Бу йўлларда…

ёхуд Президент назари тушган манзилларда бугун аҳвол қандай?

“Туя – бир танга бўлди. Қани ўша бир танга? Туя – минг танга бўлди. Мана – минг танга!”

Ҳар замонга бир замон дейдилар. Ҳа, ҳар даврнинг ўз тошу тарозиси бўлади. Демоқчимизки, юз йилда битмаган иш бир баҳонада битиб қолади. Халқимизда ҳар муаммонинг ечими топиладиган куни, соати бўлади, деган гап бежиз айтилмаган-да. Эсингизда бўлса, Президентимиз 2023 йилнинг 13 март куни Сурхон воҳасига ташрифи давомида ўзи машина рулига ўтириб, автомобиль йўлининг замонавий талаб даражасини текширган эди. Тўғриси, бешта туманни, ўнлаб маҳаллаларни боғлайдиган фойдаланишга яроқсиз йўлнинг ҳолатини Президентимиз танқид қилиш билан бирга, унинг ечимини ҳам топиб берганди.

Нафсиламрини айтганда, ярим асрдан буён таъмир нималигини кўрмаган бу йўлдан бир бор юриб ўтган ҳар қандай техника тутдек тўкилиб қоларди. Шу сабабли қанчалик узоқ бўлмасин, ҳайдовчилар “Тошкент-Термиз-Денов” автомобиль трассаси билан айланиб ўтишга мажбур эди. Қаловини топса қор ҳам ёнади, деганларидек, буюртмачи ҳам, пудратчи ҳам, техника, ишчи кучи ҳам, маблағ ҳам топилиб, Президентимиз топшириғига асосан бир ойга қолмасдан ишлар бошланиб кетди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Сурхон воҳасида автомобиль йўллари 16 минг 175 километрни ташкил этади. Шундан 351 километри халқаро, 990 километри давлат, 502 километри маҳаллий аҳамиятга эга йўл ҳисобланади. Умумий йўлларнинг 82 фоизини эса ички йўллар ташкил қилади. Бу ҳазилакам масофа эмас.

Шундай қилиб, “Lankaran Yjl Tikinti” хорижий корхонаси томонидан 4Р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” (65 километр), 4Р-100 “Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” (46 километр) автомобиль йўлида реконструкция ишлари ёппасига бошлаб юборилди. Энг аввало, йўл қурилишига ихтисослашган хорижий корхона мутасаддилари оғир ва махсус техникаларни, кўчма бетон қориш мосламаларини, зарур бўлган қурилиш материаллари захирасини шакллантирди. Сойлар, жилғалар, жарликлардаги талабга жавоб бермайдиган сув ўтказгичлар, кўп­риклар замонавий ҳолда янгиланди. Йўлдаги эски асфальт, тош-шағал қопламалар бутунлай олиб ташланиб, янги пойдевор ётқизиб борилмоқда. Бунинг учун миллион тонналаб тош-шағал ташиб келтирилиб, замонавий техникалар ёрдамида тўшалиб, қайта-қайта текисланиб, йўлнинг зичлиги ва оғир юкка бардош­лилиги синовдан ўтказилгач, юқори сифатли бетон қоплама ётқизилаяпти. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, жаҳон стандарти талабига жавоб берувчи йўл қурилиши сифатини назорат қилувчи асбоб-ускуналар ва синов-назорат лаборато­рияси фаол иш олиб бормоқда.

Умумий узунлиги 111 километр бўлган йўлни таъмирлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 183,8 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилган. Лойиҳани эса 2027 йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Сиз яқин орада “Қарши-Бухоро-Хоразм” йўналиши бўйлаб автомобилда юрган бўлсангиз, биз айтмоқчи бўлган гапларнинг моҳиятини англаш осон бўлади… Энг муҳим жиҳати, бу лойиҳа туфайли халқаро аҳамиятга эга бўлган иккита М-39 ва М-41 автотрассалари қисқа масофада бирлашади. Натижада, пойтахтга қатновчи халқаро ҳамда маҳаллий транспорт воситалари учун йўл 146 километрга қисқаради, юк нархи ва ёнилғи сарфи камайиши, вақт тежалиши эвазига миллиардлаб сўм маблағ иқтисод қилинади. Бошқача қилиб айтганда, воҳадан Тошкент шаҳригача бўлган масофа 150 километрга камаяди, бу шунчаки айтишга осон…

Айни пайтда йўлсозлар Бойсун тумани Даштиғоз маҳалласи ҳудудидан ўтувчи тўрт қаторли замонавий автомобиль йўлига бетон қопламаси ётқизиш ишларини қизғин олиб боришмоқда.

Хулласи калом, юқоридаги ривоят замиридаги ҳикматни англагандайсиз. “Ота, туя бир танга”, деганда, ўғлига шуни ҳам топиб беролмаган экан. Замонаси келди, зайли келди, мавриди келди, миллионлаб тангалар топилди. Яратганга шукурлар бўлсинки, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, иқтисодиётимиз бардавом. Хўш, яна нималарни истайсиз? Бундан аълоси бўлиши мумкин эмас…

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

СУРАТЛАРДА: воҳадаги йўл қурилишидан лавҳалар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 16 =