Кадастр машмашаси

Қон босими юқори бўлганларга ўқиш тавсия этилмайди

 

Аслида воқеа анча олдин бошланганди.

2019 йилнинг 15 май куни эди. Дарвоза зулфи аста тақиллади. Чиқдим. Икки ёш йигит билан салом-аликдан сўнг кадастр идорасидан келишганини айтиб, уйга киришга рухсат сўрашди. Бирдан ишни бошлаб юборишди. Метр олиб ҳар бир қарич ерни, хоналарни ўлчай кетди. Шунда: “Йигитлар, бир дақиқа тўхтанг” дедим-да, ичкарига кириб уй чизмаларини олиб чиқдим. Улар: “Дода, бу ҳужжатни отворсангиз ҳам бўлади”, де­йишди. “Илгари шу қилаётган ишларингиз план чизиш дейиларди. Шунга қўшимча қилсанглар бўлди-ку”, дедим. Йигитлар менга парво ҳам қилмай ишда давом этишди.

“Пул пулни чақиради” деган гапга ишонасизми? Бўлмаган сафсата. Аммо қоғоз қоғозни чақириши эса бор гап экан. Нимага дейсизми? Унда эшитинг. Ер берилганлиги тўғрисидаги бир вароқ қоғоз билан Зангиота туман кадастр идорасига бордим. Кадас­тр ходими архивдан шу ҳақдаги маълумотнома олиб келишимни тушунтирди. Қишлоқдан чиқиб шаҳар оралаб архив қайдасан, деб йўлга тушдим. Ҳужжатни олиб яна кадастр идорасига келдим. Кадас­трчи маҳалла идорасидан далолатнома олиб келишимни айтди. Маҳалла оқсоқолидан далолатномани олдиму, кадастрчига учиб бордим. “Энди, отахон, — деди у, — хабарингиз бор, сизлар яшаётган Зангиота тумани Сергели туманига ўтди. Ўн кун кеч қолдингиз. Биз кадастр қилолмаймиз” деса бўладими. “Маслаҳат бер, мен қаёққа борай, қишлоқдан шаҳарга шаҳардан қиш­лоққа кезиб ўрганиб қолдим”, дедим.

Кадастрчи: “Таваккал қилиб ягона дарчага бориб ҳужжатларни кўрсатинг, ишингиз балким ўхшаб қолар”, деди. Бир зум ўтмай “ягона дарча”да пайдо бўлдим. У ердагилар ҳужжатларни бирин-сирин кўриб, Сергели кадастрига борасиз, биз буни қабул қилолмаймиз дейишди. Сергели кадастрига келдим. Бир йигит сарғайиб кетган қарорга кўз ташлади-ю, қўлини бир нима тишлаб олгандай сакраб менга зардалироқ қараб: “Вой, отахон бу колхоз-ку, умуман кадастр қилиб бўлмайди”, деб қайтариб берди ва судга мурожаат этишимни айтди. Биргина қарор ҳужжати идорама-идора юравериб, бир папкага сиғмай қолди. Қоғоз қоғозни чақиришига ана шунда ишондим.

Хуллас судга келдим. Судья қизчанинг савол-жавоби кадастрчиникидан ўтиб тушди. Қизча қоғозларни кўздан кечиргач, менга қараб: “Онангиз номига қарор чиққан экан. Уларнинг паспортидан нусха керак”, деди. “Кечирасиз, онам Оллоҳга омонатларини тоширганларига бир йил бўлди” десам, “Унда ўлимлари ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини олиб келасиз. Шундан сўнг ер кимга тегишлилиги ҳақида судга даъво аризаси киритамиз”, деди.

Шунда: “Кечирасиз, қарор билан яхши танишмадингиз чоғи. Қарорда онам ерни совға тариқасида менинг номимга расмийлаштириб берган. Зангиота туман кадастри Сергелига борасиз деди. Улар мени сизга юборишди”, дедим. Қизча ўзидан уялиброқ, ундай бўлса Зангиота кадастрига бориб кадастр чизмасини Сергели туманига ўтганлиги сабабли ҳужжатларни қабул қилмагани ҳақида ёзма баённома олиб келишимни айт­­ди.

Бу машмашалар, сарсон-саргардонлик­ларнинг охирини билолмай қолдим.

Ташқарига базўр чиқдим. Атрофдаги бинолар, йўлдаги машиналар, дарахтлар, одамлар, еру кўк чирпирак бўлиб айланиб, бошимга қулаётгандек эди. Аранг бир темир панжарани ушлаб туриб қолдим. Бир йигит, мени кузатиб турган экан чоғи, ёнимга келиб елкамдан суяб: “Отахон, яхшимисиз, нима ёрдам керак” деганини базўр эшитдим. У сув қуйиб узатди. Бироз ўзимга келдим. Бекатдан шаҳар транспортига ўтириб, маҳалла гузарига етиб келдим. Минг бир хаёл билан келаётиб таниш акахон билан учрашиб қолдим. Унга бор дардимни тўкиб солмоқчи бўлдим. У мени тушунди чоғи, гапимни бўлди: “Ўзингни қийнабсан-да. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” дейишади. Шундоқ қўшнингга айтсанг бўлди эди. Ишинг ҳал бўларди-қўярди”, деди. “Ахир, унинг ҳеч қандай маълумоти бўлмаса, кадастрдан бехабар бўлса” десам, нима дей­ди денг, рози қилсам уч кун деганда уйнинг чизмаси қўлимда бўларкан. Ахир бу турган- битгани коррупция эмасми.

Уйга кирдиму, ўзимни тўшакка отдим. Оилада бир ҳамшира бўлгани яхши экан. Келиним дарҳол қон босимимни ўлчади. Бир юз тўқсонга чиқиб кетибди. Тил тагига пахтага шимдириб қандайдир аччиқ томчи ташлади. Кўп ўтмай дунё кўзимга гўзал бўлиб кўриниб кетди.

Уй ҳужжатларимни э, нима бўлса бўлсин деб, ўйламай қўйдим. Эсимга тушса, бирор йўли топилиб қолар дея ичимда ўз-ўзимга таскин берадиган бўлдим.

Асрор СУЛАЙМОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 2 =