Жамият ҳаётнинг жони ва руҳи

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”.

Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустахкам устунга таянилмоқда. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан барча туман ва шаҳарлар ўртасида “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасида “Энг намунали вазирлик ва идора” танловлари эълон қилинган эди.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган юқоридаги танловдан мақсад эса мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини ошириш ва соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш орқали бу борадаги фаолиятни янги босқичга кўтариш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлиги ва барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Албатта, булардан кўзланган мақсад мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини ошириш ва соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш.

“Энг намунали туман ва шаҳар” танловига Қорақалпоғис­тон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тавсиясига кўра, маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйган, бу борада юқори самарадорликка эришган ҳамда ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаган 14 та туман ва шаҳардан, “Энг намунали вазирлик ва идора” танловига эса 20 та вазирлик ва идорадан ариза қабул қилиниб, уларнинг фаолияти Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан жойларга чиқиб, танлов низомида белгиланган мезонлар асосида ўрганилди ва баҳоланди.

Ва ниҳоят, куни кеча Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази анжуманлар залида мазкур танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

— “Энг намунали вазирлик ва идора” танлови ғолибларини аниқлашда вазирлик ва идораларда маънавият ва маърифат кенгашининг фаолияти йўлга қў­йилганлиги, таркиби ва ўтказилган йиғилишлар таҳлили, тизимда маънавий-маърифий йў­­­на­лишда олиб борилган ўрганишлар таҳлил этилганлиги ва уларнинг натижалари асосида қабул қилинган чора-тадбирлар ижроси, маънавият ва маърифат хонасининг ташкил этилганлиги, ушбу хонада тарғибот материалларининг мавжудлиги, тизимда ўтказилган маърифий тарғибот тадбирлари шунингдек, маънавий-маърифий ишлар бўйича раҳбар ва масъулларнинг фаолияти таҳлили, ташкилотнинг кутубхона фонди мавжудлиги, аъзолар сони соҳа ходимларининг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги ва уларнинг маънавий-маърифий йўналишда билимини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлардан қай даражада хабардорлиги ўрганилди, – деди Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов. – “Энг намунали туман ва шаҳар” танлови иштирокчиларини баҳолашда ҳам ҳудудлардаги корхона, ташкилот ҳамда таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар ҳолати, китоб дўконлари кўргазмали тарғибот воситалари, газета ва журналларга обуна сони, мактаб ва маҳаллалардаги кутубхоналар ҳолати, оилавий ажримлар даражаси, “Бир зиёли бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойилининг жорий қилинганлиги ва бошқа тамойиллар инобатга олинди.

Ўрганишлар натижасига кўра, “Энг намунали туман ва шаҳар” йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳам­­­да Фарғона вилоятининг Бувайда тумани биринчи ўринни, “Энг намунали вазирлик ва идора” йўналишида эса Мудофаа вазирлиги биринчи ўринни эгаллади. Танловнинг мутлақ ғолибларига Президент совғаси – “Дамас” автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўп­лами тақдим этилди.

Танловда бир қатор жамоалар пул мукофоти ва китоблар тўплами билан тақдирланди. Бу эса ғолибларнинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тақдирлаш маросими халқимиз суйган санъаткорлар, эстрада хонандаларининг озод ва обод юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқларига уланиб кетди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 15 =