Навоий вилояти телерадиокомпанияси фаолияти ҳақида очиқ мулоқот

Бугунги кунда ҳокимликлар ва корхона-ташкилотлар тизимида матбуот хизматлари фаолияти тизимли йўлга қўйилган. Бунда эса аввало, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиб бориш ҳамда аҳолини янгиликлардан изчил равишда хабардор қилиш кўзда тутилган. Навоий вилоятининг матбуот хизматлари тизимида айни пайтда 50 нафарга яқин ходим иш олиб бормоқда.

ОАВ ҳамда матбуот котиблари ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш ҳамда вилоятда юритилаётган ахборот сиёсати сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги каналларда вилоятда амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини кенг ёритиш мақсадида яқинда Навоий вилояти телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар медиа маркази”да ўтказилган мазкур мулоқотда матбуот котиблари 2022 йилда ёритиладиган тадбирлар режаси билан иштирок этди.

Дастлаб, вилоят телерадиокомпанияси бош директори Ғулом Султонов телевидениеда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, матбуот хизматлари ва телевидение ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик борасидаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари хусусида батафсил тўхталиб, тизимда моддий-техник имкониятлар оширилаётганига эътибор қаратди.   Шунингдек, 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йил режалари борасида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

— Бугуннинг ўзида Қизилтепада 5 га яқин янги боғча очилмоқда, Нуротада эса замонавий “Маданият уйи” фойдаланишга топшириляпти, — деди телевидение раҳбари. — Бу аслида вилоятимиздаги барча янгиликнинг ўзигина эмас. Чекка ҳудудларимизда айниқса, янада кўпроқ янгиликлар бўлмоқда. Албатта, буларнинг барчасини телевидениеда ёритишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бироқ, айрим ҳолларда муҳим жараёнлар хусусида аҳолини шу куннинг ўзида хабардор қилиш борасида камчиликларимиз бор. Сабаби матбуот котиблари ўз ҳудудлари ёки тегишли тизимда ўтказиладиган йирик тадбирлар хусусида йиллик ё чораклик режа тузиб, вилоят телевидениесига тақдим этишса, биз шунга қараб ижодий гуруҳни тақсимлар эдик ва вилоятдаги барча жараёнларни қамраб олиш имконияти туғиларди. Бугунги тадбирдан мақсад ҳам матбуот хизматлари билан ана шундай келишувга эришишдан иборат.

Қайд этиш лозим, вилоят телевидениеси эфирлари мазмун-моҳияти ижобий жиҳатдан тубдан ўзгариб бормоқда. Бунга эса ёш, иқтидорли, креатив фикрловчи йигит-қизларни ижодий жараёнга жалб этиш орқали эришилмоқда. Яқинда телевидение томонидан кастинг эълон қилиниб, журналистикага қизиқувчи 80 нафардан зиёд ўғил-қизларнинг маҳорати кўздан кечирилди. Бугунги кунда ёшларбоп, шунингдек, ўзбек, рус, инглиз ва қозоқ тилларида кўрсатувлар тайёрлашга киришилган. Бу борада Навоий давлат педагогика институти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Очиқ мулоқот жараёнида бир қатор иштирокчилар ҳам сўзга чиқиб, ўз мулоҳаза ва фикрларини билдирди.

— Матбуот хизматлари вакилларининг, хусусан, телеоператорларининг вилоят телерадиокомпа­ниясида малакасини ошириш таклифини билдирдик, — дейди Конимех тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Отабек Жангиров. — Бу алоҳида инобатга олиниб, 2022 йилдан тегишли ўқувлар ташкил этилишига келишиб олинди. Бу албатта, бевосита матбуот хизматлари томонидан тайёрланган материаллар ҳам вилоят телевидениеси орқали эфирга берилиши, кўрсатувлар хилма-хиллиги ошишига хизмат қилади.

— Эътироф этиш жоизки, вилоят телевиде­ниеси ва матбуот котиблари ўртасидаги бундай очиқ мулоқот Навоийда илк бор ўтказилмоқда, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов. —Анжуман давомида матбуот котиблари томонидан бир қатор таклифлар ўртага ташланиб, уларнинг ташаббуслари инобатга олинди. Эндиликда вилоят телевидениеси, журналистлар уюшмаси ва ҳокимлик ҳамда корхона-ташкилотлар томонидан меморандумлар имзоланиб, 2022 йилда тегишли вазифалар амалга оширилади.

Матбуот анжумани сўнгида иштирокчилар “Ёшлар медиа маркази”нинг замонавий студиясини кўздан кечириб, бу маскандаги мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − five =