Танловнинг энг яхши иншоси: «Менинг президентим»

Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови якунланди. Яқинда танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтганлигидан эса кўпчилик хабардор бўлса керак.

Юртимиз умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида жорий йилнинг сўнгги икки ойи давомида 4 босқичда ўтказилган мазкур танловда 9 минг 872 та умумтаълим мактабида сабоқ олаётган 600 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этганлиги айтилди.

Қуйида ушбу танловнинг мутлақ ғолибаси, Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Раъно Абдуҳамидованинг ёзган ижодий иши эълон қилинмоқда.

“Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди…”.

“Ой бизнинг қишлоқда ерга яқиндир”.

Дилни хушнуд этувчи янги ҳаёт нафаси.

“Айтгин, дўстим, нима қилдик Ватан учун?!”.

Токи танда жонимиз, сенингдирмиз, сенингдирмиз.

 

Ҳар бир макон-у замонда машҳур бўлган шундай жумла бор: “Дунёни гўзаллик қутқаради”. Қизиқ, гўзаллик нима ўзи?! Баҳорда қип-қизил лолалар билан безанган қирлар гўзалми ёки шу қирларни безаб турувчи, ширмой юзли қизлар гўзалми?! Эрта тонгда қўлидан иссиқ сут иси келадиган она сиймоси чиройлими ёки онаси томон талпинаётган гўдакнинг кўзларидаги беғубор табассум чиройлироқми?!

Менимча, шуларнинг барчаси бирдек чиройли, бирдек гўзал! Сиз учун-чи? Сиз нимани гўзал, чиройда тенгсиз, дея ҳисоблайсиз. Агар жавоб топишга қийналаётган бўлсангиз, қўлингизни чап кўксингизга қўйинг. Хўш, у нима деб жавоб берди. Менинг қалбим: “Сенда бир бойлик бор. У ҳамма нарсадан бетакрор, ҳаммасидан азиз. Сенинг турфа гўзал­ликлар билан товланган бойлигинг Ватанингдир”, деди.

Ватан… Ватан туйғуси… Ватан муҳаббати… Нимадир булар?! Осмондан баланд ҳисларми? Булар қандай сеҳрли қудратки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, турмушнинг паст-баландларидан бехабар бир ўсмирнинг юрагига жо бўлиб, унинг бутун фикр-у хаё­лини банд қилиб туради. Менимча, юрагимни мусичадай типирчилашга, қалбимни эса исмсиз туйғулар уммонига айланишга мажбур қилган куч Ватан туйғуси бўлса керак! Негадир шу сўз қулоғим остида жаранг­лаши билан ўйларим баҳор осмонидаги оппоқ булутлар сингари ҳар ёнга “сочилиб” кетади. Балки бу туйғуни изоҳлаш, тушунтириб бериш имконсиз бўлгани учундир. Тўғрими?! Бу туйғуни фақат ҳис қилиш мумкин.

Сиз Ватан туйғусини биринчи марта қачон ҳис қилганингизни хотирлайсизми? Мен эса биламан. Бу туйғуни илк бор олти ёшимда ҳис қилганман, лекин бу Ватан туйғуси эканлигини кейин англадим.

Ёдимда… Мен олти ёш бўлган пайтим катта опам шаҳарда ўқир эди. Ёз кунларининг бирида бувижонимга эргашиб, биринчи марта Тошкентга келдим. Уч кун опам жойлашган ҳовлида турадиган бўлдик. Биринчи кун яхши ўтди. Иккинчи кун юрагимга ҳеч нарса сиғмади. Ўзимни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа ташлаб, ўйин­чоқлар ўйнадим. Кейин лой қориб, уйча ясамоқчи бўлдим. Тупроққа сув сепиб, ўзим ёқтирган ифорни топа олмагач, аламимдан йиғлаб юбордим. Бувижонимнинг “Сен билан ҳеч қаерга бориб бўлмас экан”, деган даккиси билан сафаримиз тез “қариди”… Бу воқеа мен учун жуда катта сабоқ бўлди. Мен-ку Тошкентга келсам ҳам Паркентимни жуда соғинаман. Ватанидан йироқда юрган мусофирлар нима қилар экан-а?!!

Ҳа, айтганча, ўшанда Паркентга қайтганимиздан кейин туман маркази кўзимга қандайдир оддий бўлиб кўринганди. Чунки шаҳардаги кўп қаватли уйлардан, баланд бинолардан кўз узолмай қолгандим-да! Бугун янгича гўзаллик касб этаётган Паркент тумани азал-­азалдан кўплаб ижодкорларни илҳомлантириб келган ажиб диёр ҳисобланади:

Ой бизнинг қишлоқда ерга яқиндир,

Қуёш ҳам тоғларни ўпиб юз очар.

Паркент осмонида юлдуз учса гар,

Қирларнинг кўзидан уйқулар қочар.

Бугун Паркент ўз маҳобати ва салоҳияти жиҳатдан пойтахт туманларидан сира қолишмайди. Чунки тумандаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари сони олтитага етказилди.

Замонавий талабларга жавоб берадиган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилди.

Бу биз учун кўплаб имкониятлар эшигини очди. Тошкент вилоятида 2021 йил Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини муносиб нишонлаш мақсадида янги “Паркент” ижод уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Илгари шоиру ёзувчиларнинг дам олишлари, ижод қилишлари учун фақат “Дўрмон” ва “Зомин” ижод уйлари мавжуд эди. “Паркент” ижод уйи­нинг очилиши адабиёт аҳли учун қувончли хабар бўлди. Қолаверса, Кумушкон ҳудудида Ўзбекистонда биринчи “Туризм қишлоғи”ни ташкил этиш бўйича лойиҳа ижросига киришилган эди. Шу боис бир неча йилдан буён бу ҳудудда меҳмонхона қурилиши давом этаётганди. 2020 йилда мазкур меҳмонхона ўз маҳобати билан туманимиз кўркига-кўрк қўшди ва меҳмонларни қабул қила бош­лади.

Бугун туманимизга кириб келаётган инсон борки, кенг ва равон йўлларни, гўзал табиат манзараларини кўриб, дили яйрайди. Паркентнинг иқтисодий имкониятларини, бунёдкорлик ишларини, бетакрор табиати туфайли туризм соҳасида эришаётган ютуқларини, бошқа томондан паркентлик ўғил-қизлар қўлга киритаётган ғалабаларни кўриб, бахт диёрининг саодатли инсонларига ҳавас қилади. Фақат туманимиз ҳусни эмас, унга монанд равишда инсонларнинг ўй-фикр­лари ҳам кечагидан ўзгача. Паркент аҳли бугун юксакларни кўзлаган парвозга ёндош, ҳаммаслак.

Паркентда тонг отар дилбар,

                                        осуда,

Она фарзанд кўрди. Қуёш жилмаяр.

Худойим хоҳласа, бу гўдак элда,

Балки Амир Темур бўлиб улғаяр.

Ҳа, туманимиз аҳли фарзанду набираларининг ўсиб, етук инсон бўлиш­лари учун бор кучини сарфлаётган заҳматкаш инсонлардир. Жумладан, мен ҳар куни мактабимиз ёнида қурилган “Китоб олами” дўконини кўриб, жуда хурсанд бўламан. Бувижоним ҳар гал нафақа пулидан “китоб олгин”, дея “улушим”ни берарди. Мен “улушим”ни кўтарганча китоб дўконига борардим… Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг: “Мактаб таълимини ривожлантириш буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, – деган фикрини келтириб ўтмоқчиман. Чунки сўнгги йилларда мамлакатимизда мактаблар қувватини ошириш бўйича бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди.

Масалан, мен таҳсил оладиган мактабнинг узоқ йиллар давомида спорт зали бўлмаган. Шу мактабни битирган опаларим: “Биз жисмоний тарбия дарсини қишда синф хонасида ўтардик”, – дея кўп эслашади. Опаларимнинг айтишича, мактабимизда азалдан спорт зали бўлмаган экан. Буни қарангки, узоқ йиллар давом этган “анъана” 2020 йил ўз ниҳоясига етди. Энди мен ҳам бошқа ҳудуддаги тенгдошларим сингари мактабимиз спорт зали ҳақида бемалол гапира оламан. Айниқса, жорий йилда таъмирдан чиқарилган, туманимиздаги энг катта илм даргоҳларидан бири бўлган 1-сонли мактаб кўзни қувонтирадиган даражада ўзгариб кетган. “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг туман босқичи шу мактабда бўлиб ўтди.

Мактабдаги шароитларни, у ердаги ўқувчиларнинг кўзидаги куч, ғайрат, қувончни кўриб, Президентимиз амалга ошираётган ислоҳотларнинг фақат ва фақат биз учун, бизнинг ёрқин келажагимиз учун қаратилганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Биласизми, туманимиз 1926 йилда ташкил топган. Ўша вақтда кимдир мамлакат мустақиллигидан гап очиб, Паркентнинг бугунги ютуқлари башоратини берса, турган гапки, ақлга сиғмайдиган рўё айтилгандек бўларди. Одамлар ҳатто тушида ҳам кўрмаган ўзгаришлар бугун туманимиз аҳолиси ҳаётини янгилаб ва яхшилаб бормоқда.

Жорий йилнинг бошидан шу кунга қадар туманимизга 412 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. Булардан 1,2 минг нафари хорижлик сайёҳларни, 410 минг нафари маҳаллий туристларни ташкил этади. Туманимиз марказида “Мажнуна мед” номли тиббиёт клиникаси ҳам иш бошлади. Бу клиникага Тошкент шаҳридаги юксак билим малакага эга бўлган шифокорлар жалб қилинди. Туманимиз аҳолиси шу ернинг ўзида дардларига даво топиши мумкин.

Мен узоқ пайтдан буён ўйлаб келаётган фикрларимни баён қилиш учун имкон яратган тақдирдан ва шу танлов ташкилотчиларидан жуда миннатдорман. Айни дамда: “Бу қиз танловда ютиш учун тоза мақтаб ёзибди-ку!”, – деган фикр хаёлингиздан ўтмаслигини илтимос қилган бўлардим. Зеро, ёзаётган туйғуларимнинг, ёза олмаётган кечинмаларимнинг нақадар самимий ва чин дилдан эканлиги ёлғиз Аллоҳга ҳамда менга аён.

Менимча, “Парилар шаҳри” дея ном олган туманимиз йилнинг исталган пайтида меҳмонларни қабул қилиб олишга тайёр. Эрта тонгда иссиқ нон иси тараладиган уйларда бувижону буважонларимиз юртга тинчлик, файз-барака сўраб, дуода бўлишади. Баҳор фаслида исмалоқ, мадор сингари киши танига қувват, руҳига енгиллик бағишлайдиган кўкатлардан ёпилган иссиққина сомсаларни ейиш учун, албатта, келинг.

Шунда паркентлик қизнинг иншосидаги гаплар қанчалик тўғри эканлигига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Мен ҳозир туманимиз чиройини, унда олиб борилаётган ислоҳотларни ёзиш билан бандман. Сиз эса ўқиш билан машғулсиз. Айни дамда иккимизнинг ҳам кўз олдимизга Заркент узумию Сўқоқ кабобининг сурати келган бўлса не ажаб!

Ҳозир буларни ёзаяпман, лекин юрагимда: “бу ўзгаришларнинг барчасини ёзиш учун вақтим етармикан?”, деган хавотир бор. Менимча, етмаса керак. Начора, буюк боболаримиз сўнгги дамда ҳам жанг майдонини ташлаб кетмаганидек, мен ҳам қўлимдаги қалам билан оқ майдон чегарасига етиб бориш учун ҳаракат қиламан.

Биламизки, мамлакатимиз қўшни давлатлар билан қадимдан дўстлик алоқаларини боғлаб келади. Қардош халқимиз билан дўстона муносабатларни, муҳим стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида туманимизнинг Қирғизовул ҳудудидаги 33-мактабда қирғиз халқининг фахри бўлган Чингиз Айтматовнинг бюсти ўрнатилди. Биз таҳсил оладиган мактабда 2021 йилда Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Шимолий Жоржия институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Мактабларда лидерлик STEAM” курси иштирокчилари ташриф буюрди. Бу биз, ёшлар учун катта маҳорат дарси бўлди.

Мен ёзган сўзларимда ҳеч қандай муболағага йўл қўймасликка ҳаракат қилдим. Бу иншода Миллатимиз Сардори олиб борган ва олиб бораётган ислоҳотлар ўзим яшайдиган ҳудуд мисолида қисқача баён қилинди.

Бахтим кулиб, Юртбошимиз билан учрашишга мушарраф бўлсам, уларга шу сўзларни айтардим: “Биламан, сиз мамлакатимиздаги кўплаб ёшлар билан юзма-юз учрашгансиз. Шу ёшлар қаторида мен ҳам тақдир берган қисматимдан миннатдорман. Балки бу кенг оламда кимдир мен туғилган юртда дунёга келишни, мен тарбияланаётган оилада вояга етишни орзу қилар. Балки оддий фермер ва ўқитувчининг мендек қизи бўлишни кимдир, энг олий бахт, дея ҳисоблар.

Азиз Юртбошим, саҳий қуёш нурларидан баҳраманд бўладиган тонгларим учун, жиянларимнинг шодон табассуми учун келажакда етук дастурчи бўлишни ният қилган укамнинг орзулари учун, барча-барчаси учун Сизга раҳмат айтаман. Яхшиямки, Сиз менинг, ҳа, менинг Президентимсиз. Ўйлайманки, келажакда мен билан ҳам фахрланасиз. Бу учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишга Сизга сўз бераман!!!”

Раъно АБДУҲАМИДОВА,

Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган

давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси,

“Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг

республика босқичи 1-ўрин соҳибаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =