Ернинг эгизак синглиси

Инсоният яралибдики, коинотнинг чексиз-чегарасиз сирларига қизиқади. Осмондаги Ой ва Қуёш, саноқсиз юлдузлар синоатини билишни истайди. Шу боис, дунёда не-не буюклар, масалан, буюк боболаримиз Ал Хоразмий, Улуғбек сингари улуғ зотлар астраномия илм-фанига беқиёс ҳисса қўшганлар.

Қуйидаги мақола Венера сайёраси ҳақида. Уни эълон қилишдан мақсад эса Янги йил кунларида муштарийларимиз билан фалакиёт уммони хусусида озгина маълумотга эга бўлишдир.

 

Венера — (арабларда Зуҳро) Қуёшдан иккинчи сайёра ҳисобланади. У Ернинг жон қўшниси, ўлчами, таркиби ва оғирлик кучи ҳамда Қуёшдан узоқлиги Ерникига ўхшаш бўлган сайёра. Бинобарин, Венерани кўпинча сайёрамизнинг эгизак синглиси, деб ҳам аташади. Лекин амалда Венера Ердан кескин фарқ қилади.

Венера аёлларнинг севги тимсоли бўлиб, қадимги римликларнинг севги маъбуди номи билан аталган. Қуёш тизимидаги қолган барча сайёраларга эркак маъбудлар номи берилган.

Венера нега сирли?

Венера космосга учишлар даври бошлангунича энг сирли сайёра ҳисобланган. Чунки у ҳақда маълумотлар оз эди. Қуюқ булутлар билан қопланганлиги сабаб қуёш нури сайёра сиртигача етиб бормай, атмосферадан қайтади. Шунинг учун унинг сиртини кўриб бўлмайди ва Венера ярқираб эрта тонгда Шарқ томонда, кечқурун Ғарб томонда кўриниб туради. Уни Зуҳро юлдузи, деганлар. Оташин шоиримиз Абдулла Орипов ёзгандай: “Зуҳра юлдуз милтираб хира ханда отганда…”

Венера атмосфераси қандай?

Олимлар фикрича, Венера атмосфераси Ерникидан юзлаб маротаба зич ва қалин (қалинлиги 60 километрга етади) бўлиб, асосан карбонат ангидрид 95 фоиз ва 3,5 фоизини азот ташкил этади. Қуёш Венера сиртини Ой Ер сиртини ойдин кечада ёритганидан камроқ ёритади. Лекин Венера сирти шунчалик қизиб кетадики, ундаги температура 500 градусгача кўтарилади. Бунга асосий сабаб атмосферадаги карбонат ангидрид ва сув буғлари томонидан юзага келтирилган парник эффектидир. Бу сайёрада ҳаво босими 92 атмосферани ташкил этади.

Венера Меркурийга нисбатан иссиқроқми?

Венера Ер атмосферасига нисбатан қалинроқ атмосферага эга бўлган сайёрадир. Унинг атмосфераси асосан, карбонат ангидриддан иборат. Бу парник эффектини юзага келтириб, сайёрада катта миқдордаги иссиқликни тутиб туради. Шунинг учун Меркурий Қуёшга яқинроқ бўлишига қарамасдан, Венера унга нисбатан қайноқроқ.

Венеранинг куни йилига нисбатан узунроқ…

Венера орбитаси бўйлаб тез ҳаракатланади ва Қуёш атрофида 225 Ер кунида бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Ўз ўқи атрофида эса жуда секин ҳаракатланади. Тахминан 243 кунда бир марта… Шунинг учун Венеранинг кунлари йилига нисбатан узунроқ бўлади. Қуёшдан ўртача узоқлиги 0,723 астрономик бирлик (108,3 млн. км), массаси қуёш массасининг 0,9528 улушини ташкил этади, ўртача зичлиги 5,27 г/см3 (Ерники 5,5 г/см3) орбита эксцентриситета — 0,0068 (яъни Қуёш атрофида айланиш йўли деярли доира), орбита текислиги эклиптика билан 3°23’7 бурчак ташкил этади. Венера орбитасида 35 км/сек тезлик билан ҳаракатланиб, Қуёш атрофини 224 сутка 14 соат 49 мин. (0,62 йил) да тўла бир марта айланиб чиқади.

Венера вулқонлари…

Аниқланишича, вулқонлар Ердагига нисбатан Венерада кўпроқ. Сайёра сатҳининг қарийб 80 фоизи ясси вулқонли текисликлардан иборат экан. Унда иккита тоғ тизмаларида вулқон мавжуд. Шулардан биттаси Максвел Монтес чўққисида сайёра сатҳидан 11 километр баландликда жойлашган (Кавказдаги Эверест тоғининг денгиз сатҳидан баландлиги 8848 метрдир).

Ўрганиш…

Венера космик аппаратлар ёрдамида жуда жадал ўрганилган. Биринчи бор собиқ иттифоқ томонидан 1961 йили 12 февралда “Венера-1” космик аппарати Венерага учирилган. Лекин бу миссия муваффақиятсиз якунланган. “Венера-1”дан тортиб “Венера-15”гача, “Вега”, “Маринер”, “Магеллан” ва ҳоказо космик аппаратлар ва зондлар орқали сайёра сирти атроф­лича тадқиқ қилинган.

NASA раҳбари Жим Брайденстайн Венера сайёрасида фосфин булутларини аниқлаб, ҳаёт аломатлари мавжудлигига ишора қилган Кардифф ва Манчестер олимларининг кашфиётига муносабат билдиради.

“Венерада ҳаёт борми? Анаэроб биологиянинг иккиламчи маҳсули бўлмиш фосфиннинг аниқланиши Ердан ташқарида ҳаёт борлиги ҳақида ишончли далил тўплаш томон жиддий қадамдир”, деди Брайденстайн.

Унинг таъкидлашича, Венерага “биринчи даражали” эътибор қаратиш вақти келди.

Фосфин — рангсиз, жуда заҳарли газ. Ерда у анаэроб, яъни кислород талаб қилмайдиган микроорганизмлар томонидан ишлаб чиқилади.

Венерада ҳаёт аломатлари борлигини исботлаш учун илгари ҳам уринишлар бўлган. Масалан, Россия ФА Космик тадқиқотлар инс­титути бош илмий ходими Леонид Ксанфомалити 2012 йили ёзган мақолада “Венера-13” қўндирилувчи станцияси модули олган суратлар таҳлил қилиб берилган. Рус олими суратларга тушиб қолган айрим объектларни ҳашаротсимон мавжудотларга ўхшатган.

Астрономлар Венера сайёрасида ҳаёт асари борлиги мумкинлигини назардан соқит қилишмаяпти. Олимларга кўра, сайёра юзасидаги булутларда тирик организмлар сузиб юрган бўлишининг фавқулодда эҳтимоли бор. Атмосферада аниқланган газ ана шундай фаразларга етаклайди. Аммо бу газнинг қаердан келганини ҳозирча изоҳлай олишмаяпти. Бу газ фосфин бўлиб, у битта фосфор ва учта водород атомидан иборат молекуладир.

Олимлар фикрига кўра, Венера юзасидаги булутларда тирик организмлар сузиб юрган бўлишининг фавқулодда эҳтимоли бор.

Венера булутлари

Улар жуда қалин ва ҳатто 95 фоизгача олтингугурт кислотасидан иборат. Бу эса Ердаги жонзотларни ёки ҳаёт асарини ташкил этувчи ҳужайрали тузилмалар учун ҳалокатлидир. Массачусетс Технология институтидан доктор Уильям Бейнс тадқиқотчилар жамоасидаги биохимик. У мазкур сайёрада учраши мумкин бўлган турли молекула бирикмаларини ўрганган.

Доктор Бейнс вулқонлар, чақмоқ ва ҳатто метеоритлар фосфиннинг вужудга келишида бирор роль ўйнаган ёки ўйнамаганини тадқиқ қилган.

Олимнинг айтишича, у ўрганган барча ким­ёвий реакциялар Венерада аниқланган миқдордаги фосфинни вужудга келтириш учун кучсизлик қилади. Унинг ишонишича, олтингугурт кислотасида яшаб қолиш учун Зуҳрадаги ҳаво микроблари ёки қандайдир номаълум, мутлақо фарқли биокимёвий хусусиятга эга бўлиши лозим, ёки ўзига хос зирҳга (ҳимоя қопламасига) эга бўлиши керак. “Принципиал жиҳатдан олганда, сувсевар тириклик олтингугурт кислотаси томчиси ичидаги ўзининг ҳимоя­ловчи қобиғи ичидагина яшаши мумкин”, дей­ди у “Тунги осмон”даги чиқишида.

“Биз бу ўринда ўзини тефлондан ҳам мус­таҳкамроқ нима биландир ўраб олган бактерия ҳақида гапиряпмиз. Аммо улар қандай озиқланади? Улар газни қандай алмашади? Буниси ҳақиқий жумбоқ”.

АҚШ фазо агентлиги – НАСА олимлардан 2030-йилларда юборилажак байроқдор миссия лойиҳасини ишлаб чиқишни сўрамоқда. Байроқдорлар НАСАнинг энг катта, энг қиммат лойиҳаларидан саналади. Ушбу лойиҳага кўра, Венера булутлари бўйлаб сузадиган аэробот – ускуналар ўрнатилган пуфак ғояси илгари сурилган. “Руслар Вега пуфаги билан буни қилиб кўришган (1985), дейди тадқиқот жамоаси аъзоси профессор Сара Сигер. У олтингугурт кислотасидан ҳимоялаш учун тефлон билан қопланган эди ва бир неча кун сузиб, ўлчовларни олган”.

Хуллас, олимлар бу сирли сайёранинг тилсимотини очишга жон-жаҳдлари билан киришишган. Венерада ҳаёт мавжуд бўлса ҳам, бўлмаса ҳам Зуҳро шаклида тасаввуримизда яралган илҳомлантирувчи, муҳаббат улашувчи образ мақомида қолаверади. Ахир, барча сайёраларнинг вазифаси ҳам тирикликни таъминлаш эмас-ку?! Эҳтимол, бу фикр ҳам баҳсталабдир.

Манбалар асосида Муяссар ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 1 =