Орадан йиллар ўтди…

Кейинги йилларда Қамчиқ довонидан ўтувчи йўллар хорижий ҳамкорлар билан биргаликда бутунлай қайта қурилди

Умрида бир марта бўлса-да, пойтахтни Фарғона водийсининг сўлим гўшалари билан боғловчи Қамчиқ довонидаги йўлдан ўтган киши беихтиёр бу ғоят фусункор ҳудуднинг шайдоси бўлиб қолиши ҳақиқат. Чунки виқорли тоғларни кесиб ўтган бу йўлнинг икки ёнидаги бетакрор манзаралар йилнинг барча фаслида ҳам кишини ўзига мафтун этади. Айниқса, жазирама ёз пайтида бу ерда бўлсангиз, тоғ ёнбағридаги ям-яшил табиат қўйнида бир муддат дам олиб, муздек мусаффо ҳаводан нафас олсангиз, атрофдаги кўркам манзаралардан баҳраманд бўлсангиз, узоқ вақт руҳингиз тетик бўлиб юриши аниқ.

Ҳар икки томонда ҳам енгил автомобилларнинг 4 қатор бўлиб, хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур имкониятлар яратилди. Бундан 10 йиллар муқаддам қишнинг ёғин-сочинли вақтида мазкур ҳудуддан ўтиш қатор муаммоларни келтириб чиқарар эди. Айниқса, қалин қор ёғиб, музламалар юз берган дамларда йўллар маълум муддатга ёпиб қўйиларди. Ана шундай изғиринли ҳавода йўловчиларнинг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг.

Шуни ҳисобга олиб, давлатимиз томонидан Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлини қуриш, ушбу ҳудуд орқали поездлар қатновини ташкил этиш тўғрисида махсус қарор қабул қилинди ва мазкур йирик лойиҳа 3 йил ичида ҳаётга татбиқ этилди. Эндиликда асрий тоғлар бағрини ёриб ўтиб, пойтахтдан Фарғона водийси вилоятларига қатнаётган замонавий поездлар минглаб йўловчиларни йилнинг барча фаслларида бирдек қулай ва хавфсиз шароитларда ўз манзилларига бехатар етказиб қўймоқда. Шу билан бирга, юртимизга ташриф буюрган кўп сонли хорижлик сайёҳлар ҳам бундай қулайликлардан баҳраманд бўлиб, ҳудуднинг сўлим манзараларидан завқланишмоқда.

Мамлакатимиз истиқлолининг 35 йиллик муаззам байрами арафасида ушбу темир йўл фойдаланишга топширилганига ҳам 10 йил тўлди.

2013 йил бошида мазкур лойиҳани амалга оширишга киришилди. Бу жараёнга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси тасарруфидаги, бунга қадар “Аср қурилиши” деб ном олган, юксак тоғлар бағрида Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон магистралини барпо этиб тажриба тўплаган йўлсозлар ва кўприксозлар жалб этилди. Асосий мақсад — Фарғона водийси вилоятларини юртимиз ҳудуди бўйлаб темир йўл ёрдамида мамлакат пойтахти билан боғлаш, аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон этиш эди. Кўп сонли йўлсозлар, темирйўлчилар ушбу вазифани адо этиш учун уч йил тинимсиз меҳнат қилдилар. Энг замонавий, юқори қувватли техникалар жалб этилди. Тоғ бағрида темир йўл қуриш ўзига хос меҳнат ва машаққат талаб этиши табиий, чунки бу ернинг иқлими анча оғир: қишда қор, совуқ, ҳатто ёзда ҳам ёмғир кўп ёғади.

Мураккаб муҳандислик ечимига эга бўлган лойиҳага кўра, тоғнинг баланд қоялари портлатилиб, тош ва бошқа жинслар қудратли машиналар ёрдамида олиб кетилди. Ишлар бир вақтнинг ўзида Ангрен ва Поп тумани ҳудудларида олиб борилди. Тез орада Тошкент ва Наманган вилоятлари чегарасида, магистраль бўйида кўркам “Орзу” бекати бунёд этилди. Умуман, янги йўл бўйлаб учта замонавий вокзал, бешта станция тикланди. Улар атрофида қатор инфратузилма объектлари, хизмат кўрсатиш тармоқлари, темирйўлчилар учун уй-жойлар қурилди. Тоғ бағрида гўзал кошоналар юз очди.

Кечагидек ёдимизда. 2013 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури мухбирлари мазкур қурилишдан репортаж тайёрлаш мақсадида илк бор Қамчиқ довонига келдик. Тоғ ёнбағирлари қалин қор билан қопланган, ҳаво совуқ ва изғирин эди. Қурувчилар Ангрен шаҳридан 10 км олисликда, тоғ бағридаги баландликларни текислаш, йўл учун тупроқ тўшаб, жой ҳозирлаш каби жараёнларни амалга оширишмоқда эди. Кучли техникалар унум билан ишлатилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси йўл хўжалиги бошқармаси бошлиғи Эркин Умматов мазкур лойиҳага кўра амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан бизни атрофлича таништирди.

— Йўл бўйлаб бир неча станция ва бекатлар, ўндан зиёд катта кўприклар бунёд этилади, — деди суҳбатдошимиз. — Қурилишда уч минг нафардан ортиқ йўлсозлар, темирйўлчилар, кўприксозлар ва бошқа мутахассислар меҳнат қилишади. Барча юмушлар 2016 йилга қадар ниҳоясига етказилади ва мана шу тоғлар оралаб қудратли поездлар ҳаракатлана бошлайди.

Бу сўзларни тинглар эканмиз, тўғриси, аввалига кўнглимиздан бироз ишончсизлик ҳислари ҳам ўтди.

— Бу ҳаммаси эмас, — сўзини давом эттирди суҳбатдошимиз. — Тоғнинг ҳов анови баланд қисми замонавий техникалар ёрдамида ўйилиб, узунлиги 19 км.дан зиёд ер ости туннели ўтказилади.

Бу сўзларни тинглаб, ҳайратимиз янада ортганди…

Биз деярли ҳар ойда мазкур қурилишда бўлиб, юз бераётган ўзгаришлар билан танишиб, лавҳа ва репортажлар тайёрладик. Ҳар борганимизда таассуротларимиз янада ортиб борарди. Иш кеча-ю кундуз тўхтовсиз олиб борилди.

2014 йил апрель ойида Қамчиқ довонидаги хушманзара тоғ бағрида жойлашган Кўксарой қишлоғи атрофида олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Яқиндагина ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг ҳаво очилиб, борлиқ ўзгача тароват касб этган. Тоғ орасидан эсаётган майин шаббода димоққа майсаларнинг хушбўй ҳидини олиб келиб уради. Шарқироқ тоғ дарёси тошдан-тошга урилиб оқади, унинг шовқини узоқларга таралади. Йўлсозлар тупроқ тўшаш жараёнини якунлаб, текисланган майдонга пўлат излар ётқизишни бошлаб юборишди. Ерни зичлайдиган кучли техникалар бу жараёнда қўл келди. Оқшом тушгунга қадар белгиланган ерга темир йўллар ётқизиб бўлинди. Бу жараённи суратга олиб, қурувчи ва механизаторлар билан мулоқот қилдик.

— Шундай улкан лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётганимиздан ғурурланамиз, — деди Андижон вилоятидан келган қурувчи Исломиддин Соҳибалиев. — Темир йўл қуриб битказилгач, барча юклар ва йўловчилар водийдан республикамизнинг бошқа ҳудудларига темир йўл орқали етказилади. Биринчидан, вақт тежалади, транспорт харажатлари камаяди. Энг муҳими, фуқаролар водийдан пойтахтга замонавий поездларда дам олиб, роҳатланиб етиб оладилар. Афсуски, ҳозир ёғинли кунларда тоғ орасидаги автомобиль йўлида ҳаракатланиш анча мураккаб. Қалин қор тушганда машиналар ўта олмайди, йўловчилар бундан азият чекадилар. Темир йўл битгач, бу муаммоларга бутунлай чек қўйилади.

Ҳақиқатан ҳам янги йўл водий вилоятлари аҳолиси ва Қамчиқ довонида истиқомат қилувчи фуқаролар учун ҳам катта қулайликлар яратди. Биз бу манзараларни тасвирга олиш жараёнини якунлаётган пайтда, икки набирасини етаклаб, бу ердаги қурилишлар билан таништираётган бир кишига нигоҳимиз тушди. У ўзини меҳнат фахрийси Туроббой Жабборов деб таништирди:

— Бундай улуғвор ишларни ҳудудимизда яшовчи аҳоли ҳали кўрмаган. Қурувчилар кечаю кундуз бетўхтов иш олиб боришаётганини ҳамқишлоқларимиз кузатиб туришибди. Ҳадемай қишлоғимиз ўртасидан поездлар ўтади. Бу эса ҳамюртларимиз қалбига олам-олам қувонч ва ғурур бағишлайди. Мен набираларимга ана шулар ҳақида сўзлаб бердим. Нарироқда, тоғ дарёси устида узунлиги 200, баландлиги 25 метрни ташкил этувчи улкан кўприк барпо этилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган темир-бетон устунлар ва тўсинлар ўзимизнинг заводларда тайёрлаб бериляпти.

Юқорида, довоннинг энг баланд қисмида туннель қурилиши ҳам бошлаб юборилди. Бу жараён Хитойнинг жаҳонга машҳур “Туннель қурилиш” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ушбу иншоот ўзининг меъморий ечимлари ва мураккаблиги билан МДҲ давлатларида ўхшаши йўқ ҳисобланади. Бунинг учун Европадан, Хитойдан тоғ жинсларини пармаловчи энг замонавий, юқори қувватли техникалар олиб келинган.

— Ўзбекистон тоғлари жуда қаттиқ. Уни ўйиб туннель қуриш анча оғир жараён, — деди компания бош менежери Жоу Уоо Кенг. — Компаниямиз дунёнинг ўнлаб мамлакатларида ана шундай ишларни бажариб, катта тажриба тўплаган. Ана шу йирик лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш биз учун ҳам манфаатлидир.

— Ўзбекистоннинг табиати ниҳоятда гўзал, одамлари меҳмондўст экан, — деб суҳбатга қўшилди хитойлик мутахассис Шчо Ляй. — Мен яшайдиган провинция Хитойнинг энг сўлим, табиати гўзал ҳудудларидан саналади. Сувимиз тиниқ, табиатимиз ям-яшил, ҳаво тоза. Лекин Ангрен-Поп темир йўли қурилаётган маскан ундан-да сўлим экан. Бу ернинг бетакрор табиати, тоза ҳавоси, зилол сувлари мени ўзига мафтун этди. Ўзимни юртимдагидек ҳис қиляпман. Янги темир йўл битгач, бу масканнинг серфайз табиатини, гўзал манзарасини кўриш ва ундан баҳраманд бўлиш учун бутун дунёдан сайёҳлар келишига ишонаман. Темир йўлнинг икки томонида замонавий меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш масканлари қурилади, кўплаб маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади. Ҳадемай бу ерларнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетади. Ана шу янгиланишларда менинг ҳам иштироким борлигидан фахрланиб юраман. Мен бу ерда жуда кўплаб дўстлар орттирдим. Янги темир йўл Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги тимсоли сифатида узоқ йиллар халқингиз фаровонлиги ва мамлакатингиз тараққиётига хизмат қилади.

Баҳор тугаб, кунлар исий бошлади. Июнь ойининг бошлариданоқ қуёш иссиқ пуркай бошлади. Яна биз қурилишда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ҳақида кўрсатув тайёрладик. Иш давом этаётган пайтда Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги ҳукумат комиссияси аъзолари қурилишнинг бориши билан танишаётганлигини кўрдик. Шавкат Миромонович ҳар ойда бу ерда бўлиб, жараёнларни назорат қилар, юзага келган муаммоларни зудлик билан ҳал этишда амалий кўмак кўрсатарди. Бу, албатта, ишларни янада тезлаштиришда муҳим аҳамият касб этарди.

Навбатдаги хизмат сафарида темир йўлнинг Наманган вилояти Поп туманидаги қисмида бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишдик. Қамчиқ довонидан тушишингиз билан, чап томонда Чодак қишлоғига элтувчи йўлга кўзингиз тушади. 3-4 чақиримдан сўнг қуюқ дарахтзорлар, дала ва боғларга бурканган сўлим масканга кириб келасиз. Қурилиш штаби айнан шу ерда — қишлоқни иккига бўлиб, тошдан-тошга урилиб оқаётган анҳор бўйида жойлашган. Бу ернинг манзараси ниҳоятда гўзал ва бетакрор. Ёзнинг жазирамасида ҳам ҳаво мўътадил ва бироз салқин, муздек шаббода эсиб туради. Тоғ бағридаги ҳар доим ям-яшил арчазорлар, кўм-кўк майсалар билан қопланган кенгликлар кишининг дилини яйратади.

Темир йўл қурилиши билан боғлиқ барча жараёнлар, ишчи кучи, техника ва кадрлар билан таъминлаш масалалари шу ерда ҳал этилади. Ҳар оқшом қурилиш ташкилотлари раҳбарлари, лойиҳачилар ва мутахассислар бу ерда тўпланиб, ишнинг боришини таҳлил қилишади. Пайдо бўлган муаммоларни тезкор ечиш чоралари кўрилади. Биз бу ерда қурилиш раҳбарлари билан мулоқотда бўлдик, ишларнинг бориши тўғрисида зарур маълумотларни олдик.

Сўнг юқорига, темир йўл бунёд этилаётган баланд тоғлар бағрига йўл олдик. Машинамиз эгри-бугри тоғ йўли бўйлаб, чанг ва тупроқни бошига кўтарган ҳолда юксак тепаликлар сари ўрмалайди. У ердаги “Меҳнат фронти”да иш қизигандан-қизиган. Атрофни чангитиб ишлаётган қудратли техникаларнинг ҳайқириғи борлиқни тутган. Тоғ бағрини суриб, тупроқ ва қаттиқ жинсларни автомобилларга ортаётган экскаваторлар, тупроқни пастга олиб тушиб кетаётган машиналарнинг охири кўринмайди. Чап томонда эса қурувчилар тупроқни текислаб, бўлғуси йўл учун жой ҳозирлашмоқда. Махсус техникалар ёрдамида йўл ўзанини шиббалаб мустаҳкамлашмоқда. Тасвирчимиз зудлик билан бу манзараларни муҳрлашга киришиб кетди. Улкан машиналарда темир йўл учун рельс ва шпаллар келтирилмоқда.

Йўлнинг тупроқ ишлари тугалланган қисмида пўлат изларни ётқизиш жараёни бошлаб юборилди. Қудратли кўтарма кранлар рельсларни пешма-пеш текислаб, тайёрланган жойга жойлаштирмоқда. Йўлсозларнинг қўли қўлига тегмайди. Бу ердан кўтарилаётган чанг осмонга ўрлайди. Бульдозерчилар, экскаваторчилар, тупроқ ишлари билан банд бўлган ишчилар, пўлат изларни зудлик билан ўз ўрнига ётқизаётган темирйўлчилар билан мулоқотда бўлдик. Кийимлари, юзларигача чанг ўтирган, лекин қарашларида шижоат ёғилиб турган йўлсозлар ишларнинг бориши, яратилган шарт-шароитлар, орзу-ниятлари ҳақида тўлқинланиб сўзлаб беришди.

Тушундикки, уларнинг барчасида кайфият юқори, ниятлар муштарак, аҳдлари қатъий. У ҳам бўлса — ушбу йирик лойиҳани белгиланган муддатда амалга ошириш, давлатимиз ва халқимиз учун зарур бўлган иншоотни ўз вақтида қуриб битиришдир. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган. Қурилиш материаллари, темир-бетон устунлар, рельс ва шпаллар ўз вақтида келтирилмоқда. Ишчилар, қурувчилар шу ернинг ўзида, махсус вагончаларда яшаб, вахта усулида меҳнат қилишмоқда. Вагончалар ёнида эса каттагина майдон текисланган ва ёғоч девор билан ўралган. Унинг ичида кўчма ошхона ташкил этилган бўлиб, бу ерда йўлсозлар учун кунига уч маҳал иссиқ овқат тайёрланади. Озиқ-овқат ва кундалик зарур буюмлар билан савдо қилувчи кўчма дўкон ҳам фаолият юритади.

— Темир йўл қурувчилари учун ҳамма имкониятлар мавжуд, — деди Ангрен-Поп темир йўли қурилиш бошқармаси бош муҳандиси Шуҳрат Мустафақулов. — Бу эса ишларнинг бир маромда олиб борилишини таъминламоқда. Маошлари ҳам ҳар ўн беш кунда берилади, кайфиятлар юқори.

Бу ердаги суратга олиш жараёнини якунлаб, яна беш юз метр юқорига кўтариламиз. Мазкур масканда ўзининг меъморий ечимига кўра Ўрта Осиёда ягона бўлган маҳобатли кўприк бунёд этилмоқда. Унинг узунлиги деярли уч юз, баландлиги эса 52 метрни ташкил этади; буни 18 қаватли уйга тенглаштириш мумкин. Яна бир ноёб томони — иншоот ёйсимон шаклда бунёд этилмоқда. Юз тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган кучли кўтарма кран ёрдамида оғирлиги 40-50 тоннага тенг темир-бетон устунлар жойлаштириляпти, унинг устига эса пўлат излар ётқизилмоқда. Одамнинг ақли лол бўлади. Қаранг, инсон ақл-идроки ва меҳнати билан қандай мўъжизалар яратиши мумкин!

Тоғ бағридаги илон изи йўл бўйлаб қурилиш материаллари ортилган машиналар тепаликка ўрмалайди. Олисдан улар гугурт қутисидай кўзга ташланади. Пастда тоғ дарёси пишқириб оқади. Яқиндан кузатсангиз, жараён анча ваҳимали туюлади, лекин кўприксозлар учун бу оддий ҳолат. Уларни ишдан чалғитиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам асосий маълумотларни мутахассислар билан сўзлашиб, ёзиб оламиз. Манзараларни тасвирга олишга берилиб кетиб, қуёш ботаётганини ҳам пайқамай қолибмиз.

Кундузги сменада ишлар якунланиб, қурувчилар пастга, вагонларга йўл олишди. Улар билан танишиб, ишларнинг бориши, олдинда турган режалардан хабардор бўламиз. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган қурувчилар, темирйўлчилар ва кўприксозлар бир оила аъзоларидек аҳил меҳнат қилаётганлари, қурилиш материаллари, зарур жиҳозлар ўз вақтида келтирилаётгани, яшашлари, овқатланишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё этилгани, руҳлари баланд эканлиги ҳақида бир-бирларига сўз бермай, ишонч билан гапириб беришди.

— Барча вагонларда телевизор, музлаткичлар мавжуд. Буларнинг ҳаммаси ишларимизнинг унумини таъминламоқда, — деди 67-“Кўприкқурилиш” отряди ишчиси Аъзамжон Каримов. — Ҳали асосий ишлар олдинда. Баланд чўққилар портлатилиб, темир йўллар ётқизилади. Ўйлаймизки, барча жараён кўнгилдагидек, юқори сифатда амалга оширилади. Биз эса ана шундай оламшумул ишларда иштирок этаётганимиздан фахрланамиз.

…Орадан йиллар ўтди. Бугун Қамчиқ довонида бўлган кишининг нигоҳи турли хил халқ хўжалиги юклари ортган, бағрига кўп сонли йўловчиларни олган ва тоғ бағри бўйлаб жадал ҳаракатланаётган юқори қувватли, замонавий поездларга тушади. Бу эса водий ҳудудларида қурилиш, бунёдкорлик жараёнини кучайтириш, кичик бизнес ва туризмни ривожлантириш, муҳими — одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгиллаштириш баробарида халқнинг ҳаётдан рози бўлиб турмуш кечиришига хизмат қилади.

Энди юртдошларимиз, хорижий меҳмонлар қишнинг ёғин-сочинли, совуқ кунларида ҳам чиройли поездларда бу ернинг сўлим табиати, бетакрор манзарасини вагон ойналаридан кузатиб, завқ олиб ўз манзилларига етиб оладилар. Амалга оширилган ушбу улуғвор ишлар жонажон Ватанимизнинг порлоқ истиқболига хизмат қилмоқда. Бундан қувонмай, фахрланмай бўладими ахир…

Комилжон КАРИМЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган

журналист.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =