“Ma’rifat” сабоқлари

“Ma’rifat” газетаси мамлакатимизда таълим соҳасини ёритадиган, педагогларга методик, илмий кўмак берадиган етакчи нашрга, таълим, тарбия, маънавият, маърифат соҳаларини ёритишга ихтисослашган ижодий мактабга айланди. Бу ижодий даргоҳда қанчадан-қанча журналистлар сабоқ олган ва бугунги кунда улар ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида эътироф этилади.

Республикамиздаги нуфузли нашрлардан бири бўлган “Ma’rifat” газетасининг шиори “Куч — билим ва тафаккурда”, ўз навбатида бу Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида барчани илмга чорлашнинг амалий кўриниши десак, муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, газета ўз номига яраша халқимизнинг маърифатини юксалтиришга, юртимизда таълим ва тарбия соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Маълумки, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ушбу нашрнинг муассислари ҳисобланади.

Қолаверса, “Ma’rifat” — кўп йиллардан буён нафақат ўқитувчиларнинг, зиёлиларнинг, балки оддий газетхонларнинг ҳам яқин ҳамкори, севимли нашридир. Шу боисдан ушбу газетанинг ихлосмандлари кўп. Газетада келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг устозлари — муаллимлар учун керакли методик қўлланмалар, тавсия, дарс ва тадбир ишланмалари, таълим-тарбияга оид амалий таклифлар, таҳлилий, танқидий ва илмий-оммабоп мақолалар, адабий-бадиий асарлар чоп этиб келинаётгани эътирофга молик.

Илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш, муаллимларнинг янгиликлар ва мавжуд жараён ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва муаммоларни ёритишда ҳам жонбозлик кўрсатмоқда.

“Ma’rifat” нашри бу йил ўзининг 90 йиллик табаррук ёшини нишонламоқда. Маълумки, “Ma’rifat”нинг ўзига хос шонли тарихи, ўзбек матбуотида ўрни бор. Газета дастлаб 1931 йил 4 июлда “Маданий инқилоб” номи билан чоп этилган, 1938 йил 25 январдан “Ўқитувчилар газетаси” номи билан, 1991 йилдан “Ma’rifat” номида нашр этиляпти.

2019 йилдан бошлаб “Ma’rifat” рес­публика босма нашрлари орасида биринчилардан бўлиб тўлиқ лотин алифбосида чоп этиб келинмоқда.Интернет технологиялари ривожланган даврда ҳар бир нашрдан ўз фаолиятига замонавий ёндашув талаб этилади. Ҳозир “Ma’rifat” ўзининг электрон сайти, телеграм канали, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эгалиги янгиликларни тезкор ёритишида қўл келади. Газетхонларга қулайлик яратиш мақсадида республика босма оммавий ахборот воситалари орасида биринчилардан бўлиб “Ma’rifat”нинг мобил иловаси ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилина бошлаган. Хуллас, бу газетанинг босма нашрлар орасида ўрнак бўладиган ва намуна сифатида кўрсатиладиган жиҳатлари бисёр.

Куни кеча пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида   ана шу қутлуғ сана муносабати билан чоп этилган “Меҳр ва маҳорат мактаби” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, “Ma’rifat” — “Учитель Узбекис­тана” газеталарида узоқ йиллар фаолият юритган устоз журналистлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ижодкорлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида сўз олган Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов вилоятлардаги мактабларни шахсан ўзи айланиб чиқиши чоғида ёшларнинг билим олиш салоҳияти ва бунда газеталарнинг ўрни жуда зарур эканлигини алоҳида таъкидлади.

— Ёшларнинг тарбияси азал-мангу юксак эътиборни талаб этади. Уларни ўзбекона хулқда тарбия топишлари ҳамда мен деган тушунчани ёшлигидан теран англаб, ўз фикрига эга бўлишларида мутолаанинг ўрни беқиёс экани ҳаммамизга маълум. Бироқ фақатгина китоб ўқишнинг ўзигина етарли эмаслигини ҳам англасак жуда яхши бўларди. Газеталарда берилаётган ўткир фикрли мақолаларни ўқишни ёшларимизга ҳам ўргатсак, тарғиб қилсак ўйланган натижаларга албатта эришамиз ҳамда бугунги кунда юзага келаётган турли иллатларга қарши иммунитетни шакллантирган бўламиз, — деди халқ таълими вазири.

Шунингдек, тақдимотда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг “Ma‘rifat” газетаси тадқиқот манбаи”, Президент таълим муассасалари агентлиги бўлим бошлиғи Комил Жалиловнинг “Таълим ислоҳотлари ва “Ma‘rifat”, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ғофур Ҳамроевнинг “Она тили таълими муаммоларининг “Ma‘rifat”да ёритилиши” мавзусидаги маърузалари тингланди.

“Меҳр ва маҳорат мактаби” китоби тўрт бобдан иборат бўлиб, унинг “Маърифат”ли устозлар” деб номланган биринчи бобига “Ma‘rifat”да фаолият юритган Ҳалим Сайид, Луқмон Бўрихон, Жаҳонгир Исмоилов, Ҳулкар Тўйманова каби бир қатор журналистларнинг хотиралари, тилаклари жамлангани устозларга ҳурмат-эҳтиромнинг бир кўриниши сифатида ўқувчида таассурот қолдиради .

“Халқ зиёлилари газетаси” деб аталган иккинчи боби узоқ йиллардан бери газета билан ҳамкорлик қилиб келаётган таниқли олимлар ва фаол ўқитувчиларга бағишлангани, “Ҳаммамиз “Маърифат”данмиз”, “Маърифат” маҳорат мактаби” бобларидан эса таҳририятда фаолият юритган таниқли журналистлар ва газета қошида ташкил этилган маҳорат мактаби тинг­ловчиларининг мақолалари берилгани ҳам бежиз эмас.

Шубҳасиз, “Ma‘rifat” жамоаси ёш авлод онгу шуурига яратувчанлик, бунёдкорлик, масъулият ва бурч, одамийлик каби фазилатларни сингдириш, таълим-тарбияга оид барча масалаларни жамият, давлат, эл-юрт манфаати нуқтаи назаридан ўрганиш, соҳага оид муаммоларнинг илмий, амалий ечимларини топишда кўмаклашиш ҳамда келажагимиз ворислари баркамоллиги кўзда тутилган барча масалалар бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.

Эзгу мақсад йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган азиз ҳамкасбларимиз—“Ma‘rifat” газетаси ижодий жамоасига мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва улкан ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =