Мавзу керакми?

Янги йил оқшомидаги ўйлар

 

Журналистика факультети талабалари мендан мақола учун мавзуни қандай топишимни тез-тез сўрашади. Ўқишни битириш арафасида турган талаба: “Устоз, менга бирор мавзу беринг, мақола ёзмоқчиман” деса, аччиқроқ бўлса-да, “Энди кеч, тўртинчи босқичда шу саволни бериш – журналист чиқмаслигининг белгиси”, дейман. Аччиқ гап, аммо яшириб бўлмайдиган ҳақиқат.

Журналист воқеа-ҳодисаларни ижод кўзи билан кўради, маъно-моҳиятини англайди, бошқалар кўрмайдиган, ҳис этмайдиган ҳолатлардан таъсирланади. Шу таъсир натижаси ўлароқ мавзу пайдо бўлади.

Бир йили Шри Ланканинг Канди шаҳрида бир гуруҳ журналистлар ўзимиз қилмаган гуноҳ учун роса мулзам бўлганмиз. Бир гуруҳ ҳамкасблар шу ғаройиб мамлакатга саёҳат қилгандик. Кандидаги машҳур ботаника боғини томоша қилмоқчи бўлдик. Аммо боғ маъмурлари бизлар собиқ “совет юниони”дан келганимизни билиб, ичкарига киришимиз учун анча вақт рухсат бермай туришди. Бунинг сабаби, москвалик сайёҳлардан бири бу ердаги ноёб дарахтнинг баргига “Слава КПСС”­ деб ёзиб кетган экан. Боғбонлар касаллик тарқамасин деб жароҳат етказилган дарахтни иситма қилаётган бемор боладай ўраб қўйишибди. Бу во­қеадан таъсирланиб, “Бемор дарахт” номли мақола ёзганман.

Ён дафтаримда шундай ёзув бор: “Илмий изланиш олиб бораётган япониялик   олимлар баланд тоғ тепасида бир неча кун кузатув ишларини олиб боришади, ноёб тоғ жинсларидан намуналар йиғишади. Совуқ кучайиб, шамол ­увлай бошлаганида, кўчларини йиғиштириб, пастдаги лагерга қайтмоқчи бўладилар.   Аммо юклари оғирлик қилади. Шунда улар йиғилган тоғ жинсларини эмас, айрим тадқиқот асбобларини матога ўраб, шу ерда қолдиришади, шиша ва пластмасса идишлари, консерва банкалари, озиқ-овқат қолдиқларини эса ўзлари билан пастга олиб тушиб, ахлат тўкиладиган жойни қидириб кетишади”.

Бошқа бир воқеа. Шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушган қиз эрта азонда, одатга кўра, ҳовлини супуриб-сидиради, ахлатни куёвнинг уйи ёнидан оқиб ўтадиган ариққа тўкади.

Маҳаллада “Фалончининг келини ахлатни сувга тўкибди”, деган гап-сўз кўпайиб, уч кунлик келин уйига қайтиб кетади.

Шу икки воқеа асосида “Тоғлар мадад сўрайди”, “Келинчакнинг кечирилмаган хатоси” сарлавҳали мақолалар ёзган эдим.

Журналист ўзи ишлаётган газета ёки журнал билан бирга, бошқа манбаларни ҳам ўқиб туриши, бирор воқеа ёки муаммони ким қандай ёритгани, ҳамкасблари қандай ишлаётганини кузатиб бориши керак.

“Ишонч” газетасида журналист Алижон Абдураҳмоновнинг бир-икки сатрли митти қатраларини ўқиб қолдим: “Кино қанчалик ҳаётий бўлмасин, ҳаёт кино эмас”, “Оти борларнинг ҳаммаси ҳам от боқмайди”, “Гул билан кутиб оламиз, гулдаста билан кузатамиз”. Бир қарашда жуда оддий, кўпчиликка маълум фикрлар, аммо ҳар бирининг таг замирида чуқур мушоҳада, ҳаётий умумлашма бор.

