“Матбуот уйи” таъмирланади

“Бу ерда ишлайдиган босма ва электрон оммавий воситалари учун энг яхши шароитларни яратиб берамиз”, деди “Матбуот уйи” ҳақида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураз­зоқов.

Вилоят ҳокими “Матбуот уйига бориб, у ердаги аҳвол билан танишди. Наманган шаҳрининг қоқ марказида жойлашган вилоят “Матбуот уйи” қурилганига салкам 50 йил бўляпти. Бу бинода вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталаридан ташқари яна ўнлаб номдаги нашрлар таҳририятлари фаолият юритиб келади. Бироқ бино ўтган давр ичида бирон марта таъмирланмаган эди.

Халқ ичида юриб, ўзининг энг холис сўзини айтгувчи журналистлар, гапнинг очиғи, гоҳида мана шундай эски ва таъмирсиз хоналарда ижод қилаётганидан, ўз умрини аллақачон яшаб бўлган жиҳозлардан фойдаланишга мажбурлигидан оғринар ва ўкинар эдилар. Ниҳоят, ҳаммаси ўзгарадиган бўлди.

Ҳоким том маънода вилоятнинг юзи бўлган “Матбуот уйи”да 2022 йилнинг январь ойиданоқ капитал таъмирлаш ишларининг бошланишини маълум қилди. Келгуси йилда замонавий таъмирланган, барча шароитларга эга бино фойдаланишга топширилади. Бинонинг ташқи фасади ҳам шаҳар кўркига мос қиёфа касб этади.

Бу борада таҳририятлар муҳаррирлари, журналистлар билан суҳбатлашган Ш.Абдураззоқов таҳририятлар моддий аҳволини яхшилаш, обуна жараёнига бефарқ бўлмаслик бўйича ўз мулоҳаза, таклиф, тавсияларини берди.

О. ЎСАРОВнинг “Facebook”даги саҳифасидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =