Элга танитган танлов

Пойтахтдан Наманганга “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг ғолиби сифатида қайтдим. Табриклар ҳали давом этяпти. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида тақдирланганим қувончимни янада оширди. Жорий йилги кўрик-танловнинг ўзига хослиги — унга тақдим этилган ижодий ишларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя мужассамлиги билан диққатга сазовордир.

Бундан 4 йил аввал “Йилнинг энг фаол журналисти — 2017” республика танловида ҳам ғолиб чиққандим. Тўғриси, ўша йилларда барча жараёнлар ёпиқ кечарди. Номзодларнинг ижодий ишлари сони, сифати, мазмуни ва уларни баҳолаш ҳақида фақат ҳакамлар ҳайъати аъзоларигина биларди. Натижаларни кутавериб, умидимизни узардик, мавҳумликдан кайфиятимиз тушарди.

Бу сафар эса бутунлай шаффоф ва очиқ тарзда ташкиллаштирилди, деб ўйлайман. Танловга юборилган ижодий ишларимиз интернет имкониятларидан фойдаланиб кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Мамлакатимизнинг жами ҳудудларидан турли ёшдаги ижодкорларнинг материаллари махсус очилган https://tanlov2021.uz/ сайтига жойлаштирилиб, онлайн овоз бериш таъминланди. Ҳакамлар ҳайъати ғолиб ва совриндорларни аниқлашда онлайн овоз бериш натижаларига ҳам таянибди. Демоқчиманки, ижод намуналаримиздан ижтимоий тармоқлар фаол кузатувчилари хабардор бўлди. Шу баҳонада мазкур танлов ҳар томонлама бизни элга танитди. Энг кўп овоз тўплашимиз учун турли соҳалар вакилларининг муносабати ҳам инобатга олинди. Бунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг олиб борган ташкилотчилик фаолияти, холислик мезонига қатъий амал қилган танлов ҳайъати аъзоларининг хизматлари таҳсинга лойиқ, албатта.

Кўрик-танловга “Янги Ўзбекистон” ва “Наманган садоси” газеталарида ўтган бир йил давомида Наманганда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар самаралари, вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига оид, қизғин бунёдкорлик жараёнларига бағишлаб чоп этилган ўнга яқин таҳлилий мақолаларимни жўнатгандим ва юқори баҳоланиб, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари учун” йўналишида фахрли ўринга муносиб кўрилганидан хурсандман. Албатта, бу нафақат менга, балки жамоамизга ҳам бўлган эътирофдир. Табиийки, шу каби мукофотлар, эътирофлар янада тинимсиз, тезкор, чарчоқ билмасдан ижод қилишга чорлайди, қаламкашга қанот улашади.

Шу ўринда, устоз журналист ва таниқли шоир, ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимовнинг “Журналист” номли машҳур шеъридан қуйидаги ўтли сатрлари билан ўртоқлашсам:

Бир кун пиёдасиз, бир куни ролда,

Тонгда шаҳардасиз, кечқурун чўлда,

Умрнинг ярмиси ёмғирда, дўлда,

Ярмиси тўшалиб ётади йўлда.

Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,

Журналист дўстларим, қадрдонларим!

 

Битта хабар учун, бир сатр учун,

Гоҳ олам нурафшон, гоҳида тутун,

Шундан бахтиёрсиз, шундан бахтлисиз,

Дунёда бахт йўқдир шу бахтдан устун.

Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,

Журналист дўстларим, қадрдонларим!..

Дарҳақиқат, сўзда қудрат, тасвирда ҳақиқат бор. Айни фикрларнинг исботини анъанавий “Энг улуғ, энг азиз” рес­публика кўрик-танлови мисолида яна бир карра англадик, гувоҳига, иштирокчисига айландик.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =