Мен дардимни кимга айтай?

Ҳурматли таҳририят!

Мен “Hurriyat” газетасининг кўп йиллик ўқувчиси бўлганим учун бошимга тушган бир мушкул иш юзасидан сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

Аввало шуни айтишим керакки, 1995 йилда таниқли олима, истеъдодли библиограф, педагогика фанлари номзоди, доцент Ҳамрохон Маматраимова билан турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечирдик. Ўз касбининг билимдони, фидойи инсон, юзлаб илмий мақолалар ва китоблар муаллифи, юзлаб, минглаб шогирдларнинг устози Ҳамрохон Маматраимова 1952 йилда Андижонда туғилиб вояга етди, ўрта мактабни битириб Намангандаги маданият техникумининг кутубхонашунослик бўлимини имтиёзли диплом билан тамомлаб, Тошкент педагогика институтининг кутубхонашунослик факультетида таҳсил олди. Сўнг Москва давлат институтининг аспирантурасида ўқиб, педагогика фанлари номзоди даражасига эга бўлди. Тошкент маданият институтида 35 йил ўқитувчи, бўлим мудири, аспирантура бошлиғи вазифаларида самарали ишлади.

2012 йил 26 сентябрда Ҳамрохон ишда вазифасини бажараётган пайтда юрак етишмовчилиги касали билан вафот этди. Шундан сўнг мен учун ташвишли кунлар бошланди. Турмуш ўртоғимдан ажралганим етмаганидек, менга: “Уйни бўшатиб бер”, деган қўнғироқлар, уйимга бостириб киришлар авж олди.

Биз Ҳамрохон Маматраимова билан ўша пайтда Маданият вазирлиги томонидан берилган Юнусобод тумани 4-даҳа,34-уй, 54-хонадонда 18 йил бирга яшадик, афсуски, фарзандли бўла олмадик. Лекин ушбу   хонадон 1993 йилда икки кишига, яъни Ҳамрохон Маматраимовага ва Зуҳра Бердиевага берилган бўлиб, Ҳамрохон Маматраимова номига расмийлаштирилган эди. Улар бу манзилда бир неча   йил бирга яшаганлар.1996 йилда З.Бердиевага Маданият вазирлиги томонидан Юнусобод туманидаги айни шу уйдан икки хонали квартира (4-даҳа, 34-уй, 23-хонадон) берилгандан сўнг 1997 йили у биз яшаётган квартиранинг пропискасидан чиқиб кетди ва 16 йил давомида, яъни турмуш ўртоғим ҳаётлик пайтларида бирон марта ҳам биз яшайдиган квартирага даъво қилгани йўқ ҳамда коммунал тўловларни тўлашда иштирок ҳам қилмаган. Аммо турмуш ўртоғим вафот этганидан сўнг З.Бердиева квартиранинг 50 фоизига даъво қила бошлади. Ўз мақсадига эришиш учун Ҳамрохоннинг қариндошларини ҳам ишга солди. “Сенинг бу уйда ҳақинг йўқ! Шунинг учун уйни сотиб, ярим пулини З.Бердиевага беришинг керак” дейишди улар. З.Бердиева эса: “Мен бу уйнинг ҳеч бўлмаганда битта хонасини Ҳамрохоннинг   қариндошларига олиб бераман” деб оёқ тираб туриб олди.

Шундан сўнг Юнусобод туман прокурори номига шикоят ариза ёздим. Юнусобод туман прокурори Ш.Р.Акбаров 2013 йилда аризамга қуйидагича жавоб берди: “Марҳума Маматраимова Ҳамрохон ўзига тегишли   бўлган Юнусобод тумани 4-даҳа, 34-уй, 54-хонадонни ҳеч кимга васият қилмаганлигини инобатга олиб, унинг турмуш ўртоғи сифатида Сиз томонингиздан мазкур хонадонни мулк ҳуқуқи билан номингизга расмийлаштириб олиш учун монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд эмаслиги ҳақида маълум қиламиз…”

Мен муаммони ҳал қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича Юнусобод туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилдим. Аммо суд 2016 йилнинг март ойида З.Бердиевани мулкка улушдор деб топиб менинг даъво талабимни рад этиб, ҳал қилув қарори чиқарди. Апелляция инстанцияси эса   ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Шундан буён турли идораларга ёзган аризаларим ҳам натижа бермаяпти.

Юқорида айтганимдек, З.Бердиевага 1996 йилда алоҳида квартира берилганлиги учун у биз яшаб турган хонадондаги пропискасини ўчириб чиқиб кетган ва ўзига давлат томонидан берилган хонадонни сотиб, ҳозирги пайтда турмуш ўртоғининг уйида яшамоқда. Шунга қарамай   суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар “Сиз яшаб турган уйда З.Бердиеванинг ҳам улуши бор” дея кўр-кўрона айтишаётганлиги кишини ажаблантиради. Наҳотки унга давлат томонидан квартира берилганлиги ва уни аллақачон сотиб бўлганлиги “улуш” ҳисобига ўтмайди?

Умид қиламанки, бир кунмас бир кун менинг ишимда адолат қарор топишига ишонаман. Шунинг учун ҳам   севимли “Hurriyat” газетаси саҳифасида юрагимни қийнаётган муаммо ҳақида очиқ-ойдин ёзишга аҳд қилдим.

Ўз навбатида ушбу мурожаатимга мутасаддилар эътибор қаратишидан умидворман. Менга боғлиқ масалага юзаки қараб ажрим чиқарган фуқаролик ишлари бўйича Юнусобод туманлараро суди ва Апелляция тартибидаги мурожаатимга берилган жавобдан мутлақо қониқмадим. Керак бўлса, Олий суд эътибор қаратишини, масалага адолатли ҳал қилувчи ҳужжат чиқарилишини истайман.

Парҳод САФАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 7 =