Бухоро амирининг большевиклардан доди

1911 йилдан 1921 йилгача Бухоро тахтида ўтирган ва большевикларнинг зулми, ҳарбий истилоси туфайли ўз мамлакатидан қувилиб Афғонистонга кетган ва у ерда вафот топган Саййид Амир Олимхон ўзининг “Тарихи хузни миллати Бухоро” (“Бухоро халқининг ҳасрати тарихи”) китобида Бухорода XX асрнинг бошларида рўй берган воқеалар ҳамда ўзининг бошидан ўтмиш кечмишларини қаламга олган.

У китоб дебочасида шундай деб ёзади:

“Ўз аҳволим ва бошдан кечирганларимни ёшлик чоғимдан олиб борилган то Бухоро пойтахтида салтанат учун большевиклар билан олиб борилган жангларда бўлиб, ўзимнинг Қобул доруссалтанатига кўчишим воқеаларини таҳрир ипига тизиб ушбуда баён қилдим, токим ўқувчилар ва унга кўзи тушган зотлар бу фақирнинг баён қилган ҳолларидан ва Бухоро салтанати пойтахти ва унга тааллуқли бўлган маълумотга эга бўлсалар ва большевиклар билан бўлган муҳораба ва Афғонис­тонга кўчишим сабабларини мутолаа қилиб, унга инсоф назари билан боқсалар”.

Амир Олимхон отаси Саййид Амир Абдулаҳад вафотидан сўнг Бухоро ҳукмдори бўлганлиги ва мамлакатда тартиб-интизом, ободлик ишларига раҳбарлик қилганлиги, жумладан бир неча масжид, мадрасалар қурдирганлиги, ўзи қурдирган мадрасада ўқувчи талабаларнинг сарф-харажати, емак-ичмак, ки­йим-кечакларини тайёрлаб берганлиги, бозорлар ва йўлларнинг ободлиги борасида ҳам қатор ишларни амалга оширганлигини ёзади. Аммо бу орада қўшни Россияда бўлиб ўтган инқилобий ҳаракатлар натижасида рус подшосининг тахтдан маҳрум этилиши ва энг муҳими – большевикларнинг ҳокимият тепасига келиши Бухоро давлатининг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ҳам бутунлай ўзгартириб юборади.

“Большевиклардан бўлган бу жамоанинг тартиб-қонунларини на кўриб бўлинди, на билиб бўлинди, – деб ёзади Амир Олимхон. –Чунки ҳамиша беқарорлик юзага келди, бу жамоа ҳукуматни хароб этиб, мамлакатни вайрон қилишга йўл қўйди, динларни, ибодатхоналарни йўқ қилишди, мўътабар ва давлатманд бўлган ҳар бир гуруҳ мол-мулкини босиб олиб, талон-торож қилдилар, ўзларини қатл этишни бурч деб билардилар. Уларнинг сўзларига ишонилмайдиган даражага келинди”.

Большевиклар ҳукумати мустақил давлат бўлган Бухорони босиб олиш учун ҳам ғоявий, ҳам ҳарбий ишларни амалга ошира бошлайдилар, бунинг учун улар Бухоро аҳолиси ичидан ўзлари учун ҳамфикрлар, кўмакчилар топадилар. Бу ҳақда Амир Олимхон шундай деб ёзади:

“Большевиклар жамоаси беасл қонун-қоидалар чиқариб, ёлғон-яшиқ ишлар билан, бузуқ йўл-йўриқларни тўғри йўл деб билдилар. Шу тариқа иш тутиб, уларнинг бу тартиблари муқаддас Бухоро давлатига ҳам тарқалиб бирмунча жоҳил ва илмсиз кишилар беасл Русия большевиклари йўл-йўриғини қабул қилишди, ўзларининг бузуқ ишларини жорий этишга интилдилар. Тахминан 117 нафар самарқандлик, тошкентликлар бирлашиб иттифоқ тузишди, бу жамоа ичидан чиққан икки нафар каттаконлари – Файзулла Хўжаев ва Мирзо Муҳиддин Мансуров бузғун большевикларга ўз мақсадларини баён қилиб, улардан ёрдам исташди. Большевиклар ҳам бу жадид бузғунчиларга кўмак бериб, темир йўл орқали Колесов деган кимсани Бухорога чақириб, уруш эълон қилиб, Бухоро давлатига юриш бошладилар. Аллоҳнинг инояти, пайғамбар шариатининг мадади билан ҳарбий қуролларнинг камлигига қарамай, Бухоро ислом аҳлига зафар кулиб боқди, бу банда ғалабага эришди. Большевиклар ўз мақсадларига эришолмай сулҳ тузишга розилик билдиришди”.

Аммо большевикларнинг Бухоро давлати билан тузган сулҳи оддий бир найранг бўлиб, рус большевистик ҳукумати шарқдаги бу мустақил давлатни қандай қилиб бўлса ҳам буйсундиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Орадан бир неча йил ўтгач бу мақсад амалга оширилди. Бу ҳақда Амир Олимхон шундай деб ёзади:

“Аммо душманларимиз найранг билан бизни ғафлатда қолдириб, мисоли бир йўлтўсарлар каби, уруш эълон қилмасдан ҳижрийнинг 1339 йили (1920) зулҳижжа ойининг ўн бешида якшанба кечаси соат ўн иккида Бухоро аскарлари устига ёпирилиб келиб ҳужум уюштирдилар, шу билан урушни бошлаб юбордилар. Натижада вақт ярим кеча соат иккида анча аскар ва ҳарбий қуроллар жамлаб, тўп отиш ва ўқ ёғдириш билан бирга темир қолқонли аравалар-броневиклар, темир қоп­ланган моторлар – бронепоездлар билан уруш бошлаб юбордилар. Улар ўн битта тайёра билан Бухоро шаҳри устида ҳавода парвоз этиб, бомба ёғдирдилар. Бу бандайи ожиз ўз аскаримни мажбуран олдинга –   фронтга чиқариб, ихтиёрни тақдири илоҳийга топшириб, тўрт кечаю тўрт кундуз урушдик. Бу уруш асносида душман тахминан Бухоронинг ярмини тўп ва пулемётдан ўққа тутиб, кўп талафот етказди. Мусулмон бечоралар душман дастидан мол-дунёсини, ўз фарзандларини ташлаганларича, нима қилишларини билмай, ҳар томонга қоча бошладилар. Шунга қарамай, бу бандайи ожиз тўрт кечаю-тўрт кундуз душманга қарши урушдим, қаттиқ жанг қилдим. Тўп ўқларининг кўплиги, бомба ёғдиришлар, талафот ва харобаликлар Бухоро шаҳрида ортиб кетиб, камбағал бева-бечораларни қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Шунда ўзимча ўйладим. Бу бандайи ожиз ушбу Бухоройи шариф шаҳаридан кўчишни ихтиёр этсам, шояд шу сабабдан харобаликка бўлган сабаблар йўлини тўсиб, фақиру фуқаро бечораларни бу жабр-ситамлардан озод қилсам ва осойишталик бахш этсам, деган андишада чаҳор шанба куни фойтунга ўтириб кўчишни ихтиёр этдим ва Ғиждувон тарафга равона бўлдим”.

Амир Саййид Олимхон ўз китобининг давомида Шарқий Бухорода туриб большевикларга қарши урушгани ва кейинчалик Афғонистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлганини ва шунда ҳам бу кураш ўн йилларча давом этганлигини ёзади. У ўз асарини: “ёдгорлик тариқасида шу во­қеаларни кўриб турганлар учун бу борадаги тарихимни таҳрир ипига тиздим, токи улар бошимдан ўтганлардан хабардор бўлсинлар”, деб тугаллайди.

Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон одил ҳукмдор бўлганми ёки золимми – бу тарихга ҳавола. Ва бу хусусда турли мулоҳазалар бор. Аммо у ўз даврида шу юртнинг, шу мамлакатнинг қонуний тахт эгаси, ҳукмдори эди. Большевистик тузум зўравонлик билан уни ўз тахтидан ва мамлакатидан жудо қилди, буни тарих тан олди. Биз ўз юртидан қувилиб, мусофир юртда вафот этган бу зот ва унинг мазкур китобини топиб, ўзбек тилига ўгириб, нашр эттирган атоқли олим марҳум Абдусодиқ Ирисовнинг хотираларини эслаб ҳикоямизга нуқта қўямиз.

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 14 =