“Қулликдан қутқар, қулинг бўлойин”. Шу бир сатр­нинг ўзига юз саҳифа шарҳ ёзиш мумкин. Кимнингдир зулмидан қутулмоқчи, озод бўлмоқчи, одамга ўхшаб эмин-эркин яшамоқчи бўлган одам… қул бўлишга рози. Ёмғирдан қутулиб, қорга тутилмоқчи. Нима қилиб бўлса-да, озодликка чиқиши керак, аммо ниманинг ҳисобига?

Бир вақтлар – собиқ иттифоқни Хрушчев деган деҳқонсифат одам бошқарган кезлари, мамлакатда порахўрлик роса авжига чиққан. Бусиз ҳеч бир иш битмаган. Биринчи раҳбар чўқмордай мушти билан столни зирқиратиб, “Бу нима деган гап, ҳаммаёқда порахўрлик, узат-узат, чўз-чўз, бу иллатдан зудлик билан қутулишимиз керак. Бугундан бошлаб ҳамма раҳбарлар – вазирлар, прокуратура, суд ишга киришсин, навбатдаги йиғилишимизда бу топшириқ қандай бажарилгани тўғрисида   менга шахсан ахборот берасизлар”, дейди. Аммо кейинги йиғилишда ҳам, ундан кейингиларида ҳам ҳеч бир раҳбар оғиз очмай тураверади. Чунки, порахўрлик кучайса кучаядики, асло йўқ бўлмайди. Хрушчевнинг жаҳли чиқиб, “Сен ландовурларга оддий бир ишни ҳам топшириб бўлмайди, бу иш билан   ўзим шуғулланаман”, дейди. Йиғилиш Хрушчевнинг: “Порахўрликни таг-туги билан йўқотсам менга қанча узатасизлар?”, деган саволи билан тугайди.

Кимгадир шунчаки сўз ўйинидай туюлиб кетадиган бу гап ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Собиқ жамият ҳаётида шундай дейишга асос бор эди. Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш бошланган, бу қабиҳ иллатдан қутулишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланаётган экан, журналистлар, оммавий ахборот воситаларининг   кўзи янада зийрак бўлиши керак.

Газета-журналларнинг таҳририятларига одамлар турлича мурожаатлар билан келишади. Қайси бир жойда калондимоғ раҳбар уларни қабул қилмайди, дардини эшитмайди, қайси бир ташкилотда ижтимоий адолат талаблари бузилгани бузилган, кимдир ҳалол меҳнати билан топган пулини (иш ҳақини) ололмаётир. Кимдир даволанишга, уй-жойга, меҳр-мурувватга муҳтож. Кимдир қилмаган айби учун айбланмоқда, қонунбузар қолиб, уни суд­рашмоқда. Бир жойда ноқонуний қурилиш, бошқа бир жойда ер деҳқонга эмас, умрида дала кўрмаган одамларга берилмоқда. Бирор нима узатмасанг, минг югурганинг бефойда.

Бундай одамларни эшитишнинг ўзи катта гап. Аммо… кимни биринчи бўлиб эшитсанг, у ўта жабрдийдага ўхшаб кетади. Адабиёт газетасида (“Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетаси. Таҳ.) ишлаган йилларим шикоятчиларни уззу-кун тинглаган пайтларим кўп бўлган. Фақат… уларнинг ҳеч бири кимнидир айблаш баробарида, “Очиғи, мендан ҳам озроқ айб (камчилик) ўтган, хато қилганман, адашганман, ўзимни тутолмаганман”, деган эмас. Бунисига майли, аммо ҳақиқат, адолат излаб келган кишилар орасида “Ёрдам беринг, қанча харажат бўлса, мана, мен тайёрман”, дегувчилар ҳам оз эмасди. “Ўлма, харажат” деган мақоламни шу мушоҳада билан ёзганман.

Алижоннинг яна бир қатраси: “Кўтарилиш учун эгилма, кўтариш учун эгил”. Бор-йўғи бешта сўз. Шундай яшалган, яшалаётган умрлар борки, уларнинг эгалари   бошқалардан кўра баландроққа кўтарилиш, ёғли лавозимларни эгаллаш, ўзлари учун шоҳона шароит яратиб олиш, бир сўз билан айтганда –   ҳамиша эътиборда, олдинги қаторда бўлиш ҳақида ўйлашади. Умрни шунга сарфлашади.

Бошқа бир тоифа одамлар ўзларини ўзлари яккалаб, дунёга зарда қилиб, кўринган одамга нолиб, дилини сиёҳлаб яшашади. Ҳамма ёмон, ҳамма иш нотўғри, ҳаммаси ишкал. Бундайлар бирор жойга ўт кетса, ўгирилиб қарашмайди ҳам. Аммо… қачон ва қаерда ҳозир бўлишни, кимга салом бериш, “эгилиш”ни ўрнига қўйишади. Зиғирдек манфаат учун отдан эмас, филдан тушишга ҳам тайёр. “Бу одамни, асли, жиним суймайди, аммо тўғоннинг бошида турибди-да, ҳар эҳтимолга қарши қуллуқ қилиб турганим маъқул”, дейишади. Бу – уларнинг бош фалсафаси. “Чеккадаги одам” сарлавҳали мақолам шундайларга бағишланган: “Ўзини чеккага олган одам ҳеч нарсага жавоб бермайди, зиммасида ҳеч қандай масъулият йўқ. Нега шундай десангиз, бамайлихотир: “Ҳа, энди биз − бир чеккада турган одам бўлсак. Ана, бошқалар бор-ку”, дейишади.

Не бахтки, миллатнинг, эл-юртнинг, ҳеч бўлмаса маҳалланинг бирор муаммосини ҳал қилмаса кўнгли хотиржам бўлмайдиган, шу ишидан ҳаловат топадиган, виждони олдида азобга қолишдан қўрқадиган одамлар бор.

Уларнинг ҳар бири ҳақида адоқсиз ёзиш мумкин.

Бир йили йўловчи машинада водийга бордим. Кўринишидан камгап, суҳбат-ҳангомага йўқроқ бир киши ҳамроҳим бўлди. Анча вақт жим кетдик, қарасам, манзилга етгунимизча ҳам ҳеч биримиздан садо чиқмайди. Чидамай, ўзим гап бошладим. Бир-иккита латифа айтдим, мийиғи кўтарилгандай бўлди. Шунинг ўзи кифоя дедим-да, ким бўлиб ишлашини сўрадим. – “Олти фарзанднинг отаси” вазифасида ишлайман”, деса бўладими?   Ҳа, айнан шундай деди. Бундай жавобга қизиқиб қолганимни кўриб, янада муҳим гап айтди. Маъноси: болалар ҳовлида ёки бошқа бир жойда ўзаро жанжаллашиб қолишса, ота-оналар аксарият ҳолларда айбни қўшнининг боласига тўнкашади, “Шу ярамасга қўшилиб, қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган болам бузилди-я”, дейишади, аммо ҳеч вақт “Айб менинг зумрашамдадир, балки у бошлагандир”, дейишмайди…

Манзилга етгунча “Болангизни биласизми?”, деган мақолани хаёлимда ёзиб тугатдим, қоғозга кўчириш қолди, холос. Тошкентга қайтгач, янада пишитиб, оққа кўчираётганимда бошқа бир фикрни ўқиб қолдим. Ишонинг, вужудим титраб кетди. Нима эди ўша фикр?

Болалар боғчасида узоқ йиллар ишлаган тар­биячи аёл ота-оналар кечки пайт фарзандларини уйга олиб кетаётиб, тарбиячига қандай савол бериш­ларини ўрганибди. Юздан тўқсон тўққиз ҳолатда улар болаларининг иштаҳасига, қандай овқат еганига қизиқишар экан. Йигирма йил ичида бирорта она ёки ота: “Болам қизғончиқ эмасми, қўғирчоқ, ўйин­чоқ талашмайдими, ўзидан кичикларни хафа қилмайдими?”, деб сўрамаган экан.

Мақолани шу фикр билан бойитиб эълон қилдим. Ҳар замон — ҳар замонда унга кўз ташлаб тураман.

Кўп йиллик одатимга кўра бу йил ҳам Янги йил оқшомини бедор кутиб олдим. Президентимизнинг халқимизга йўллаган Янги йил табригини эшитдим. Дунё дунё бўлганидан бери ислоҳот деган сўз оғиздан тушмайди. Ҳар бир раҳбар жиддий ўзгаришларга қўл уради. Аммо… уларнинг кўпи натижа бермайди. Бунинг боиси – кўп ҳолларда ҳокимият бошқарувига келган етакчилар тарихга ислоҳотчи сифатида киришни ўйлайди, холос. Яъни ислоҳот инсон учун эмас, ислоҳотчи деган ном учун бошланади. Инсон қадри, шаъни, роҳат-фароғати, ҳаётидан розилиги, фарзандларининг камоли билан уйғунлашмаган ҳар қандай ислоҳот, у қандай номланишидан қатъи назар, қоғозларда қолиб кетади, ҳаётни эмас, сохта ҳисоботларни безайди. Бу безак бора-бора катта алдовларга олиб келади. Агар мендан ҳамон иккиланаётган айрим ўзимизникиларми, қизиққон хорижликларми: “Ўзбекистоннинг янги даври нимадан бошланди?”, деб сўрашса, бетўхтов: “Инсон номини улуғлашдан, қадди-бастини тиклашдан, халқ дардини тинглашдан, очиқ мулоқотдан бош­ланди”, дер эдим, албатта.

Янги йил оқшомида хаёлимдан кўп нарсалар ўтди. Таниқли шоир ва таржимон Абдулла Шернинг тишли-жағли суҳбатини диққат билан тингладим. Файласуф олим: “Олий ўқув юртларида ҳар йили фалон мингта мутахассис тайёрланмоқда”, деган гапни кўп эшитамиз. Аммо бу   даргоҳларда ҳар йили қанча имони бут, кўзи тўқ, миллий туйғуси, инсоний ғурури баланд ёшлар тайёрланишини билмаймиз. Ўқув юртларининг бирламчи вазифаси шу эмасми?”, деди. Икки кун аввал Ёзувчилар уюшмасининг махсус мукофотига сазовор бўлган ижодкор хўб гапни, бугуннинг бош гапини айтди. Хорижий ўқув юртларидан бирида, аниқроғи, унинг бир факультетида ҳар йили икки мингга яқин талаба тасвирий санъат, мусиқа, театр соҳаларини ўрганишар экан, уларнинг ҳаммаси санъаткор, мусиқашунос, театр актёри бўлмайди, албатта, аммо шу фанларни ўқиб, энг аввало, Одам бўлади, Инсон сифатида шаклланади”, деди шоир. Мана, тадқиқот мақола учун мавзу. Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош бундан бир муддат аввал: “Болаларни мактабга эмас, мактабни бугунги болаларга мослаш керак”, деганди. Олий таълимни ҳам, дейман мен. Чунки бу иш олий таълимда бошланди.

Бир ҳафта аввал Миллий университетда йил якунига бағишланган йиғилиш бўлди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, университет ректори Ином Мажидов сўзга чиқишди. Ҳар икки нотиқ йиғилганлар олдида маъруза қилишгани йўқ, камдан-кам учрайдиган ҳолат – мажлис эмас, самимий дил изҳори бўлди. Вазир “Дашном беришдан фойда йўқ, келинглар, кўнглимда борини айтай. ЎзМУ рейтинги кўтарилиб бораётганидан хурсандмиз. Бундан буён кўп ваколатлар ўзингизда бўлади. Дастурларни, ўқув режаларини, қандай фанлар ўқитилишини, дарс соатлари ҳажмини ўзингиз тузасиз, ўзингиз тасдиқлайсиз”, деди.

Жуда ёруғ, алпомиш гап бўлди. 1969 йили университетнинг биринчи курсига қабул қилинганимизда, домлаларимиздан бири: “Сизларга ҳавасим келади. Мана, яқинда журналистика факультетининг босмахонаси ишга тушади. Шу ернинг ўзида амалиёт ўтайсиз, газета чиқарамиз, биринчи китобларингиз босилади”, деган эди. Эллик тўрт йил бурунги гап бу. Одамлар бундан уч минг йил аввал ҳам янада яхши кунлар келишини орзу қилишган. Келинг, биз ҳам орзулашда давом этайлик.

Бир ҳукмдор салтанат ҳудудини   кенгайтириш мақсадида юриш бошлаган экан. Йўл-йўлакай не-не юртларни ўзига бўйсундирибди, кўпдан-кўп ўлжа олибди.   Юриб-юриб, бир юртнинг ҳудудига яқинлашибди. Хуфяларидан бу қандай юртлигини сўраган экан, улар бу жойни аёл киши бошқаришини айтишибди. Ҳукмдор ўйланиб қолибди, кўнглига: “Борди-ю енгсам, “Кучи аёл кишига етибди-да”, дейиш­лари, енгилсам, устимдан кулишлари мумкин“, деган фикр келиб, бу юртни айланиб ўтиб кетган экан. Бу ҳам мавзу. Мавзуларнинг шоҳи.

Паҳлавон Маҳмуд ўзига муносиб, номдор, шер­юрак рақиблар билан курашга тушиши ҳақида ўқиганман. Нима, бу мавзу эмасми?!

Мавзу ҳақида яна кўп ёзиш мумкин. Икки кун аввал бир касбдошим мавзу излаб, таҳририятга келди. “Қўлим қичиб турибди, бир нималар ёзмоқчиман”, дейди. Мен унга: “Ҳозир “Халқлар дўстлиги” чорраҳасига қайтинг-да, кўчанинг ўнг томонидан Чилонзор тарафга юринг, ҳеч бўлмаса “Семон кўприк”кача боринг, қани, қандай бораркансиз”, дейман.   Бугуннинг муҳим мавзуларидан бири шу ерда: уддабурон тадбиркорлар одамлар юрадиган, болалари билан кеч оқшом сайр қиладиган йўлакларни тўсиб, темир панжаралар билан ўраб, савдо қилишмоқда. Бир-икки жойдан энгашиб, қимтиниб ўтса бўлади, бошқаларида серқатнов кўчага чиқишга мажбурсиз. Фақат шу кўчада эмас, шаҳарнинг бошқа жойларида ҳам йўлак­лар инсофсизларча ўзлаштирилмоқда. “Тротуар қаёққа кетди?” деб ёзса бўладими? Нега бўлмас экан?

Мавзу. Нега қор ёғмаяпти, унинг ўрнига зарарли чанг-тўзон кўтарилмоқда? Сохта ноширлар чала-чулпа китобларни нега ҳеч кимдан ҳайиқмай босиб чиқаришмоқда? Эмлашдан бош тортаётганларнинг муддаоси нима? Ўрта бўғин раҳбарларидан бири мамлакат тиббиётини коррупция ботқоғига энг чуқур ботган, деб айтибди. Эллик йилдан бери докторлик халатини эгнидан ечмай келаётган таниқли врачнинг фикрича, соҳада камчилик ва нуқсонлар бор, албатта. Аммо масалан жарроҳ   уч-тўрт соат, баъзан бундан ҳам кўп вақт оёқда тик туриб ишлайди, пешонасидан маржон-маржон тер тўкиб, ўлим билан юзма-юз олишади, жонини ҳовучлаб, қон чангаллаб пул топади, креслода ялпайиб ўтириб, битта шартнома ёки келишувга чамбаракгулчин имзо чекиш билан эмас. Бу ҳақда нега ёзмаймиз?

Шундай мавзулар борки, уларга бепарволигимиздан уялишимиз керак…

Янги йилнинг биринчи тонги оқара бошлади. 2007 йили чоп этилган “Қирқ бешинчи бекат” номли китобимнинг сўнгги жумласи: “Салом, янги тонг, ижод умримнинг янги саҳифаси”, деган сўзлар эди. Шу сўзларимни эсладим ва “Салом, янги тонг, янги мавзулар”, дедим ўзимга ўзим.

Аҳмаджон Мелибоев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =