Қитъаларда изи қолган…

(Биринчи ўзбек ирригаторларидан ҳисобланган Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли ҳаётидан тарихий ёднома)

 

…1930 йилда “Средазгидровод” бошқармаси томонидан Жанубий Хоразмнинг бўшлов ётган 400 минг гектар ер майдонларини қиш­лоқ хўжалиги экинлари экиб, фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш –ўзлаштириш лойиҳаси ўртага ташланади. Бу улкан лойиҳани ишлаб чиқиш учун шу даврда ирригация бўйича маҳаллий миллат вакилларидан Европада таҳсил олган мутахассислардан бири Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли ҳам комиссия таркибига киритилади. (Комиссия таркиби асосан москвалик олимлардан иборат эди).

 

Юртнинг истиқболини белгилайдиган лойиҳа жозибадор эди, аммо… Чор-атрофдан икки буюк саҳро – Қорақум ва Қизилқум ўраб олган, тирикчилиги Амударёдан келадиган сувга қараб қолган воҳада аҳолининг ўсиб бориши асносида экин ерларига талаб ҳам ошганди. Шўроларнинг асосий мақсади – пахта етиштиришни кўпайтириш –шу орқали Россиядаги тўқимачилик корхоналарини узлуксиз сув текин хомашё билан таъминлаш ва албатта… жаҳон саҳнида рақиби ҳисоб­ланмиш Американи бу соҳада ҳам қувиб ўтиш эди.

Муҳаммад ҳожи Аминаддиновга ушбу лойиҳанинг Хоразмнинг суғориш тармоқлари жойлашиш тизими, сув тақсимоти ва сиғими бўйича илмий-амалий хулосалар бериш вазифаси юклатилганди.

Шу даврда бу тизимни мукаммал биладиган бошқа маҳаллий мутахассиснинг ўзи йўқ эди.

Хонлик даврида воҳада 160 чақирим узунликдаги Шоҳобод, 150 чақиримга чўзилган Қилич Ниёзбой, 140 чақиримдан узунроқ Полвон­ёп, 90 чақиримдан сал зиёд Ғозиобод ва етмиш чақиримга етар-етмас Лавзон арналари бутун воҳани сув билан таъминларди. Дарё орқасидаги арналарни ҳам қўшиб ҳисоб­лаганда воҳада жами 128 та сув тақсимлаш иншооти ва ўн мингга яқин кичик сув йўллари – ариқ ва солмалар мавжуд бўлиб, ҳар йили дарё ва бошқа сув йўллари ўзанларидан етти миллион куб метр тупроқ қазиб олинарди.

Муҳаммад ҳожи 1912-1918 йилларда хонликнинг бош мироби, кейинчалик ташкил қилинган Хоразм Халқ Республикасида зироат (қишлоқ хўжалиги) нозири сифатида сув йўллари ва улардан мукаммал миқдор сув олишни беш бармоғидек яхши билар –қиш оёғию баҳор бошида ўтказиладиган “бегор”, яъни сув йўлларини тозалашда бевосита иштирок этар, қисқаси фасллар алмашинуви – об-ҳавонинг турқига қараб, сув тақчиллиги ёки сув тош­қинлари бўлиш-бўлмаслигини бехато айта оларди.

Аҳоли сони ошиб бориши баробарида 400 минг гектар ерни ўзлаштириш бу улкан иш. Аммо…

…Ана шу “аммо” лойиҳа муҳокамаси вақтида юзага қалқиб чиқади ва вақт келиб, воҳалик машҳур мироб ҳаётига нуқта қўядиган   ҳукм вазифасини бажаради.

* * *

…Лойиҳа муҳокамаси узоқ чўзилади. Чеккада ўтирган Муҳаммад ҳожи москвалик сув мутахассислари фикрларига жимгина қулоқ тутади, айрим ноўрин хулосаларни эшитганида эътироз айтмайди, мезбонлигини ўйлаб, одоб сақлайди. Қачонки москвалик бир академик Муҳаммад ҳожи чизган сув йўллари тузилиши харитасини саҳнга осиб, ўз фикрларини айтишга тушгач, сукутни бузишга мажбур бўлади. Сабаби, у чизган харита тамомила ўзгартирилган –устидан қизил чизиқлар тортилганди.

Академик лойқа сувдан ҳар мавсумда ботил бўлиб қоладиган сув йўлларини тозалаш қийинлигини баҳона қилиб, учта арна ўрнида янгидан бир арна тортиш таклифини ўртага ташлагач, Муҳаммад ҳожи ўзини тута олмайди ва унга савол беради:

— Сиз, кечирасиз, Хоразм сув тизими тарихидан хабардормисиз?

Академик гапни бошқа ёққа буради:

— Биз ҳозир тарихни эмас, келажакни ўйлаб бу ерга тўпландик.

— Келажак тарих пойдевори устига қурилади!

— Нима демоқчисиз?

— Воҳадаги сув йўллари асрий тажриба –пухта ҳисоб-китоб асосида бунёд этилган. Уларни ўз ўзанидан бир метр ҳам суриб бўлмайди.

Соқолдор, бошига чўгирма кийган қандайдир “мулла”нинг эътироз айтаётгани, яна рус тилида фикрларини равон баён қилиши академикнинг ғашини келтиради. “Бу мулланинг додини берай, илмсизни илм билан мот қилай!” деган фикрлар ёдидан ўтиб, ўзича босиқлик билан сўз бошлайди:

— Мен Цензерлингнинг “Орошение на Амударе” китобини жиддий ўқиб чиқдим. Хон замонларида улусни доимо азоб-уқубатда сақлаш тартиби амалда бўлган. Улар муттасил қазувга мажбуран жалб қилинганлар. Сиз “ўрнидан бир метр жилдириб бўлмайди” деган каналларни қазиш учун ҳар йили бир миллион киши қазувга ҳайдалган. Нима, сиз яна халқни эксплуатация қилиш тарафдоримисиз?!

Муҳаммад ҳожи оҳиста гапиради:

— Цензерлингни мен ҳам ўқидим. Воҳада бўлган пайти икки марта учрашиб, ўз фикрларимни айтганман. У эса… йўқ жойдан “қазувга ҳайдалган бир миллион киши”ни топган. Эътиборингиз учун ҳозир воҳада 650 минг киши яшайди. Хон замонларида ҳам, совет даврида ҳам ҳар йили ариқ-каналларни тозалашга ҳар ўн таноб ер ҳисобидан бир киши жалб қилиниб, улар ўн икки кун бегорда ишлаб беришган. Бегорда энг кўпи билан 45-50 минг киши иштирок этарди.

Академик “мулла” деб ўйлаган одамнинг бинойидек олим эканлигини, факт ва рақамларни мукаммал билишига ғайирлиги келади ва мавзуни бошқа томонга буради:

— Мана бу ахмоқчиликка қаранг! Шоҳобод канали етти соқадан сув олади. Шунча ер ўғирлаши гўрга, бу иншоотларни ҳар йили мус­таҳкамлашга қанча маблағ кетади?

Муҳаммад ҳожи бўш келмайди:

— Шоҳобод канали соқалари шундай мукаммал жойлаштирилганки, улар дарё ўлтонидаги энг сўнгги сувниям олишга қодир. Сув тошқини даврида арнада бир ёки икки соқа бўлса, улар дарё босимига дош беролмайди. Шу етти соқадан бирисини йўқ қилиш – кўмиб ташлаш эртага сув тошқинида одамлар ҳаё­тини хавф остига қўяди. Мен ўттиз беш йиллик иш тажрибамда буни кўп синаб кўрганман!

Дарёдан чиқарилган арналар ўрнини белгилашда мироблар қадим синалган усулдан фойдаланганлар. Устига оғир юк босилган эшакни дарё қирғоғидан бўшлов қўйиб юборишган. Юк оғирлигидан эшак пастга – қуйига қараб юришга мажбур бўлган. Айнан шу эшак юрган йўл бўйлаб канал қазилган…

…Муҳаммад ҳожининг халқ тажрибасидан келтирган бу мисоли йиғилиш қатнашчиларининг дамини ичига тушириб юборади. Ахир, кимсан москвалик академикни “бир эшакча ақли йўқ” дейиш…

Йиғилиш эртасига Муҳаммад ҳожини воҳада сув таъминоти учун масъул “Упрадис” ташкилоти бош муҳандислигидан бўшатиб, Тўрткўл шаҳридаги “Дегишстройга”га ишга юборишади. Кўп ўтмай эса энг чекка қишлоққа мироб қилиб жўнатишади.

Ушбу лойиҳа уч йилдан сўнг қабул қилинади ва унда Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли таклифлари борича қабул қилинади, аммо лойиҳа муаллифлари рўйхатидан номи олиб ташланади. Ўша москвалик академик амалда “лойиҳа муаллифи”га айланади…

* * *

Шуниси диққатга моликки, мана салкам бир асрки бутун воҳа ер майдонлари ўша лойиҳа асосида сув билан таъминланмоқда. Хоразм­нинг деҳқончиликда шон-шарафларга бурканиши пойдеворини ҳам ўша лойиҳа қўйиб берган. Аммо тармоққа оид асарларда лойиҳа муаллифи эсланмаслигининг ҳам ўз тарихи бор.

* * *

Муҳаммад ҳожи 1873 йил баҳорида дунёга келган. Ҳали у бешикда ётган вақтида хонликни Чор Русияси ишғол қилади. Отаси Аминаддин Ёқуб рус истъелосига қадар шу ҳудудда ҳоким бўлган эди. Руслар кейинчалик ҳам бу тажрибали, эл кишилари ортидан сўзсиз эргашадиган ҳокимни ўз вазифасида қолдирадилар.

Муҳаммад аввал қишлоқ мулласида савод чиқаради. Кейинчалик Хива мадрасасида таҳсил олади. Тўрткўл (Ўша вақтда Петро-Александровск деб аталган) шаҳрида ҳудудда илк фаолият бошлаган рус-тузем мактабига қабул қилинган биринчи маҳаллий миллат вакили бўлади. Ушбу мактабда у билан бир вақтда Хиванинг бўлғуси хони Асфандиёр ҳам таҳсил олган.

Франция ва Чор Русияси ҳукуматлари ўзаро келишувларига биноан 1892 йилда бир гуруҳ туркистонлик ёшлар Тулуза шаҳрида сув коллежи талабаси бўлишади. Улар орасида маҳаллий миллат вакилларидан ягона талаба Муҳаммад эди. Франциянинг Тулуза шаҳрида 1892-1896 йилларда таҳсил олиш асносида амалиётни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказади ва йигирма уч яшар йигит қадим Шарқ миробчилигини Ғарбнинг амалий ва назарий билимлари билан уйғунлаштирган шу соҳанинг илк мутахассиси бўлиб етишади.

* * *

Хоразмда ҳам ҳамма жойда бўлганидек, сув том маънода ҳаёт манбаи эди. Шундан, хонликда мироб лавозими энг нуфузли ҳисобланган. Мунис ва Огаҳий каби шеърият дарғалари хонликда бош мироб вазифаларида ишлашгани бежизга эмас. Айтиш керакки, хонликда миробчиликка ўқитадиган алоҳида даргоҳ бўлмаган. Касбий маҳорат, ҳаётий тажрибага суянган.

Вақт келиб, Муҳаммад ҳожи тақдирига ҳам хонликнинг бош мироби бўлиш ёзилади.

* * *

Муҳаммад Францияда таҳсил олиш асносида Туркияда амалиётни ўтаган даврида муқаддас ҳаж зиёратини ҳам адо қилган. Ёзги таътил вақтида океан ошиб, Америкага ҳам саё­ҳат қилган.

У араб, форс, рус, француз, турк тилларини мукаммал билган.

Сув соҳаси бўйича Европада таҳсил олган илк мутахассис меҳнат фаолиятини Тўрткўл шаҳридаги Амударё флотилиясида бош­лайди ва дарға — кема капитанлари тайёрлашга катта ҳисса қўшади. Ўша даврда воҳада етиштирилган барча маҳсулотлар Европага сув йўли орқали олиб кетилган. Амударёдан турли ҳажм­даги кемалар тўхтовсиз Чоржўйга қатнаб турган.

* * *

1900 йилда отаси – Хонқа беклиги ҳокими Аминаддин Ёқуб вафот этади ва Хива хони Муҳаммад Раҳимхон соний – Феруз Муҳаммадни отаси ўрнига бекликка ҳокимликка та­йинлайди.

Муҳаммад ҳожи Хонқада ўн саккиз йил ҳоким бўлади. Бу даврда бекликда ўнлаб заводлар қурилади. Энг асосийси бутун ҳудуддаги сув йўллари мукаммал тизимга эга бўлади.

Собиқ мактабдоши Асфандиёр тахтга ўтиргач, Муҳаммад ҳожи зиммасига бир вақтнинг ўзида хонликнинг бош мироби вазифасини бажариш ҳам тушади. Ҳар йили қиш оёғи–баҳор бошламасида сув йўлларини тозалаш ишларига раҳбарлик қилиш, арна ва каналлар тўғонларини мустаҳкамлаш, дарё тошқини вақтида воҳани сув босмалиги учун қочи –дамбаларни доимо мустаҳкам сақлаш каби оғир вазифа унинг зиммасида бўлган.

* * *

Эътиборли ҳолат: Муҳаммад ҳожи юрт тарихига Ҳожибой ҳоким номи билан кирган. Хонқада ҳоким вақтида халқ уни ҳурмат қилиб, “Ҳожибой ҳоким” деб улуғлаган. Ўша вақтда ҳаж зиёратига бориш ўта машаққат бўлиб, ҳамма ҳам бунга журъат қилавермаган.

Вақт келиб, унга халқ берган лақаб-мартаба фарзандлари шарифларида акс этади –улар Ҳожиев деб янгича фамилия оладилар.

* * *

Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли –Ҳожибой ҳоким ҳақида юрт тарихидан ҳикоя қилувчи кўпгина тарихий рисолалар гувоҳлик берадилар.

Рус олими А. Самойлович Хонқа ҳокими Муҳаммад ҳожини ўз хотираларида таърифлар экан, унинг уйи оврупача қурилгани, уйида каттагина кутубхонаси борлиги, Санкт-Петербург, Москва, Қозон ва Кавказда чоп қилинадиган газета-журналларни мунтазам олиб туришини айтади.

Амударё бўлими бошлиғи полковник Н. Ликошин эса Муҳаммад ҳожини олти тилни мукаммал биладиган, замонасининг энг илғор кишиси сифатида таърифлайди.

Олмониялик профессор Эрик Зигмайер 30 яшар ҳокимнинг меҳмони бўлган. У “Туркис­тонга саёҳат” деб номланган йирик асарида Ҳожибой ҳоким ҳақида шундай ёзади: “Биз европаликлар шарқликларни саводсиз, даврдан орқада қолган бир ёввойи қавм даражасида кўрамиз. Аммо уч кун Хонқада бўлиб, шунга амин бўлдимки, дунёқараши, сиёсатни чуқур англаши жиҳатдан мезмон биз меҳмонлардан кўп карра устун эди…”

Москвада чоп қилинган “Новый вестник” журнали 1923 йил 3-сонида Хоразм Халқ Рес­публикасининг зироат нозири Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли ва у раҳбар бўлган нозирлик ҳақида каттагина мақола эълон қилган…

Хива хонини тахтдан ағдарган “Ёш хиваликлар” фирқаси етакчиларидан бири Полёз ҳожи Юсупов ҳам Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли ҳақида ижобий фикрлар келтиради. Бу шуниси билан аҳамиятлики, “Ёш хивалик­лар” инқилоб қилгач, хонлик давридаги барча ҳоким ва мансабдорларни бадарға қилишганди. Муҳаммад ҳожи бундан мустасно бўлган. Полёз ҳожи Хива хони Асфандиёр билан Санкт-Петербург, Москва, Кавказ, Қримга бирга боришгани, улар сафида Ҳожибой ҳоким ҳам бўлганлиги, Чор Русияси амалдорлари билан учрашувларда юрт тақдири юзасидан муҳим таклифларни олға сурганини ўз хотираларида ёзиб қолдирган.

Юртимиздан чиққан биринчи кинооператор Худойберган Девонов ўз маслакдоши бўлган инсонни тарихга муҳрлаган.   Архивларда сақланиб қолган ўнлаб суратларда Муҳаммад ҳожини иш жараёнлари ва сафдошлари орасида кўрамиз. Шунингдек, бегор жараёни суратга олинган кинода ҳам Муҳаммад ҳожининг қазувда одамлар орасида юргани манзаралари акс этган…

* * *

Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли эл учун қилган хизматлари эвазига Хоразм Халқ Рес­публикасининг “Меҳнат” ҳамда шўроларнинг Ленин орденлари билан тақдирланганди.

Энг асосий мукофот – бу инсоннинг юрт тарихидан ўрин олгани, Истиқлол даврида бу мутафаккир инсон ҳақида шеърлар, достонлар, роман-эссе ёзилгани, ҳужжатли фильм ишлангани.

* * *

Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида шўролар ўтказган қатағон бу инсонни ҳам четлаб ўтмади — 1937 йил 19 октябрда қарилик нафақасида бўлган кекса миробни ҳибсга олишади ва   икки ой терговдан кейин “хон даври амалдори”, “оддий халқ эксплутатори”. “хорижда таҳсил олган” каби айблар билан “халқ душмани” сифатида ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилишади.

Терговда унинг москвалик академикни бадном қилгани воқеаси ҳам эсланади…

1938 йилнинг феврали оёғида ноҳақ айбдор бўлган маҳкум Тошкент яқинидаги Зангиота зиёратгоҳида вақтинча ташкил қилинган қамоқхонада (Ўша вақтда у Туясарой деб юритилган) вафот этади ва улуғ авлиё пойқадамига дафн қилинади.

Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли — ўз даврининг сиёсий етук ойдинларидан бирининг ибратлик умри шундай фожиали якунланади ва Сталин вафотидан сўнг унинг номи оқланади.

* * *

“Оққан дарё оқмасдан қолмас” дейилмиш отасўзимиз ҳамиша ҳақ.

Вақт келиб, Муҳаммад ҳожининг катта невараси, профессор Абдулла Худойберганов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлайди.

Бугина эмас. Вақт келиб унинг невараларидан етти нафари елкасига вазир бўлмоқ ёзилади.

Яна бир невараси – Неъматулла Худойберганов салкам йигирма йил ҳоким бўлади.

Унинг авлодлари бугун АҚШ ва Европада таҳсил олишмоқда. Улар орасидан кўплаб фан докторлари етишиб чиққан ва чиқмоқда.

* * *

Ушбулик ёдномани воҳанинг машҳур шоири Матназар Абдулҳакимнинг Муҳаммад ҳожи ҳақидаги “Кўприк” достонидан бир тўртлик билан якунлашни ўринли билдик:

 

Муборак ниятлар завол топмайди,

Кўприклар қурилар, йўллар очилар.

Қайтар набиралар қиёфасида

Муҳаммад Аминаддин ҳожилар.

Рўзимбой ҲАСАН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 10 =