, зеро мен учун бу кўргуликлар сенга бўлган муҳаббатим олдида ҳеч нима эмас эди, мен сенга ҳаммасини айтиб бермоқчи бўлиб ҳузурингга отланган эдим, аммо на сени топдим, на сенинг муҳаббатингни, сен аллақачонлар менинг оёғим ҳеч қачон етиб бормайдиган ерларга кетиб қолган эдинг ва сен менинг кўзим ёриганини ҳам, туғилажак зурриёдингни ҳам, унинг исмини ҳам била олмадинг, мен фарзандимизни, тўғрироғи, ёлғиз ўзим чироқлари кечалари билан пориллаб турадиган катта шаҳарда, урвоққа ҳам етмайдиган фаррошлик маоши билан ўстириб улғайтирдим, гарчи унинг қад-қомати ва қуйиб қўйгандек бўй-бастлари сенга ўхшаса-да, унинг сенинг ўғлинг эканлигига ҳеч ким ишонмади, аммо у сенинг ўғлинг ва муҳаббатимизнинг ёлғиз ёдгори эканлигини ҳаётимнинг сўнгги сониялари ҳаққи ишонтириб айта оламан, эҳтимол, бу мисралар сенинг қўлингга етиб борганида ва ушбу жумлаларни сен ўқиётганингда уларни сен учун битган Лайло ўлган бўлади ва унинг руҳи ҳаётнинг ҳамма лаззатларига мустағриқ сенинг умринг осмонидан учиб ўтаётган бўлади”, деб тугалланувчи узундан-узоқ хатни ўзининг вилласида дам олаётган Масрурбек ўқиб тугатаркан, кўпдан-кўп аёллардан иборат ҳаётининг диловар бир тонгида бу мисраларни ёзган Лайло исмли қиз ким эканлигини ҳатто эслолмади ҳам, зеро у яшаётган ҳаёт худди кино ленталари каби тез-тез ўтиб кетаётган ва ҳеч ҳам тўхтамайдиган лаҳзалардан иборат эди…
Шерзод Комил Халил
Муаллиф ҳақида: Шерзод Комил Халил — 1982 йили Китоб туманидаги Искана қишлоғида туғилган. ЎзМУнинг фалсафа факультети (1999-2005)да таҳсил олган. Замонавий ғарб фалсафаси ва тарихи магистри. Тошкент Олий адабиёт курси (2005-2007) тингловчиси. Насрдан ташқари, шеърият ва драматургияда ҳам ижод қилади. Асарлари республика матбуоти билан бир қаторда АҚШ, Англия, Бельгия, Аргентина, Италия, Сербия, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиё давлатларида чоп этилган. Ёзувчи “Writers Capital” (Халқаро ёзувчилар кенгаши)нинг Ўзбекистон бўйича директори, “Literetur Online” журнали муҳаррири. Дунё халқлари ёзувчилар уюшмаси президентининг ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчиси, “Global Litera” журнали ўзбек адабиёти бўлими муҳаррири. 2016 йилда АҚШнинг Шимолий Каролина штатида “I left poetry” (“Мен шеъриятдан кетганман”) номли шеърий тўплами чоп этилган.