“Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси” яратилади
Энциклопедия – бу қомус. У қисқа ва аниқ шаҳодатнома беради ва асрлар давомида ҳамма учун керакли манба, қўлланма вазифасини ўтайди. Шундай экан у илмий асосланган ва ўз навбатида мукаммал бўлиши керак. Шу вақтга қадар юртимизда журналистика соҳасига оид энциклопедия мавжуд эмас. Чунки у яратилмаган. Соҳага оид маълумотларни эса фақат умумий энциклопедиялардан топиш мумкин холос.
Бироқ эндиликда хайрли ишга қўл уриладиган ва бу кемтиклик тўлдириладиган бўлди. Чунки Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида “Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси”ни яратиш бўйича иш бошланди.
Куни кеча ушбу эзгу ташаббусга юртимиздаги узоқ йиллик тажрибага эга бўлган ҳамда юқори малакали журналистлар ҳамда ёш кадрларни кенг жалб этиш ва нашрга тайёрланадиган энциклопедия концепциясини белгилаб олиш мақсадида пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров олиб борди ва мазкур энциклопедиянинг нима учун зарурлиги ва унга бўлган эҳтиёж тўғрисида алоҳида тўхталди.
– Бугун мамлакатимиздаги саккизта олий таълим муассасасида журналист кадрлар тайёрланмоқда. Бироқ мана шу журналист кадрлар тайёрлайдиган муассасалар учун ОАВга оид ягона илмий, амалий, мукаммал қўлланма мавжуд эмас. Қолаверса, бугун мамлакатимизда 2400 га яқин оммавий ахборот воситалари давлат рўйхатидан ўтган. Биз истаймизки, мана шу ҳар бир таҳририятга “Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси” етиб борсин. Биз тажрибали журналистлар билан соҳага энди кириб келаётган ёшлар ўртасида устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйяпмиз. Энциклопедия устозларга ва ёш ижодкорларга муҳим амалий қўлланма бўлиб хизмат қилади. Бугун энциклопедиянинг концепцияси ва унинг қандай шакл, ҳолатда бўлиши, мазмун мундарижаси келишиб олинади.
Биз бу жараёнда энциклопедиянинг узоқ муддатга мўлжалланган, сифати ва савияси жиҳатдан юқори талабларга жавоб беришини назарда тутамиз, – деди О.Ўсаров.
Тадбир қатнашчилари томонидан энциклопедияни нашрга тайёрлашда тарихий, илмий манбалардан унумли фойдаланиш, ҳар бир маълумот ўта аниқ ва асосли бўлиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Фикр, таклиф ва мулоҳазаларга бой кечган тадбирда Мухтор Худойқулов, Карим Баҳриев, Файзулла Мўминов каби кўплаб устоз журналистлар томонидан Туркистонда миллий ўзбек матбуотининг юзага келишидан бошлаб, жадидлар матбуоти, совет матбуотининг фаолияти билан бир қаторда мустақиллик даври журналистикасини тўлиқ қамраб олувчи “Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси” ни яратиш хусусида фикрлар ўртага ташланди.
– Юртимизда ахборот ва журналистикага талаб ва эътибор кучайган бугунги кунда шундай қомусий нашр яратиш жуда муҳим. Бироқ ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида аввало мазкур энциклопедиянинг молиявий механизмларини аниқлаш, топиш зарур бўлади. Энциклопедия билан доимий шуғулланадиган ишчи гуруҳи ҳамда таҳрир ҳайъати тузилиши лозим. Юқори савияда ва мукаммал тарзда тайёрланиши керак бўлган ушбу қомусий китоб ҳаммамиз учун асосий қўлланма бўлиши зарур. Жоиз бўлса, бу лойиҳага ҳомийлик қилиб, иқтисодий томондан ўз ҳиссамизни қўшишга ҳам тайёрмиз, – деди Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа.
Тадбир сўнггида “Ўзбекистон журналистикаси энциклопедияси” ни тайёрлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ва таҳрир ҳайъати вакиллари маълум қилинди.
К.РЎЗИМАТОВ,
“Hurriyat” мухбири