Тирикчиликнинг айби йўқми? Ёки журналистикани нега ташлаган эдим?

Чин маънодаги журналистика ҳақгўйлик, жасурлик талаб қиладиган соҳа. Бироқ тўғри сўз туғишганингга ёқмайдиган бу оламда журналистдан жасурлик талаб қилиш осон, бу жасурлик журналистнинг бошига не қора кунларни солиши мумкинлигини кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмайди. Журналист юрак қони билан ёзган мақоласига яраша моддий манфаат, қонуний ҳимояга эгами?

Яхшими-ёмонми совет тизимида журналистнинг жамиятдаги ўрни, моддий манфаатдорлиги юқори эди, десам тўғри маънода тушунинг. Фельетон, луқма, танқидий мақола битган журналистлар маошдан ташқари яхшигина қалам ҳақи ҳам оларди. Турли яширин тазйиқлар албатта учраб турарди, лекин очиқдан-очиқ ҳужум қилишга кўпчиликнинг ҳадди сиғмасди.

Бугунги кунда журналистикамизда фельетон жанри саҳрода сувсиз қолган дарахтдай қуриб қолди. Аксарият вилоят, туман газеталари МЧЖга айлантирилди ва “ўзинг учун ўл етим” қабилида кун кўраяпти, шу боисдан улардан фельетон, танқидий мақола кутишнинг ўзи адолатсизлик бўларди. Фельетон, танқидий мақола ёзаман деган журналистни кундуз куни чироқ ёқиб ҳам топиш қийин.

90-йилларнинг охирларида Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармасининг матбуот хизматида масъул ходим эдим. Бир аудиторлик фирмаси раҳбари вилоят газетасида мақола эълон қилиб хўжалик субъектларига солиқ идоралари ходимларини текширишга киритманг қабилида даъват қилганди. Шу мақолага жавобан танқидий мақола ёзиб бошим балога қолганди. Буни қарангки, аудиторлик фирмаси раҳбарининг суд тизимида яхшигина оғайнилари бор экан. Суд маҳкамасида бизнинг асосли далилларимизга судья ҳам, прокурор ҳам ҳатто эътибор бермади.

Худди шундай ҳолат “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўйича собиқ мухбири, бугунги кунда нафақадаги “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Алиқул Хонимқулов билан бўлганди. Журналистнинг “О’кей, мистер Расулов” сарлавҳали фельетони бўйича суд жараёни узоқ давом этиб, “Халқ сўзи” газетаси ютқазганди. Шундан сўнг менимча “Халқ сўзи” ҳам фельетон эълон қилмай қўйди.

Яна бир мулоҳаза. Журналистнинг моддий таъминоти қандай? Яқинда узоқ йиллардан буён “Сирдарё ҳақиқати” бугунги кунда “Янги Сирдарё” газетасида ишлаб келаётган ҳамкасбимиз Муҳаммадали Аҳмад Тошкентга уюштирилган пресс-турда “Янги Ўзбекистон” газетаси ходими оладиган маош бизда 10 ходимга бўлиб берилар экан, деб қолди. Майли, юқори маош бўлсин. Аммо юқори маош олиб ишлаётган журналистларда жамиятдаги нуқсонларни дадил ёритиш учун нега жасурлик етишмаяпти, деган савол ҳам пайдо бўлади.

Шу сатрларни ёзаяпману эсимга эшикдан кириб келган меҳмонларнинг олдига икки ликопча ширинлик қўя олмаганим тушиб кетди. 2002 йилда “Инсон ва қонун” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири бўлиб ишга кирдим. Маошим олти минг сўм — фаррошнинг ойлигидан ҳам кам, қалам хақи берилмайди. Борига барака қилиб ишлаб икки ой ўтмай “От минганники эмас”, “Чўнтаги бўш ошхўрлар”, “Толаси ёқади, ақчаси чақадими?” сингари етти- саккизта танқидий мақолам эълон қилинди.

Бир куни уйимизга тўрт киши кириб келди. Ичкарига чорладим. Дастурхон ёздик. Аксига олиб дастурхонга қўйишга нондан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Турмуш ўртоғим қўшниникидан бир патнис ширинликни “прокат”га олиб чиқиб вазиятни ўнг­лади.

“Делегация”ни вилоят марказий банки раҳбарлари жўнатган экан. Меҳмонлардан бири “Сизни қайси банк хафа қилди, айтинг, ишларингизни тўғрилаб берамиз. Раҳбарият шу масалада бизни жўнатди” деб қолди. Кейин билсам ёзган мақолаларимдан икки-учтаси банк тизими бўйича бўлиб республика миқёсида эътиборга тушган экан. “Мен тадбиркор ёки фермер бўлмасам, банкка умуман ишим тушмаган, бу бир тасодиф, холос” деб меҳмонларни кузатдим.

Эртасига маошимни олиш учун банкка бордим. У пайтлар пластик карта йўқ эди. Озгина пул қўйиб ҳисоб очтиргандим. Кассадаги қизга маошимни олмоқчиман деб мурожаат қилгандим, “Байрам арафасида пул берилмасин” деган топшириқ олганмиз” деди. Банк раҳбарига учраб ўзимни таништирдим, муддаомни айтдим. У телефон гўшагини тутиб “Ойлигингиз қанча?” деб сўради. “Олти минг сўм” дегандим менга шундай ҳайрат билан қарадики, ўзимни жуда ноқулай сездим.

Эртасига мақола ёзишни тўхтатдим. Тирикчиликнинг айби йўқ деб бозорда сабзи сота бошладим. Бозордаги фаолиятим ўн тўрт йил давом этди. Шуни орқасидан икки ўғлимни Тошкент тиббиёт акаде­миясида тўлов-контракт асосида ўқитдим. Катта ўғлим ўн йил, кичик ўғлим етти йил ўқиди. Журналистикани мажбуран ташладим. Бўлмаса ўғилларимни ўқита олмасдим. Хоҳлайсизми йўқми, моддий манфаатдорлик кўп нарсани ҳал қилар экан.

Журналистнинг мустақил шахсий фикри бўлгандагина унда жасурлик, курашчанлик туйғуси бўлади. Яна бир воқеа эсимга тушди. Солиқ бошқармасида ишлаб юрганимда ходимлар тўлиқ аттес­тациядан ўтказилди. Комиссия таркибига республика идораларидан масъул ходимлар киритилган, ҳар бир ходимнинг тавсифномасида аниқ камчилиги кўрсатилиши талаб қилинганди. Менинг тавсифномамга “Бошқалар фикри билан ҳамиша ҳам ҳисоблашавермайди” деб ёзилган экан. Шунда бошқарма бошлиғи Орзиқул Мўминов “Тўғрида, журналист ўз фикрига эга бўлмаса журналист бўладими?” деб далда берди. У киши бугун ҳаётда йўқ, бандалик қилиб кетган. Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин. Менимча ўшанда Орзиқул ака журналист қандай бўлишини лўнда ва содда қилиб таърифлаган экан.

Хуллас, “Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб” деганларидек, кўрган-билганларимни бир сидра эсладим. Яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Жамиятда демократия, ошкоралик, шаффофлик, эркин фикрлилик ҳукмронлик қилсагина журналистга қўш қанот бағишлайверади. Қолгани эса журналистнинг маҳорати, ҳалоллиги, меҳнатсеварлигига боғлиқ.

Тоғаймурод ОРТИҚОВ,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 11 =